"ОЙНАИ ЖАҲОН"ДАГИ АСАББУЗАРЛИКЛАР

Кун бўйи ишда юриб чарчоқни чиқариш, ҳаётнинг айрим ташвишлари сабаб асабларни тинчлантириб дам олиш мақсадида кечки пайт оила даврасида ўтириб, телевизор томоша қилишга нима етсин. Лекин, минг афсуски, оила даврасида ўтириб, мазза қилиб телевизор томоша қилиб ҳам бўлмай қолди, биров ўзбек сериалини кўраман деса, биров футбол кўраман дейди, яна биров эса турк сериалини кўраман дейди. Шундай пайтларда, айниқса, реклама пайти пульт қўлдан қўлга ўтади. Нимасини айтасиз, "Миллий" телеканали орқали намойиш қилинадиган "Буни ҳаёт дейдилар" сериали биз катталарга маъқул келади, лекин навбатдаги рекламадан қочиб кимдир "Севимли" каналига қўяди, қарабсизки яна худди шундай рекламалар: аллақандай дори-дармонлар, "Кола"ва "Пепси"лар, қўйингки, болаларнинг тагликларию, аёлларнинг аллақандай айтиб бўлмас нарсаларини ҳам оила даврасида кўришга мажбур бўласан киши. Ахир, сериалларнинг ўзи бор-йўғи 20-30 дақиқа давом этса, сериал давомидаги 5-7 дақиқалик рекламалар 3-4 марта такрорланади. Нимани кўриб, нимани ўчиришни билмай бошинг қотади баъзан. Реклама даврида бемалол яқин орадаги дўконга ҳам бориб келса бўлади. Эндиликда "Чида" деган рекламаси пайдо бўлиб, баттар ғашингни келтиради. Буни қарангки, кейинги пайтларда кўпчилик кишилар шифокор қабулига ҳам бормасдан, телевидение орқали реклама қилинаётган дори-дармонларни бемалол истеъмол қилишар экан. 
Бугунги кунда телевидение орқали намойиш этилаётган айрим ўзбек сериалларидаги баъзи бир бачканаликлар, миллий урф-одатларимизга зид бўлган нохуш ҳолатлар ҳақида ҳам айтиб ўтиш лозим. "Ўжар ҳомиладор" сериалидаги қайнона ролини ўйнаётган севимли актрисамизнинг ҳайвон ниқоби ва пўстинини қоплаб олиши кишининг асабига тегади. "Ўжар ҳомиладор"нинг найранглари, кун бўйи давом этадиган инжиқликлари ва эркаликларини кўтаришга мажбур бўлган эрининг бўшанглиги, келиннинг кўзидан нарида бўлиш учун ниқоб кийиб юришга мажбур бўлган қайнонанинг қилиқлари ҳар қандай ўзбек хонадони учун номаъқул ҳолатдир. Айрим ўзбек сериалларидаги йигит ва қизларнинг кийиниши, одоб-ахлоқи, муомаласидаги салбий ҳолатлардан эса истаганча келтириш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги ўсиб келаётган ёш авлодларимизнинг таълим-тарбиясида, дунёқарашининг шаклланишида бевосита телевидениенинг ўрни каттадир. Унда намойиш қилинадиган кўрсатув ва сериаллардаги қаҳрамонлар образи орқали миллий анъана ва урф-одатларимизни тарғиб қилиш, ҳар нарсага қизиқувчан ёш йигит-қизларимизга ўзбекона ҳаёт тарзини сингдириш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири эканлигини асло унутмаслигимиз лозимдир.
 ШУКРОНА.
Мавзуга оид: