Инсон ва қонун ОҒУФУРУШ ЖАЗОСИНИ ОЛДИ

Судланувчи Давлат Алиев (исми-шарифи ўзгартирилган), асли ургутлик, 3 нафар фарзанднинг отаси, ишсиз. У ҳеч қаерда ишламасдан моддий бойлик орттиришни кўзлаб, қонунга хилоф равишда кўп миқдорда гиёҳвандлик воситасини сотган. 2023 йил 17 декабрь куни соат 10:00 ларда Ургут тумани, "Қуйиқишлоқ" маҳалласи ҳудудида таниши Нуробод тумани, "Сарой" маҳалласида яшовчи Х.Х.га 300.000 сўмга тахминан оғирлиги 0,02 грамм "героин" гиёҳвандлик воситасини сотади. 

2023 йил 17 декабрь куни соат 17:00 ларда Нуробод тумани ҳудудида ўтказилган "Қорадори-2023" тезкор тадбири давомида туман ИИБ ва ДХХ Нуробод тумани ходимлари томонидан фуқаро Х.Х.нинг ёни шахсий тинтув қилинганда, Х.Х. таниши А.Д.дан сотиб олиб истеъмолдан қолган 1 дона оқ рангли целофан пакетга ўралган 0,01 граммга тенг "героин" гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Бундан ташқари, судланувчи Давлат Алиев, ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, келгусида кўп миқдорда гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадини кўзлаб, таниши Х.Х.га сотганидан қолган соф оғирлиги 0,06 грамм кўп миқдорда "героин" гиёҳвандлик воситасини ётоқхонасининг дераза ромида сақлаб келганлиги 2023 йил 20 декабрь куни соат 19:00 ларда Нуробод тумани ИИБ ходимлари томонидан унинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжаликларида ўтказилган тинтув жараёнида аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган ва шу сабабли у ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, ушбу 0,06 грамм кўп миқдоридаги "героин" гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиш жиноятини охирига етказа олмаган. 

Судланувчи Давлат Алиевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташлик учун узил-кесил 7  йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тўрабек АМИНОВ,

                                               туман прокуратураси катта нозири.