Инсон ва қонун

АДОЛАТ - ДАВЛАТЧИЛИКНИНГ 

МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳалар каби суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича ҳам алоҳида тўхталди.

Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам давом этишини, сўнгги 4 йилда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида дадил қадамлар қўйилиб, устувор йўналишлар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон, қарорлар қабул қилинганини алоҳида эътироф этди.

Адолат бу давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллашини билдириб, бу борада ҳали қиладиган ишлар кўплигини билдирди.

Хусусан, 2021 йилдан бошлаб жорий этиладиган "Бир суд - бир инстанция" тамойили суд қарорларини адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлишини;

- ҳозирги кунга қадар вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилиши, биргина 2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13.000 та шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ёки бекор қилинганини;

- 2021 йилдан бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилиши, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинишини маълум қилди.

Шунингдек, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Мурожаатномада 2021 йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилиши, бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликлар яратишини таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга, яна бир муҳим янгилик - инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициялар низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилиши, энди инвесторлар ўз ҳоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди.  

Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, "онлайн" тартибида мурожаат қилиш имконияти яратилиши, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши ҳақида ҳам тўхталди. 

А.СУЯРОВ,

Самарқанд туманлараро маъмурий судининг судьяси.                                                                                

Мавзуга оид:
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:18
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:10
Инсон ва қонун

Инсон ва қонун

  • 26 фев, 16:47
суд ва мурожаат

суд ва мурожаат

  • 08 янв, 15:36