"ГИЁҲВАНДЛИК ЁХУД ЭРТАНГИ КУН"

Ўзбекистон мустақилликка эришганининг дастлабки кунларидан бошлаб, наркотик моддаларнинг ғайриқонуний айланиши ва унинг истеъмолига қарши кураш бошланди. Мамлакатимизнинг тинчлиги ва  хавфсизлигига таҳдид солаётган бир қатор ички ва ташқи омилларга: кашандалик, одам савдоси, диний экстремизм, гиёҳвандлик ва ичкиликбозликлар киради. Гиёҳвандлик инсониятни таназзул ботқоғи сари бошлаётган энг хавфли воситалардан бири ҳисобланади. Чунки энг ваҳший қотиллик ва хунрезликлар кўп ҳолларда гиёҳванд моддалар таъсирига тушиб, ўзлигини тамоман йўқотган одамлар томонидан содир этилмоқда. Энди бутун башариятнинг гиёҳванд бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг. Бу ҳолда ҳеч қандай соғлом муҳит қолмайди, мақсад ва маслаклар ўз кучини йўқотади. Шу жиҳатдан ҳам гиёҳвандлик тарқалишининг олдини олиш, наркотик моддалар савдосига чек қўйиш энг долзарб муаммолардан биридир. Гиёҳвандликка, одатда, психологияда иродасизлик, кучсизлик, ўзини тия олмайдиган, ўткир сезгиларни ўзида синаб кўришга қизиқувчан, руҳан заиф ва ўта худбин кишилар берилувчан бўлади. Ёшлар тарбиясидаги нуқсон ва камчиликлар, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиб юрувчи катта ёшдагиларга тақлид ва ҳавас, оиладаги нохуш шароит (ота-онанинг ичкиликбоз ёки гиёҳванд бўлиши) ҳамда гиёҳванд моддаларнинг осон топилиши ёки қўл остида бўлиши ҳам гиёҳвандликка сабаб бўлиши мумкин.  Гиёҳвандлик - нимадан, қаердан бошланади? Гиёҳвандлик - сигарет чекиш, уларни ҳидлашдан бошланади. Агар ота-оналар фарзандига сигарет, нос сотиб олиб келиб беришни буюрсалар, улар ота-оналаридан, яшириб сигарет, нос чекишни, ҳидлашни ўрганадилар. Гиёҳвандлик ота-оналарнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги узоқни ўйламай иш қилиши оқибатида келиб чиқади. Биргина мисол уйимизга бирон бир меҳмон келиб қолса, ҳали ақлини танимаган ўйинқароқ 5-6 яшар фарзандимизни савдо дўконларига юбориб ароқ, сегарет олиб келишини буюрамиз, буюрибгина қолмай, у номинг ўчкурни қандай туридан олиб келиш кераклигини ва сифати шу турдагиси энг зўри эканлигини бот-бот айтиб қулоғига қуйиб юборамиз. Ваҳоланки, ўзимиз билиб билмай фарзандларимизни гиёҳванд бўлиб қолишига сабабчи бўлиб қолмаяпмизми? Давлатимиз соғлом турмуш тарзини ҳосил қилиш учун ёшларни эҳтиёт қилишга эътибор бериб турли хил жаҳолатпа-растликлардан сақлаш бўйича катта ишларни амалга ошираётган бир пайтда биз ўзимиз учун фарзандимиз учун соғ-лигимиз учун озроқ этибор қаратсак бугунги ва эртанги баҳтнинг энг улуғи бизники бўлади.
Одил ҚАМАРОВ,
вилоят наркология диспансери шифокори.