Хотин-қизларга эътибор кучайтирилмоқда

Кейинги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган янги босқичдаги туб ислоҳотлардан пировард мақсад, энг аввало, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқаришдан иборатдир. Бу борада хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, оила инс-титутини қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Мамлакатимиз хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни рағбатлантириш тўғрисидаги, Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияларга, Пекин платформаси ва Ҳаракатлар режаси каби халқаро ҳужжатларга қўшилди.
Шунингдек, бу борада миллий қонунчилик базаси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига ҳамоҳанг тарзда тобора мустаҳкамланиб бормоқда, ҳусусан, бу борада Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги, "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўра- вонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинди.
"Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонунда давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни, жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни кафолатлаши мустаҳкамлаб қўйилди.
Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбарининг бу борада кўплаб фармонлари ва қарорлари ҳамда ҳукумат қарорлари қабул қилинди.
Мисол учун, 2019 йил 7 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4235-сон қарори билан хотин-қизлар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқларнинг бекор қилиниши, аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхатининг тасдиқланиши, қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилиши, икки ёшга тўлмаган фарзанди бор оналар учун ўзига қулай вақтда танаффус белгиланиши, 60 ёшга қадар пенсия ёшидаги аёллар билан ёки муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинишининг тақиқланиши ҳамда судларда адвокатлар томонидан бепул  юридик хизмат кўрсатилиши каби енгилликлар яратилди.
Хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси кўмагидаги Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия тузилди.
Бундан ташқари, 2021 йил 5 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5020-сонли қарори ва ушбу қарор ижросини таъминлаш, шунингдек, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида 2021 йил 14 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг "Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги 210-сонли фармони қабул қилинди.
Президентимизнинг қайд этилган қарори билан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгиланди.
Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, жумладан ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширди.
Қарорга кўра, хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилди.
Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига ҳар йили 300 миллиард сўмгача миқдорда Давлат бюджети маблағлари ажратиб келинмоқда.
2021 йилда "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ва "Темир дафтар"га киритилган хотин-қизларга ипотека кредитлари бўйича бош-ланғич бадални тўлаб бериш ва ижтимоий уй-жойлар сотиб олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй-жой билан таъминлашга, отасидан айрилган, ёлғиз онаси қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга маблағлар ажратилди.
Охирги 4-5 йиллар давомида хотин-қизларга эътибор ҳамма саъй-ҳаракатларимиз марказида бўлиб келиши ҳаммамизнинг вазифамизга айланиб келмоқда. 
Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак бериш, эрта никоҳлар, ажрашишлар ва аёллар жиноятчилигининг олдини олишга эътибор кучайтирилди.
Республика, вилоят, шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталари тузилмаси тубдан такомиллаштирилди.
Барча маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутаҳассис лавозими жорий этилди.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, аёлларни оилавий ва ҳусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Хотин-қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, кам таъминланган оилаларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатиш, республика скрининг ва репродуктив марказлари хизматларини янада ривожлантириш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга ошириб борилмоқда.
Ш.РАҲМАТОВ,
туман юридик хизмат кўрсатиш 
маркази бошлиғи.