Хотин-қизларга эътибор амалда ОҚДАРЁДА ГЕНДЕР ИСЛОҲОТЛАРГА КЎМАКЛАШИШ БОРАСИДАГИ ИБРАТЛИ ИШЛАР ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ


Маълумки, бир неча йиллардан буён Оқдарё туманида “Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш марказининг Қишлоқ-Ахборот ресурс маркази фаолият юритади. Бу нодавлат ташкилот Республика миқёсида аёлларни қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратиб келади. Унинг қатор лойиҳалари Европа Иттифоқи ва Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги томонидан молиялаштирилган бўлиб, эътиборли томони шундаки, туманимиздан ҳам кўплаб аёлларимиз лойиҳавий танловларда қатнашиб, имтиёзли кредитлар ёки ишлаб чиқариш жиҳозларига эга бўлишмоқда.
Жорий йилнинг 4 сентябрь куни “Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази раҳбари Мавлуда Ширинова ҳамда Европа Иттифоқи ва Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлигининг Халқаро консультанти Елена Годфри Оқдарё туманига ташриф буюрди. Нуфузли меҳмонлар билан бирга туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Юлдуз Ўроқова, туман ҳокимининг ўринбосари Умид Исломов, котибият мудири Дилдора Адилова, “Зарафшон” газетасининг мухбири Гулруҳ Мўминова, “Оқдарё овози” газетаси ходимлари ҳамроҳлигида туманда ташкил этилган Ахборот-ресурс маркази фаолиятини кўздан кечиришди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш марказининг “Фуқаролик жамияти иштироки орқали ҳудудларда гендер ислоҳотларига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида туманда амалга оширилган ишлар, шунингдек, хотин-қизларнинг бандлигини кўмаклашишга қаратилган тадбирлар уларда катта қизиқиш уйғотди. Чунки жорий йилда 15 нафар аёлларимизнинг ўз микробизнесларини яратиш ва ривожлантиришга қаратилган бизнес ғоялари ғолиб деб топилганлигининг ўзи хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг заиф тоифаларининг иқтисодий мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида эътироф этилди. Бундан ташқари, яқинда Мустақиллик маҳалласининг еттилиги томонидан “Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш марказининг лойиҳасида иштирок этишиб, лойиҳа ғолиблигига сазовар бўлишган эди. Бугун ушбу маҳаллага моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган жиҳозлар ҳам топширилди. Шундан сўнг, Ахборот ресурс марказидаги “Тикувчилик”, “Қандолатчилик”, “Компьютер саводхонлиги”, “Сартарошлик” йўналишларида икки ойлик ўқув кусрларини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларнинг бугунги кундаги фаолияти жойига борилган ҳолда ўрганилди. Жумладан, “Қандолатчилик” йўналишида ўқиб, лойиҳа ғолиблигини қўлга киритган Мустақиллик маҳалласида яшовчи Мавлуда Ҳасанова айни пайтда ширинлик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлса, шу маҳаллада яшовчи Садоқат Шерназарова ўз хонадонида тикиш-бичиш ишлари орқали оиласига қўшимча даромад олиб келяпти. Бундан ташқари мазкур маҳалладаги Сабоҳат Рахмонова ҳам тикувчилик тармоғини кенгайтириб, якка тадбиркор сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Тумандаги Мустақиллик маҳалласи хотин-қизларини касб-ҳунарга ўқитиш ва бу орқали улар ўртасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар кўлами эътиборга лойиқдир.
Суннатулло ИБРАГИМОВ.

Хотин-қизларга эътибор кучайтирилмоқда
- 10 мар, 11:52

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш диққат-эътиборимизда
- 28 янв, 13:39

Янги лойиҳа ўз фаолиятини бошлади
- 13 янв, 11:34

Хотин-қизлар ҳаёти
- 14 дек, 12:24