БИР УМРЛИК ҲАМРОҲИМ

Айни болалигим, ўқувчилик даврим, ўсмирлигим, ғайрат-шижоатга тўла талабалик олтин даврим, халқ таълими соҳасидаги бутун фаолиятим ижод билан, хусусан туманимизнинг ягона нашри бўлган "Оқдарё овози" газетаси билан чамбарчас боғланиб кетган, десам муболаға қилмаган бўламан. Эсимда, 6-синфда ўқиб юрган чоғларимда биринчи мақолам чиққан эди. Ўша пайтдаги менинг болаларча шодлигу қувончимни тасаввур қилолмайсиз...
Мана орадан йиллар ўтди. Қанчадан қанча   сувлар оқиб кетди. Ёшимизга ёш қўшилгани сари ижодий фаолиятимиз ҳам ўсиб, сайқалланиб борар экан, янада яхшироқ, мукаммалроқ ёзишда давом этар экан инсон. Чунки хатоларимизни ўзимиз кўриб тузатиб бораверар эканмиз.
Талабалик йилларимда ҳам ҳозирги Зарафшон (ўша даврдаги "Ленин йўли") газетаси таҳририятига ёзган шеър, мақолаларим билан қатнашиб турар эдим. Лекин "Оқдарё овози" газетаси таҳририяти менинг энг севимли ижод даргоҳим эди. Ҳозир ҳам шундай.
Дарҳақиқат, газеталарнинг нафақат менинг ҳаётимдаги, балки, жамиятдаги аҳамияти, аҳолининг оммавий саводхонлигини юксалтиришдаги хизматлари жуда катта. Шундай бўлсада, бугунги кунда дунё аҳолисининг кўпчилик қисмини интернет олами ўзига мафтун этиб, гўёки ёзма ва босма манбааларга эътибор бироз сусайгандек. Ахир, пишиқ-пухта ёзилган, ўзида миллат ва жамият дардини мужассамлаштирган, мавжуд муаммолар ечимига йўл топишни талаб этаётган танқидий-таҳлилий мақолалар қаёқдаю, ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил олди-қочди жумлалардан иборат, сўзнинг эга кесими аралаштириб юборилган матнлар, ҳаёсиз видеотасвирлар қаёқда?! Газетада чоп этилган мақола ва расмий ахборотлар, қонун ҳужжатлари, қарорларни киши истаган пайтда очиб ўқиш имкониятига эга бўлади. Интернет тармоқларда эса бу жараён ўзгача акс этади. Бугун ўқиганингни бирор бир сабабга кўра, эртаси куни тополмайсан киши. Ижтимоий тармоқларда блогерлар томонидан айтилаётган таъна-дашномлар, ҳақоратомуз сўзлар ҳам бугун чегара билмай қолди. Ким нимани тўғри деб, билса, шуни оммага етказишга зўр бермоқда. Аслида, ахборотни тезкор тарқатишда ҳам маълум бир қоида, сўз қолипи бўлиши керак эмасми?
Узоқ йиллик педагогик фаолиятим давомида ҳам ижоддан сира узоқлашмадим. Бир қатор туман, вилоят ва республика миқёсидаги ижодий тадбирлар, танловларда қатнашиб юқори ўринларни қўлга киритдим. Жумладан, "Йилнинг энг яхши ижодкор ўқитувчиси" танловининг республика босқичи ғолиби бўлдим. Ўтган йиллар давомида "Маъсума аёл" ва "Қалбим гулдастаси" деб номланган китобларим нашр этилди. 
Ижодий фаолиятимнинг ривожланишига менинг бадиий ижод билан ҳам шуғулланишим фақат ва фақат ёрдам берди, десам муболаға бўлмайди. Хуллас, матбуот билан иш фаолиятим чамбарчас боғланиб кетган. Бу борада таҳририят бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев, маданият ва маърифат бўлими мудири Гулсара Тинибековалар биз каби ижодкорларнинг юрагидаги ижодга, шеъриятга бўлган озгинагина чўғни ёлқинланишида ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшиб келаётганлигини ҳам алоҳида тилга олиш жоиз. Негаки, туманимиз кўзгуси бўлган "Оқдарё овози" газетаси саҳифаларида ўсиб келаётган ижодкор ёшларимизнинг асарларини кенг оммага мунтазам равишда ҳавола қилиниши, уларни туман, вилоят ва республика миқёсида танилишида, адабиёт деб аталмиш гулшанда ўз ўрниларини топишларида муҳим қадам бўлмоқда.
27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланаётган ушбу байрам билан туманимизнинг барча ижод аҳлини, хусусан қадрдон ва севимли газетамиз "Оқдарё овози" газетаси таҳририят ходимларини касб байрамлари билан қизғин муборакбод этаман. Халқ хизматида бўлишдек шарафли ва машаққатли ишларингизда омадлар тилаб қоламан. Ҳамиша эл эътирофида, халқимиз ардоғида бўлинг, азизлар!
Эркиной ҚАРШИЕВА,
                                                   Халқ таълими аълочиси.
Мавзуга оид: