ҚОРАҚАЛПОҚЛИК ИЖОДКОРЛАР ОҚДАРЁДА

 Лойиш шаҳарчасидаги 14-сонли мусиқа мактабининг фаоллар зали ижодкорлар билан гавжум бўлди. Мактабларда фаолият кўрсатаётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар, жамоатчи мухбирлар бу ерга Ўзбекитсон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист, ўнлаб китобларнинг муаллифи, шоир Ўразбай Сатибаев, тележурналист, кўп йиллар Қорақалпоғистон телевидениесида фаолият юритган Марат Товмуродов билан учрашувга йиғилдилар. Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг етакчи мутахассиси Мухаммадризо Абдураҳмонов кириш сўзи билан очиб, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасида кўп асрлик азалий алоқалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, қорақалпоғистонлик шоир ва журналист Марат Товмуродов бугунги кунда қорақалпоқ адабиётида яратилаётган насрий ва назмий асарлар ҳақида ўз фикрларини баён этди. Шоир Ўразбай Сатибаев ўзининг янги ёзилган шеърларидан ўқиб эшиттирганда залда гулдурос қарсаклар янгради. Шоирнинг шеърларидаги миллийлик барчага манзур бўлганлигини алоҳида таъкидлаш керак.
Ижодий учрашув давомида оқдарёлик шоирлардан Ойгул Маматова, Эркиной Қаршиева, Тулғаной Гадоева ва бир гуруҳ ўқувчилар томонидан янграган шеърлар йиғилганларни тўлқинлантириб юборди. Шунингдек, 55-мактаби бадиий ҳаваскорлар томонидан ижро этилган рақслар ва 14-мусиқа мактабининг ўқувчилари ижросидаги қўшиқлар даврага файз киритди. Тадбирда иштирок этган “Оқдарё овози” газетасининг бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев, Республика маънавият тарғиботи маркази туман бўлинмаси раҳбари Бунёд Ашуров сўзга чиқишиб, ташрифлари учун ва ажойиб ижод намуналаридан йиғилганларни баҳраманд этганликлари учун меҳмонларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
- Учрашув бизда катта таассурот қолдирди, - дейди 55-уммутаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Назокат Абдурахимова. – Чунки биз доимо шоирлар билан учрашишни орзу қиламиз. Мактабимиздан бир неча ижодкор ўқувчиларимиз ҳам иштирок этаяпти. Улар ҳам ўзлари ёзган ижод намуналаридан ўқиб берганликларидан ниҳоятда мамнунман. Пойтахтимизда яшаб ижод қилаётган катта шоирлар билан мактабимизда учрашув ўтказишни ният қилганмиз.
- Шоирлар билан учрашув ҳамиша бизга бир олам қувонч бағишлайди, -дейди 4-мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Нодир Мирзаев. Айниқса ўқувчилар томонидан янграган қўшиқлар ва шеърлар йиғилганлар томонидан муносиб кутиб олинганлиги эътирофга лойиқдир. Албатта бундай учрашувлар билим масканларида ҳам ўтказилса ҳар жиҳатдан ўқувчилар учун фойдали бўларди деб ўйлайман. Чунки мактабимизда ҳам ижодкор ўқувчилар сони ошиб бораяпти. Биз бундан ниҳоятда мамнунмиз.
Бир сўз билан айтганда қорақалпоғистонлик ижодкорлар билан ўтказилган учрашув йиғилганларда бир олам таассурот қолдирди.
С.ИБРАГИМОВ.
Суратда тадбирдан лавҳалар акс эттирилган.
Мавзуга оид: