Намоз ботир ҳаракатининг 120 йиллигига Газетхонларнинг илтимосига кўра НУРОТА ЙЎЛИДАГИ ТЎҚНАШУВ

1905 йил 22 май куни Каттақўрғон уездининг Метан волости бозорига 20 нафар маҳаллий меҳмонлардан 
иборат қуролли чавандозлар ташриф буюришди. Бозорда бемалол жойлашиб олган меҳмонлар маҳаллий
аҳоли билан суҳбатга киришиб, ўзларининг Панжакент уездидан эканликлари, Нуротанинг маъданли 
сувига бир беморни даволаш учун олиб бораётганликлари ҳақида гапирдилар. Бироқ, уларнинг гапларига
ҳамма ҳам ишонавермади. Бозордагиларнингкўпчилиги уларни танир, ҳатто исмиларигача билар эди. Булар
аслида Намоз ва унинг йигитлари эди. Намознинг келишини аввалдан билган волост бошқарувчиси жанжалдан
узоқроқ бўлиш учун қаергадир ғойиб бўлган, унинг оқсоқолларидан бири Чиғатой қишлоқ оқсоқоли МирзаСафаров 
эса Намознинг одамлари билан бемалол ҳангома қилиб ўтирар эди.
Маҳаллий маъмурлар орасида кўпчилик амалдорларнинг Намоз ҳаракатига хайрихоҳ эканлигини чор ҳукумати яхши 
билар, шунинг учун бозордаги ҳангомадан кўп ўтмай, волост бошқарувчиси ва қишлоқоқсоқоли устидан жиноий иш
қўзғатилди. 
Самарқанд ҳарбий губернатори С.Д.Гескеть ўзининг 1906 йил 8 февралда Каттақўрғон уезди бошлиғига юборган 2474-сонли ва Самарқанд округ суди прокурорига йўлланган 2445-сонли буйруғига Метан волости бошқарувчиси Мўлла Мусулмонқул Бобоқулов ва Чиғатойқишлоқ оқсоқоли Мирза
Сафаровларга қарши жиноят тўғрисидаги Низомнинг 339 ва 341-моддалар бўйича жиноий иш қўзғатишга кўрсатма беради.
Қўзғатилган жиноий иш Самарқанд округ суди прокурорининг 1906 йил 14 январдаги 214-иш юзасидан Метан волости бошқарувчиси Мўлла Мусулмонқул Бобоқулов ва Чиғатой қишлоқ оқсоқоли Мирза Сафаровларга
қўйилган 339 ва 341-моддалар бўйича айблов тақдимоти ўтказилади.
Қўзғатилган ушбу иш юзасидан дастлабки тергов суриштирув бўйича қуйидагилар аниқланади:
Каттақўрғон уездининг Метан волости бозорига 1905 йил 22 май куни кечга томон бир гуруҳмаҳаллийлардан иборат қуролланган 
чавандозлар ташриф буюрадилар. Бозорда тўхтаган йигирма нафардан иборат нотаниш қуролли кишилар улар атрофида тўпланган 
ерлик аҳолининг ҳам эътиборини ўзига тортади. Маҳаллий аҳоли уларни турли саволларга тута бошладилар. Уларнинг ким ва қаёққа
бораётганликларини сўраб-суриштира бошлайдилар. Меҳмонлар эса ўзларининг Панжакент пристави одамлари эканликлари, Панжакентпристави укасини қутурган
ит қопиб олганлиги сабабли уни Нуротанинг маъданли сувида даволаш учун олиб кетаётганликлари ҳақида гапирдилар. Улардан бири 
ҳатто полициячилар кийимини кийиб олган эди. Атрофга йиғилган одамлар қуролли чавандозларнинг баъзиларини яхши танир, 
исмиларигача билар, шунинг учун уларнинг гапи ёлғон эканлигигаҳеч кимда шубҳақолмаган эди. Бу пайтда Чиғатой қишлоқ
оқсоқоли Мирза Сафаров ва Метан волости бошқарувчиси кичик ходими Мусахонбек Хўжаевлар ҳам шу ерда бўлиб, улар билан 
ўтириб бемалол суҳбат қиларди. 
Шу пайт бу ерга келган Метан тиббиёт пункти фельдшери Стемпневский чақирилмаган бу меҳмонлар ҳақида уезд бошлиғи ва 
участка приставига тезда хабар бериш ва уларни огоҳлантириш ҳақида оқсоқолга гапирди. Бу ҳақда фельдшер ўз хизматини 
ҳам таклиф қилди. Оқсоқол Сафаров дастлаб уларнинг ишига халақит бермасликни айтиб фельдшерга ўз эътирозини билдирди.
Кейин эса бу ишнинг оқибатини ўйлаб ўз йигитларидан бирини хабарга юборишни ваъда қилди, бироқ ҳеч кимни юбормади.
Метан бозорида анчагина туриб қолган чавандозлар шундан сўнг Оқтепа волостининг Чимқўрғон қишлоғига жўнаб кетдилар ва
ўша ерда тунадилар. 
Оқтепа волости бошқарувчисининг уларни тутиш учун ҳеч қандай куч ва имконияти йўқ эди.  Аҳолининг қўллаб-қувватлашига ҳам ишониб бўлмасди. Шунинг учун ўзининг йигити Мўлла Равшанқул Муҳаммадюсуповни Метан волости бошқарувчиси
ҳузурига жўнатиб, ундан ёрдам сўрамоқчи бўлди. Равшанқул эса Метан волостига бориб волост бошқарувчисини қанча ахтармасин топа олмади. Шундай қилиб дастлабки терговдаёқ бу воқеаларни изоҳлаб гувоҳлик берган Стемпневский, Эргаш Ҳошимов, Зоир Зокиров, Мўлла Равшанқул Муҳаммадюсупов, Орифжон Ҳақимжонов, Саломхўжа Барнохўжаев, Улуғмурод Абдусодиқов ва Муҳаммадшариф Абдумўминовлар берган кўрсатмалари ўз тасдиғини топди.
Бироқ айбланувчи сифатида терговга жалб қилинган Мўлла Мусулмонқул Бобоқулов ва оқсо- қол Мирза Сафаровлар ўзларини айбдор деб ҳисобламадилар. Бобоқуловнинг тушунтиришича, ўша куни Намоз ва унинг одамлари Метан бозорида тўхтаганликларини ҳеч кимдан эшитмаган ва билмаган. Чунки шу куни у ўзининг хизмат  вазифаси юзасидан Қорахон қишлоғида иш билан банд бўлган. Сафаров эса ўша куни  ҳақиқатдан ҳам  бозорда  бўлган, бироқ бу қуролли чавандозларнинг қароқчилар эканлигини хаёлига ҳам келтирмаган ва бошқа   одамлардан ҳам улар ҳақида бундай гапни эшитмаган.
Иш юритувчи буюради:
Ушбу ишга доир юқорида баён этилган барча ҳолатларни ўрганиб ва эътиборга олиб; биринчидан қишлоқ оқсоқоли Мирза Сафаров устидан олиб борилган  дастлабки тергов маълумотларга таяниб уни етарли даражада жиноятчи дейишга; иккинчидан, Волост бошқарувчиси Мўлла Мусулмонқул Бобоқуловга қўйилган айбловлар тўла тасдиқланмаганлиги; Метан волости ҳудудида қароқчилар тўдаси келганликларидан бехабар эканлиги, бу пайтда унинг хизмат сафари юзасидан Қорахон қишлоғида бўлганлиги, шунингдек, уни излаб келган мўлла Равшанқул Муҳаммадюсуповнинг қанча изласа ҳам топа олмаганлиги кабилар эътиборга олинади.
Шундай қилиб, ушбу тафсилотлар хулосаларига кўра иш қайта ўрганиш ва аниқлаштириш учун Самарқанд  округ суди прокурорига қайтарилади ҳамда тасдиқлаш учун вилоят ҳарбий губернаторига тақдим этилади. 
Ҳарбий губернатор ёрдамчиси 
генерал-майор Черневский1. 
(Ф.И.-18 рўй.-1. й.жилд 1955. 11-бет)
"ТУРКИСТОН ГЕНЕРАЛ-ГУБЕРНАТОРИГА"
Самарқанд вилоят ҳарбий губернатори Вилоят бошқармаси 
 №7520 1905 йил 31-май. Самарқанд ш.
БИЛДИРИШНОМА  (РАПОРТ)
Менинг шу йил 30 майдаги 7391-рақамли телеграммамга қўшимча қилиб Самарқанд вилояти ҳудудида босқинчилик ва қароқчилик билан шуғулланган ўн нафар қуролланган кишиларнинг қўлга олинганлиги тўғрисидаги Каттақўрғон уезди бошлиғининг 29 майдаги 4639-сонли билдиришнома нусхасини тақдим этмоқдаман.
4639-сонли билдиришнома нусхасига илова.
Бош штаб ҳарбий губернатори генерал-майор С.Д.ГЕСКЕТЬ.
Ҳарбий губернатор ёрдамчиси генерал-майор ЧЕРНЕВСКИЙ
Маслаҳатчи: ИЛЬИЗАРСКИЙ.1 (Ф.И-1 рўйхат 32, йиғма жилд 227, 1-бет. 
Ўзбекистон М.А.)
Самарқанд вилоят ҳарбий   губернатори номига Каттақўрғон уезди бошлиғининг 1905 йил 29 майдаги 4639-сонли 
билдиришномасидан  н у с х а.   (илова)
Жаноби олийларига шуни ёзиб маълум қиламанки, 24 май куни эрталаб Оқтепа ва Ёрбоши волостлари бошқарувчиларидан таниқли қароқчи бошчилигидаги тўда Каттақўрғон уездининг Ёрбоши волости томон йўл олаётганлиги ҳақида хабар олдим. Шундан сўнг Челак участка пристави штабс-капитани И.В.Кибардиндан тўданинг Янгиқўрғон,  Метан ва Оқтепа волостлари орқали Ёрбоши волости томон ҳаракатланаётганлиги тўғрисида маълумот олдим.
Тўданинг жасорати шунда эдики, улар Метан бозори майдонида тўхтаб дам олган. Тўда таркибида таниқли қароқчи Турсун ҳам бор эди. У полиция кийимида бўлиб, ўзини Панжакент участка приставининг укаси эканлигини, қопоғон ит тишлаганлиги сабабли Нурота шаҳридаги шифобахш сувга чўмилиб даволаниш учун кетаётганлигини гапирган. Уларнинг кўпчилиги қуролланган эди. Аҳоли тўданинг кўпгина аъзоларини яхши билганликлари сабабли Турсуннинг гапларига ишонишмади.
Приставнинг таъкидлашича, таъқибчилар томонидан беш нафар казак ва тўданинг ҳаракат йўналишини разведка сифатида ўрганиб келаётган бир неча маҳаллийлар бўлган, холос.
Бу маълумотларни олгач, Жомдан қайтаётган Каттақўрғонлик савдогарларни яқиндагина талаган ва қароқчиларни излаш учун юборилган ўн нафар казакни Челак пристави ихтиёрига юборишга   қарор қилдим. Бу ҳақда Қарши бекининг Бухоро амирига юборилган шикоят хати ҳам бор эди. Казакларни зобитсиз юбориш ноқулай эди. Шунинг учун уларни Пайшанба волости капитани Голов билан юбормоқчи бўлдим, аммо капитан қаттиқ касал эдики, шу куни у ҳатто тўшакдан тура олмади. Шунда ихтиёримдаги казакларни Жўйшағир волости бошқарувчиси ихтиёрига юбордим ва уларни Челак пристави казаклари билан бирлашишларини тайинладим. Шунингдек, Челак приставига  берган ёзма буйруғимда унинг ихтиёрига юборилган казакларни тўда ортидан, ҳатто Бухоро амирлиги ҳудудида бўлса ҳам давом эттиришни буюрдим.
Кундузи соат 200 да мен Жўйшағир волости бошқарувчисидан хат олдим. Волост бошқарувчиси ўз хатида тўданинг Ёрбоши волостининг Жазман қишлоғида эканлиги, Челак пристави казаклари билан ҳам қўшила олмаганлиги, менинг ўзимни у ерга боришим ёки энди унинг қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида ёзган эди.
Сиз ҳазрати Олийларининг чақириғига кўра мен 26 май куни Саранчев қўмитаси мажлисида қатнашишим керак эди. (Саранчовьий - чигирткага оид) Аммо мен  мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, тўданинг ортидан боришга қарор қилдим ва ўз вақтида ортга қайтмасам мажлисга бора олмаслигим ҳақида сизга телеграмма орқали хабар беришимни ёрдамчимга тайинладим.
Шундан сўнг казаклар ва волост бошлиқларини қувиб етиш учун Пайшамбига жўнаб кетдик. Бироқ улар из олиб Жазман қишлоғига кетган эди. Жазманга бориб мен ўз казакларим ва бу ерга бошқа йўл орқали мендан аввалроқ етиб келган Челак приставини топдим. Тўда эса олдинроқ Жазмандан Нурота  беклиги томон йўл олган эди. Тўда ортидан маҳаллий одамларимиздан бирини разведкага юбордик ва кучларни тўплаб тўда кетидан таъқибни давом эттирдик. Бизнинг  кучлар мен, Челак пристави ва 15 казак, шунингдек учта волост: Оқтепа, Жўйшағир, Ёрбоши волостлари бошлиқлари, Мирза ҳамда уларнинг йигитларидан иборат эди.
Биз Каттақўрғон томондан шимолий йўналиш бўйлаб тоғни кесиб ўтдик ва Нурота беклигининг Мирзабошиси Туйғуннинг уйида тунаш учун Тиканли қишлоғида тўхтадик. Отларга арпа йўқлиги сабабли озроқдан жўхори ва қуруқ беда берилди.
25 май куни эрта тонгда Бухоро Мирзабошиси Туйғун ҳамроҳлигида таъқибчилар йўлга тушди. Маълум бўлишича, тўда аъзолари йўл-йўлакай кўчманчиларнинг учта чодирини талаган. Афтидан улар, кўчманчилардан ўзлари ва отлари учун фақат  озиқ-овқат олган, холос. Негаки, ҳукумат аскарлари таъқибидан чекиниб кетаётган тўда аъзоларига бошқа ортиқча юкнинг ҳеч ҳам  кераги йўқ эди. Оқтепа қишлоғидан олинган маълумотларга кўра, тўда кеч кириши арафасида Жунли ота (маҳаллий халқ тилида Жунатўн) қишлоғида бўлган. Тўда ортидан кетма-кет юборилаётган разведкачиларимизни улар аллақачон сезган эдилар. Шунинг учун таъқибимизнинг муваффақиятли чиқишига шубҳам  орта бошлади.
Томчи қишлоғигача яна 8-верст (1 верст 1060 метр) йўл юрилди. Оқтепа волости бошқарувчиси юборган шахслар тўданинг икки қишлоқ наридаги довон ортида эканлиги ҳақидаги  хабарни келтиришди. Бу маълумот шу даражада ҳайратланарли эдики, тўда аъзолари қанчалик эҳтиёткорлик билан  ҳаракатланаётган бўлмасин, таъқибчилар билан уларнинг ораси жуда яқин бўлиб қолган эди. Бунинг сабаби маҳаллий халқ орасидан ёлланган айғоқчилар ҳукумат қўшинларига жуда аниқ  маълумотларни етказиб келаётган эди. Бунинг устига маҳаллий шарт-шароитларни яхши билган Бухоро Мирзабошиси Тўйғун ҳам ҳукумат қўшинларига ишончли хизмат қилаётган эди. Таъқиб қилиб келаётган ҳукумат қўшинларининг яқинлашиб қолганлигини кутмаган Намоз ва унинг йигитлари довондан ошгач, дам олишга тўхтайдилар. Чап томонда тик қоятошлар, ўнг томонда эса кичик сой бўлган бу  жой дам олиш учун қулай эди. Аммо таъқибчилар билан жанг қилиш учун ўта  ноқулай жой эди. Таъқибчиларни ҳали анча орқада деб ўйлаган Намоз бу ерда бир муддат дам олгач, яна тезда йўлга тушишни режалаштирган эди. Энг муҳими - довон тепасида кузатувчи қолдиришни ҳам унутган эди. 
Капитан Скварский бошлиқ кучлар довондан ошгач, сой бўйида бемалол дам олаётган тўда одамларини кўрди. Капитан асосий кучларни ўнг томондаги очиқ майдонни кесиб чиқиб уларни тор дарага қисишни ва шу жойда исканжага олишни мўлжаллади. Казак аскарларининг тўсатдан пайдо бўлганлигини кўрган Намознинг ёш ва тажрибасиз йигитлари дастлаб саросимага тушиб қолди. Бир нечта ёш йигитлар тарқоқ ҳолда чекинишга тушди. Тажрибали йигитлар эса дарҳол отларига миниб тинимсиз ўқ узаётган казакларга қарши отишни бошладилар. Айни пайтда отлар юриши қийин бўлган тепаликка кўтарила бошладилар.  Намоз йигитларининг чекинишидан руҳланган казаклар от-уловсиз ва қуролларини олишга улгурмаган йигитлар устига ташландилар. Пиёдалар ҳам казаклар билан отишма баробарида тепага кўтарила бошладилар ҳамма имкон қадар югурар эди. Воқеалар жуда тез содир бўлди. Тепадан баъзилар пастга қулаб тушишди. Чекинаётганларнинг ҳеч бири казаклар чақириғига қулоқ солмас, улар энди якка-ёлғиз  ҳаракат қилмоқда эдилар. Менинг ҳузуримга икки кишининг қўлини боғлаб олиб келишди.
Каттақўрғон уезди бошлиғи капитан Скварский Самарқанд вилоят ҳарбий губернаторига ёзган билдиришномасида шундай дейди: "Жанг пайтида тўданинг бир қанча аъзолари тўппончадан ўқ узар эдилар. Шахсан ўзим Рустамнинг мендан 20 қадамча нарида турган ҳолда уни таъқиб этаётган казакка қарата тўппонча ўқталиб турганлигини  кўрдим. Казак менга қарата  "Жаноб, унинг тўппончаси бор, у нишонга олаяпти" деб бақирди. Мен бу ҳолатни кўрдим ва казакка "уни от!" деб бақирдим. Казак унга ўқ узди. Рустам ерга тўппонча билан йиқилди.1(Ўзбекистон М.А. Ф.И-1. рўйхат 32. й.жилд 227 3-бет). "Закаспийский обозрение" газетаси ўзининг 1905 йил 17 июнь сонида ушбу тўқнашув ҳақида шундай деб ёзади: "Тўда аъзоларидан жасур бир йигит четга ажралиб чиқиб тик қояга чирмашиб чиқади ва юқоридан казаклар томон ўқ узади. Бироқ у казак жангчиларини ўлдиришни хоҳламаган ҳолда пастга қараб ўқ узарди"2. (А.Навоий номли миллий кутубхона "Закаспиский обозрение" газетаси 1905 йил 17-июн сони №160).
Капитан Скварский ўша жанг майдонидаги вазиятлардан бирини ўзининг билдиришномасида шундай тасвирлайди: "Отишма чоғида казаклар ўқ узиб икки кишини ярадор қилди. Ярадор бўлганлардан бири Намознинг яқин сафдошларидан бири Қобил Тошпўлатов эди. Намознинг одамларидан Тошмуҳаммад казак Габдул Ачкаевга қарата тўппончадан икки маротаба ўқ узди. Абдуназар эса ўзини таъқиб қилаётган казак Павиль Тумачков ва Порфентей Загребинни тўппончадан нишонга олди, бироқ отмади. Қобил Тошпўлатов эса қўшоғиз милтиқдан казаклардан бирини нишонга олган пайтида қўлидан ярадор бўлган. Қўлга олинган Мирзача Рамазанбоевдан тўппончаси олиб қўйилди. У казак аскарларига юзлаштирилганда, Орлов Каллистрат, Эшпўлатов Абубакир ва Чагановга қарши тўппончадан ўқ узганлигини тасдиқлашди. Сўнгра у тошлар орасига яшириниб, кўздан ғойиб бўлган эди.
"Мен эллик қадамча тепага кўтарилиб, катта тошлардан иборат қояга яширинаётган дўппили одамни кўрдим. Унинг ортидан тириклайин тутиб олиш илинжида казак Веселев борарди. Унинг тошлар тепасидан туриб ўқ  узганлигини кўрдим. Уни таъқиб этиб бораётган казак эса кўринмай қолди. Мен казакни ўлди ёки ярадор бўлди, дея хавотирга тушдим... Бу вақтда Челак пристави бошчилигидаги бошқа казаклар бир нечта одамларни қўлга олиб, Веселовни отган дўппили одам яширинган қоя тош атрофини ўраб олдилар. Казаклар тоғ тепасига чиқиб олганларида қароқчилар аллақачон пастга тушиб олишга улгурган эдилар". (Ўзбекистон М.А. Ф.И-1.рўй.32.й.жилд. 227-3 бет).
Ҳа, Намоз ва унинг йигитлари қуршовга тушиб қолиш хавфи бўлган ўта мураккаб вазиятдан чиқиб олишга улгурган эдилар. Казаклар капитандан уларни қувишга рухсат сўрайдилар. Бироқ, толиққан отлар билан қувиш бефойда эканлигини англаган П.С.Скварский уларни тўхтатади.
Шундан сўнг ҳукумат аскарлари сой бўйида тўпланадилар. Қўлга олинган 8 нафар асирнинг қўл-оёқлари боғланади. Бундан ташқари, 11 та от, ҳар хил буюмлар, қурол-аслаҳа ва ўқ-дорилар қўлга олинган эди. Юклар отларга ортилиб, казаклар Хатирчи беклигининг Кўксарой қишлоғи томон йўлга тушишди. Кеч соат 5 бўлаётган эди. Капитан Скварский энди озиқ-овқат топиш мумкин бўлган жойга етиб олишни ўйлаётган эди. Капитан Скварский ўз одамлари билан Нурота ва Хатирчи бекликларини бирлаштирувчи катта йўлга чиқадилар. Бу йўлда улар Нурота томон кетаётган кўплаб қуролсиз одамларни кўрадилар. Бу одамлар 27 май куни бўладиган сайилда қатнашиш учун Нуротадаги зиёратгоҳ томон кетаётган эдилар. Бундай имкониятни бой беришни истамаган Намоз ва унинг йигитлари зиёратчилар оқимига аралашиб кетган эди.
Шунда капитан ва таъқибчиларни кўздан қочирмай кетаётган қароқчилардан бири юз қадамча масофадан туриб, осмонга қарата тўппончадан ўқ узди. Шундан сўнг қароқчилар отларидан тушиб пиёда юра бошладилар. Капитан уларга қирқ-эллик қадамча юриб яқинлашиб борганда, қора полициячи кийимидаги бир киши оломон орасидан ажралиб чиқиб, тахминан шундай деди:      "Орқага қайт, жаноб пристав! Биз сизлардан ҳеч нарса олмаймиз, йўқса отамиз!" Шунда қароқчилар тўппончаларидан бараварига ўқ уза бошладилар. Умуман таъқиб давомида улар тўппончалардан йигирмадан ортиқ ўқ уздилар. Капитан шу одамни кузата бориб, унга қарата бир нечта ўқ уздирди. Ниҳоят, сарфланаётган ўқлар ва кейинги таъқибнинг бефойда эканлигини англаган капитан орқага қайтишга мажбур бўлди. 
Гуруҳнинг қолган аъзолари - Намоз, Турсун, Карим, Ҳотам, мулла Абдуназар Хўжаназаров, Шерали Худоёров, Ширин Муҳамедов ва яна уч нафар тутқич бермаган қароқчилар Бухоро амирлигининг Хатирчи беклигидаги Оқсой қишлоғи чорраҳасида Пайшанба участка пристави капитан Головнинг капитан Скварскийга ёрдамга чиққан Аҳмад Тўлабошев, Пайшанба волости бошқарувчиси Мирза Худойберди Раззоқов, қишлоқ старшинаси ёрдамчиси Абдуҳамид Абдураимов, Худоёрхожи Ҳакимҳожиев ва маҳаллий Ҳамроқул Эргашевлардан иборат гуруҳи билан тўқнашди. Қароқчилар 11 нафардан иборат бўлиб, уларда икки дона "Берданка" милтиғи, 4 та тўппонча бор эди.
Кечқурун Ёрбоши волостининг Жазман қишлоғининг элликбошиси Мустафоқул Дўлибоев яна бир йигитни тутиб, Кўксарой қишлоғига олиб келди. Бу одам қоятошларга яширинганлардан бири эканлиги маълум бўлди. Шундан сўнг, капитан Скварский асир олинган 8 нафар йигитни Кўксарой амалдорларига топширди. Оғир ярадор бўлиб, икки соатдан кейин вафот этган Рустамнинг жасадини эса Кўксарой амлокдорларига қолдириб, ўзи эса Самарқанд вилоят ҳарбий губернаторига телеграмма жўнатишга шошилди.
Ўша куни кечқурун капитан Голов Кўксаройга етиб келди. У 25 май куни касалликдан фориғ бўлганлиги ва казаклар ортидан эргашиб келаётганлиги ҳақида капитан Скварскийга ахборот берди. Бундан ташқари, капитан Голов Скварский билан бўлган тўқнашувдан сўнг Оқтепа волости ҳудудида Самарқанд йўналишига кетаётган ўн нафар қуролли одамларга дуч келгани, улар билан ўртада отишма бўлганлиги, ёнида бир нечта маҳаллийлардан бошқа одам бўлмаганлиги сабабли Намоз ва унинг одамларини қўлга ололмаганлиги ва ниҳоят, уларнинг ортидан кузатувчи қўйиб, ўзи бу ерга келганлиги ҳақида гапирди.
Капитан Голов эрталаб тонгда саккиз нафар казак аскарларини олиб, тўда ортидан таъқибни давом эттирмоқчи эди. Бироқ, тўда кечаси йўл-йўлакай  толиққан отларини бошқа отларга алмаштириб кетганлигини билгач, фикридан қайтди. Каптан Скварский Кўксаройдан Хатирчи орқали Каттақўрғонга қайтиб келди. Қамоққа олиб келинган асирларни топшириб, шу кечаси прокурорга баённома ёзди. 
1905 йил 27 май куни уч нафар каттақўрғонлик келиб, қўлга олинган отлардан ўз отларини кўрсатишди. Маълум бўлишича, ўша тўда яқинда Жом даштида савдогарлар карвонини босган экан".1(Ўзбекистон М.А. Ф.И.-1. рўйхат 32. й.жилд. 227-4-бет)
Бухоролик Мирзабоши Туйғун 27 май куни яна икки кишини олиб келди. Тўдадан орқада қолган бу одамлардан бирида тўппонча бўлган. Улар Намоз йигитларига тасодифан қўшилиб қолганликларини айтишса-да, қамоққа олинган.
Чор ҳукумати маъмурлари Намознинг Нурота томон қилган юришини "27 майда Нуротанинг муқаддас зиёратгоҳига келадиган аҳолини талон-тарож қилиш учун уюштирган эди ва бу ҳаракат ҳукумат аскарларининг таъқиби туфайли бартараф этилди", деб талқин этишга интиладилар. Аслида эса Нуротанинг Чиллалик деган қишлоғида бир катта савдогар бой яшаши ва унга ҳужум қилиш кераклиги ҳақида Ширин Муҳамедов Намозга маслаҳат беради. Бу ҳужумнинг бир ҳафта аввал режаси ҳам тузилган эди. Бироқ, режадаги бу босқин ҳукумат аскарларининг таъқиби туфайли амалга ошмай қолди.
Намоз йигитларининг бир қисмини қўлга олишда ҳукумат амалдорларига садоқат билан хизмат қилаётган бир гуруҳ маҳаллий маъмурлар ҳам фаол қатнашдилар. Бухоро Мирзабошиси Туйғун, Мирзақобил Тўқсабо, Жуйшағир волости бошқарувчиси Мирзалатиф Мирзашарипов, Оқтепа волости бошқарувчиси Мамашариф Махсумов, Жазман қишлоғи элликбошиси, Ёрбоши волостидан Мустафоқул Дўлибоев шулар жумласидандир.
Қуроллардан ашёвий далил сифатида тўппонча, "Берданка" русумли милтиқ, патрон ва порохлар, шунингдек, янги типдаги "Броунг" тўппончаси кабилар эди. Олинган ўн битта от ҳам уезд маъмурияти ҳовлисига олиб келинди. Тўдани қўлга олишда 2-Урал полкининг казаклари фаол қатнашди. Булар катта жангчи Бакиров казаклар - Чаганов, Акчаев, Томачков, Штаперов, Ишкаев, Букатов, Орлов, Фафанов, Молотов, Ишбўлатов, Веселов, Абдулов, Загребин ва Мелековлардир.
Асир олинганлар Самарқанд уездининг Жуйдевона волости Чурактепа қишлоғидан  Муҳаммадназар Мавлонов, Ҳолвойи волости Анжар қишлоғидан Умар Қосимбоев, Эшимоқсоқ волостидан  Худойназар Тошмедов, Довул волости Алобийлик қишлоғидан Тўрақул Худойназаров, Қоратепа волости Қоратепа қишлоғидан Ражаб Тошмуродов, Анҳор волости Ўтаки қишлоғидан Тўрақул Абдуназаров, Самарқанд шаҳридан Нарзиқул Абдухолиқов, Довул волостидан Қобил Тошпўлатов, Хўжа Аҳрор волости Хаймар қишлоғидан Мирзача Рамазонбоев, Анҳор волости Данги қишлоғидан Узоқ Каримовлар эди.
Бундан ташқари, Каттақўрғон уездининг Янги-қўрғон қишлоғидан бўлган Рустам Абдураҳмонов оғир ярадор бўлиб, кўп қон йўқотиш натижасида икки соатдан кейин вафот этди.
Бу тўқнашув тафсилотлари ҳақида гапирганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аввало, Намоз йигитларининг кўпчилиги ёш ва тажрибасиз бўлиб, фавқулодда ва мураккаб вазиятларда жанг қилиш тажрибасига эга эмас эди. Бундан ташқари, Намознинг ҳамма йигитлари ҳам тўлиқ қуролланмаган эди. Қуролланганлари ҳам ҳукумат аскарларининг ҳарбий таълим кўрган ва тўла қуролланган казакларига қаршилик кўрсатишга қатъиятсизлик ва парокандаликка йўл қўйдилар. Умуман олганда, Намознинг йигитлари бундай юзма-юз қуролли тўқнашувларга тайёр эмас эдилар. Бу ҳукумат аскарлари билан юз берган биринчи тўқнашув бўлганлиги сабабли ҳам тасодифий ҳужумдан эсанкираб қолиш ва йигитларнинг ярмини асирга олишига олиб келди. Бироқ, энг муҳим хато бу ҳам эмасди. Ҳукумат қўшинларининг таъқиб этиб келаётганликларини билган ҳолда Намоз довон устида кузатувчи қўйишни унутган эди. Бу эса сўзсиз ҳукумат аскарларининг муваффақият қозонишини таъминлади. 
Намоз йигитлари орасида эътибор қиладиган яна бир жиҳат бор эдики, у ҳам бўлса, ҳатто жанг пайтида ҳам рақибини отиш кўникмасининг йўқлиги эди. Юқорида кўрсатиб ўтганимиз "Закаспийский обозрение" газетаси ёзганидек, "...Бироқ, у казак жангчиларини ўлдиришни хоҳламаган ҳолда пастга қараб ўқ узарди", деган фактни ёки капитан Скварский кўрсатма берган ҳолатда Рустамнинг казак аскарига тўппонча ўқталиб турган бир ҳолатида капитаннинг казакка "уни от!" деб бақириши кабилар фикримиз далилидир. Рустам бу ҳолатда  кўнгилчанлик қилиб, "Мен отмасам у ҳам шафқат қилади", деб ўйлаган эди. Афсуски, ундай бўлмади. 
Бундай ҳолатни икки хил изоҳлаш мумкин: Яъни, ҳукумат аскарларини ўлдириш, Намоз ҳаракатини батамом тугатиш учун янада кўпроқ ҳарбий куч ажратишга сабаб бўлишини ва кейингиси динимизда ҳар қандай ҳолатда ҳам одам ўлдиришнинг оғир гуноҳ эканлигини ҳис этиб туриш, дейиш мумкин.
Шундай бўлса-да, Намознинг ўз отларига минишга улгурган йигитлари казаклар билан мардонавор жанг қилиб, қуршовдан чиқиб кетишни уддалайдилар. 
Чор ҳукумати маъмурлари Намозни тута олмаганликларидан аламзада бўлиб, унинг шаънига турли хил иғволарни ёғдиришдан ҳам қайтмасдилар. Шулардан бири уни "Каторгадан қочган Намоз", дея кўплаб расмий ҳужжатларда тилга олишларидир. Бундай иғво гапни уезд бошлиқларидан тортиб, олий мартабли генерал-губернаторларгача тап тортмай ишлатадилар. Уларнинг мақсадлари Намозни омма орасида ҳам, бир-бирларига тақдим қилинган расмий ҳужжатларда ҳам мумкин қадар кўпроқ обрўсизлантириш ва бадном қилишдан иборат бўлган.
Ҳурматли газетхон, кейинги саҳифаларда Сизга тақдим этилаётган ҳужжатларда ҳам бу сўз бот-бот айтиб ўтилади. Аслида-чи, Намоз ҳаракатининг бутун даври мобайнида (1904-1907 й.й) Намозни каторгага сургун қилиш ҳақида бирор марта ҳам суд ҳукми чиқарилган эмас. Суд ҳукми чиқарилиши учун эса аввало, уни қўлга тушириш ва барча айбловларни исботлаб бўйнига қўйиш лозим эди. Гарчанд Намоз 1905 йил 29 октябрда бир марта қўлга туширилган бўлса-да, орадан уч ой ўтиб, турма остидан 42 қулоч лаҳм ковлаб, ўзи билан эллик нафар маҳбусни ҳам қутқариб чиқиб кетади.
Шундай қилиб, Намозни каторгадан қочган деган сўзлар архив ҳужжатларидаги манбалар орқали исботлаб бериш мумкин бўлмаган асоссиз гаплардир.
Менинг зиммамда эса барча расмий ёзишмалар архив ҳужжатларида қандай ёзилган бўлса, Сиз азиз газетхонларга шундайлигича тақдим этиш масъулияти мавжуд эканлигидир.
Т е л е г р а м м а 
Самарқанд ҳарбий губернатори ўзининг 1905 йил 2 июнда Туркистон генерал губернаторига юборган 2277 рақамли телеграммасида шундай деб ёзади:
"Каттақўрғон уезди бошлиғи ихтиёрига 25 май куни мен томонимдан жўнатилган казаклар каторгадан қочган Намоз бошчилигидаги 20 нафардан ортиқ маҳаллий қуролли одамларга қарши юборилди. Улар яқинда Эмгамда сардогарлар карвонини талаб, аҳоли орасида ваҳимали шов-шувга сабаб бўлган эди. Тўқнашувда улардан ўн нафари  қўлга туширилиб, бир киши ўлдирилди, бир киши эса ярадор қилинди. Бундан ташқари, олинган ўн битта от, қурол-яроғлар ҳақида капитан Скварскийнинг тергов жараёни тўғрисидаги батафсил маълумотларини почта орқали тақдим этаман. Қўлга олинган тўданинг ярми ҳарбий дала судига берилган. Намоз эса ғойиб бўлган. Эшитишимча, Хатирчи беклиги чегараларидан ортга қайтиб, Самарқанд уезди томон кетган. Уни излаш тўғрисида 4391-рақамли кўрсатма берилган.
Генерал-майор С.Д.Гескеть.
Ф.И-1.Рўйхат 32. йиғма жилд 227. 6-бет. (Девонхона. 1905 йил 2 июнь чиқиш № 5382.)
                  ***
Тошкент Суд Палатаси Прокурорига
Самарқанд вилоят ҳарбий Губернатори шу йил 25 майдан Каттақўрғон уезди бошлиғи томонидан қатъий ҳаракатлар билан қўлга олинган бир гуруҳ қароқчилар ҳақидаги хабарни менга етказди. Каторгадан қочган Намоз бошчилигидаги қўлга олинган бир гуруҳ қароқчиларни тергов қилиш учун ҳукумат ихтиёрига топширилган.
Ушбуни эътиборга олиб, судга тақдим этилган гуруҳ аъзолари ишини Каттақўрғон ва Бухоро хонлиги жамоатчилик осойишталигини таъминлаш мақсадида дастлабки тергов суриштирув жараёнини Сиз муҳтарам зот ёрдамида тезлаштиришни ўтиниб сўрайман.
Имзолар. Кавалерия генерали Тевяшов сар.ук. Федотов.
Ишончли: имзо.
Ф.И.-1. Рўйхат 32. йиғма жилд 227. 8-бет.
Туркистон генерал губернатори Девонхонаси. 1-бўлим. 1905 йил 4 июнь № 5514. Тошкент шаҳри.
                 ***
Туркистон ҳарбий округи қўшинлари штаби Каттақўрғон уезди бошлиғи, подполковник П.С.Скварский бошчилигида шу йилнинг 25 май куни Бухоро амирлигининг Нурота беклигига қарашли Томчи қишлоғи яқинида каторгадан қочган Намоз етакчилигидаги тўда билан содир бўлган қуролли тўқнашув ҳақидаги маъруза ҳарбий қўмондонлик округи Девонхонаси томонидан тақдим этилмоқда. Тўқнашув айтилган тўданинг бир қисмини қўлга олиш билан якунланганлиги туфайли 2-Урал казак полки аъзолари рўйхати тақдирлаш учун илова қилинади.
Подполковник П.С.Скварскийнинг гувоҳлик беришича, қуйида номлари кўрсатилган казакларнинг чаққон ва қатъий ҳаракатлари ишнинг муваффақиятли якунланишини таъминлаган.
Ҳарбий губернаторнинг шу йил 31 майдаги     № 7520 сонли кўрсатмасида ўлканинг Бош раҳбари бу ишга "Офарин, тақдирлаш лозим", деб резолюция қўйган.
Имзолар: За УкП Гашеня. 
НДД котиби Вербов.
Ф.И-1. Рўйхат 32. йиғма жилд. 227.11-бет.
                 
                 ***
1905 йил 25 майда каторгадан қочган Намоз тўдаси бир қисмини қўлга олишда қатнашган жангчи казаклар
Р ў й х а т и:
1. Бакиров (старший урядник) 
Чор Россияда казак-унтер зобити.
2. Чаганов - казак.
3. Акчаев - казак.
4. Томчаков.
5. Штапиров.
6. Ишкаев.
7. Букатов.
8. Орлов.
9. Фафанов.
10. Молотов.
11. Ишбулатов.
12. Веселов.
13. Абдулов.
14. Загребин.
15. Миликеев.
Иш юритувчи вазифасини бажарувчи:
имзоси (ишончли)
Кейинги имзо:  (ишончли).
Ф.И.-1. Рўйхат 32. йиғма жилд 227. 
11-12 бетлар.
Ўктам ИКРОМОВ,
тадқиқотчи тарихчи.