СОҒЛОМ АЁЛ СОҒЛОМ ЖАМИЯТ ДЕМАКДИР

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, оммалаштириш ҳамда уни умуммиллий ҳаракатга айлантириш фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг баркамол вояга етишида муҳим омил ҳисобланади. Шу боис юртимизда жисмоний тарбия ҳамда спортга давлат сиё-сатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбек спортчиларининг халқаро майдонларда юксак натижаларга эришиб келаётганларининг муҳим омилларидан бири бу хотин-қизлар ўртасида оммавий спортга алоҳида эътибор қаратилаётганидадир. 
Туманимиздаги мавжуд 35 та маҳалла фуқаролар йиғинларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон Фармони билан қабул қилинган "2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш буйича Миллий дастур"нинг 60-банди ижросини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда йил давомида хотин-қизлар ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида "Спорт нафислик - соғломлик манбаи" шиори остида тонгги юриш ва бадантарбия машқлари мунтазам ўтказилмокда. Бунинг натижасида хотин-қизларнинг 83 фоизи спорт билан шуғулланаётган бўлса, оммавий спорт билан шуғулланувчи хотин-қизлар 18000 нафарни ташкил этади.
2022 йил давомида хотин-қизлар ўртасида волейбол, баскетбол, стол тенниси, бадминтон, югуриш, футбол мусобақалари ўтказилган ва 32700 нафар хотин-қизлар ушбу спорт мусобақаларига жалб этилган. 
Яқинда гимнастрада бўйича хотин-қизлар ўртасида спорт тадбири бўлиб ўтди. 35 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 350 нафар хотин-қизлар тадбирда фаол иштирок этдилар. 
Туманимиз хотин-қизлари орасида жаҳон ва Ўзбекистон чемпионлари борлиги қувонарли ҳол, албатта. Жумладан, Узунқишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Янгикент қишлоғида яшовчи Шоҳида Аҳме-дова Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, кураш спорти бўйича бир неча бор Ўзбекистон чемпиони ҳисобланади. Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Пахтаобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи қизимиз Маржона Маликова аёллар терма жамоаси сафида иштирок этди ва Ўзбекистон шахмат тарихига ёрқин натижалар билан кириб келди.
Туманимиз хотин-қизларини спортга жалб этиш борасида айрим камчиликлар ҳамда ечимини кутаётган муаммоларимиз ҳам учраб туради. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш лозимки, Муҳтарам Президентимизнинг 2022 йил               7 мартдаги "Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари" тўғрисидаги Фармонида Хотин-қизларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун ҳар бир маҳалладан 300 квадрат метргача бўлган ер майдонини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида маҳаллаларга ажратиш, маҳаллалар томонидан тикувчилик, қандолатчилик, фитнес, шейпинг, хотин-қизларни касбга ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижарага берилиши айтиб ўтилган. Лекин, бу борадаги ишларимиз талабга жавоб бермайди.
Спортни оммалаштириш ва бу орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ишлари шу тарзда оилаларга, маҳаллаларга кириб бормокда. Бу нафақат саломатлик учун, балки инсон ўзини ҳурмат қилиши ва чин маънода қобилиятларини рўёбга чиқариши ҳамда асоссиз қотиб қолган қарашларга қарши курашиш учун ҳам керак. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан билдирилишича, саломатлик бу "тугал жисмоний, ақлий ва ижтимоий фаровонлик ҳолатидир, фақат касаллик ёки заифлик йўқлиги эмас". Шунинг учун саломатлик инсоннинг ҳар томонлама фаровонлиги, унинг ҳаёти ва жамиятга узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкин.
Ана шундай тадбирлардан бири бу хотин-қизларимизни соғлиги борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунга келиб туманимиздаги маҳаллаларда навбатма-навбат хотин-қизларимиз тиббий кўрикдан ўтказилмокда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, спорт билан шуғулланаётган хотин-қизлар соғлом бўлиш билан бир қаторда, соғлом вазнга эга бўлади. Кейинчалик ҳаётида кўкрак саратони ва остеопороз - суякларда кальций моддаси камайиб кетиши хасталиги билан оғриш эҳтимоли камаяди. Шунингдек, сoғ-саломатлик оналар ва болалар ўлимини камайишига ҳам олиб келади. Зеро, соғлом аёллар авлоди соғлом фарзандлар ва соғ-лом жамиятни англатади. 
Юлдуз ЎРОҚОВА,
            туман ҳокими ўринбосари,  оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.