НАМОЗ БОТИР ҚАЕРДА ТУҒИЛГАН?

Халқимизнинг шонли ва бой тарихида шундай мард ва жасур ўғлонлар ўтганки, уларнинг тарихини чуқур ўрганиш, холисона таҳлил қилиш ва ҳозирги авлодга етказиб бериш бугунги тарихчиларимиз олдида турган муҳим ва долзарб вазифалардандир.
1904-1907 йилларда Туркистондаги миллий ва мустамлака зулмига қарши кураш олиб борган халқ қасоскори Намоз ботир ҳаракати Ўзбекистон халқлари тарихида ана шундай ўчмас из қолдирганлиги билан ҳам алоҳида ўрин тутади.
Хўш, Намоз Пиримқул ўғли ким ва қаерда туғилган? 
Ушбу саволга жавоб топиш учун ўзбек совет энциклопедиясининг 7-томини варақлайман. (Ўзбекистон ФА академиги Мўминов И.М. таҳрири остида. Тошкент 1976 йил, 539-бет).
(Намоз Пиримқул ўғли 1865-1907 йй.) 1905-1907 йиллардаги рус буржуа-демократик революцияси даврида Самарқанд атрофидаги қишлоқларда кўтарилган халқ ҳаракати йўлбошчиси... (қачон, қаерда туғилганлиги айтилмаган). Сўнгра жавобни Ўзбекистон миллий энциклопедияси саҳифаларидан излайман. Давлат илмий нашриёти. Тошкент-2003 йил, 262-бет. (Тахминан 1877 йил Каттақўр-  ғон, Ўтарчи қишлоғи - 1907 йил.)
Самарқандда миллий зулм ва ҳақсизликка қарши кўтарилган оммавий халқ ҳаракати бошлиғи... Намоз Пиримқул ўғлининг қилган ишлари халқ ўртасида достон бўлиб кетган. Халқ бахшиси Нурмон Абдувой ўғли "Намоз" достонини яратган. (Тарихчи Наим Норқулов.)
Шундан сўнг "Ўзбекистон халқлари тарихи" дарслигидан ахтараман. Ўзбекистон Фанлар Академиясининг "Фан" нашриёти, Тошкент-1993 йил, 194-бет. Намоз Пиримқул ўғли аслида Каттақўрғоннинг Эшон (баъзи манбаларда Ўтарчи) қишлоғидан бўлиб, тергов ҳужжатларига қараганда, 1877 йилда туғилган. Ота-онаси чақалоқлигидаёқ вафот этиб, 7-8 ёшларгача амакисиникида яшайди... дейи-лади. 
Тарихчи олимларимиз Наим Норқулов ва Ҳамдам Содиқовлар ўзларининг "Гулистон" журналида 1972 йил № 5, 16, 17-бетлар "Намоздайин бир зўр ўтди жаҳонда..." мақоласида "Намоз Пиримқул ўғли Каттақўрғоннинг Ўтарчи қишлоғидан бўлиб, 1877 йилда туғилган. Болалигидаёқ етим қолиб, аввал амакисиникида яшайди, сўнг қаровсиз болалар билан топишиб, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида дарбадар юради", деб ёзадилар.
Яна Наим Норқулов ва ёзувчи Самариддин Сирожиддиновлар 1972 йил Самарқанд вилоятининг "Ленин йўли" газетасида берилган "Намоз ким эди?" сарлавҳали мақолаларида (17, 18, 20, 21 ва 23-май, № 95-100 сонлари). Намозни асли каттақўрғонлик 1865 йилда Эшон қишлоқда туғилган, деб ёзадилар. Шунингдек, журналист Марди Нуриддинов ҳам ўзининг "Қиндан чиққан қилич" қиссасида ("Ленин йўли" газетаси, 1979 йил 10-30 апрель сонларида) берилган. "Намоз асли Каттақўрғондаги Эшон қишлоқда туғилган. Ҳали бешикдалигида онаси қазо қилган. Отаси тақдир тақозоси билан Даҳбед волостининг Қўшмачит қишлоғига келиб қолганди...", деб ёзади.
Ва ниҳоят, Нуробод туманининг Жом қишлоғидан бўлган пенсионер тарихчи Одил Ҳусанов ўзининг "Эрк учун қиндан чиққан қилич" мақоласида ("Зарафшон" газетаси, 2006 йил, 18 июль сони, 2-бет) Намозни Жомда туғилган, деб ёзади.
Ана, сизга халқ қаҳрамони Намознинг қаерда ва қачон туғилганлиги билан боғлиқ турфа қарашлар. Каминанинг ўзи ҳам 1979 йил Самарқанд Давлат Университетининг тарих факультетини битириш арафасидаги ёзган диплом ишимда 1970 йиллар газета ва журналларида босилган юқорида кўрсатиб ўтилган манбаларга таяниб, Намоз Каттақўрғон уездининг Митан волостига қарашли Ўтарчи қишлоғида туғилган, деб ёзганман. Шундан буён орадан қарийб 45 йил вақт ўтди. Ҳа, чиндан ҳам жуда катта танаффус.
Гарчанд, шу йиллар давомида Намоз ботир хотирасини абадийлаштириш ва ҳаракатининг 100 йиллигига бағишлаб илмий конференция ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиш учун  Тошкентдаги ёзувчилар, тарихчи олимлар, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг тарих институти каби нуфузли идораларга кўп қатнаган бўлсамда, айтарли натижага эришиб бўлмади. Сабабими, сабаби кўп.
Шу 45 йиллик танаффус давомида Намоз Пиримқул ўғли ҳаракати тўғрисидаги манбаларни янада кўпроқ тўплаш ва танқидий ўрганиш, пировардида эса мукаммалроқ илмий китоб яратиш орзуси менга бир кун ҳам тинчлик берган эмас. Шу эзгу мақсад йўлида 2021 йил январь ойидан буён Ўзбекистон Миллий архиви ва А.Навоий номли Миллий кутубхонада ўтириб, манбаларни янада чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилмоқдаман. Қолаверса, Намоз ботир ва опаси Улуғой Пиримқул қизи (Энамнинг катта онаси, бувиси) руҳлари мендан шуни кутмоқда. 
Бу борада ўзларининг беғараз ёрдам ва маслаҳатларини аямаган тарих фанлари докторлари Қаҳрамон Ражабов ва Ҳамдам Содиқовларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. 
Халқимизда "кези келса фақат қоғоз гапиради" деган ажойиб бир ибора бор. Энди архив ҳужжатлари билан тиллашадиган бўлсак, Намоз Пиримқулов дастлабки тергов маълумотларига кўра, 1904 йилда ёши 32 да бўлган. (Бундан чиқди, 1872-73 йилларда туғилган - изоҳ меники). 
"-туғилган жойи: Бухоро амирлигининг Бойсун шаҳарчаси. (ҳозирги Сурхондарё вилояти).
-   доимий яшаш жойи:  Жар қишлоқ, Самарқанд уезд, Даҳбед волости.
-   лавозими: йўқ.
-   миллати ва уруғи: ўзбек, қўнғирот.
-   оилавийлиги: уйланган, боласи йўқ.
-   машғулоти ва ҳунари: ўғрилик. (ўша даврда мустамлакачи ҳукмронлар ва бой амалдорлар Намозни ўғри, қароқчи деб аташган).
- мулки борми: Жар қишлоқда ўттиз таноб ери ва ҳовлиси бор.
- илгари ҳам судланганми: 1902 йил Сиёб мировой суди қарори билан тўққиз ойга қамалган.
- кўриниши: ўрта бўйли, қорасоқол" 1(каби маълумотлар келтирилган. Ўзбекистон Миллий архиви Ф.И-130. Рўйхат -1, йиғма жилд 2894, XI том, 5-бет.)
Бундан ташқари, Самарқанд уезд 2-участка мировой суди томонидан Даҳбед пристави номига 1905 йил 31 мартида юборилган № 918-сонли (№ 11-сонли дело юзасидан) махсус хатида Даҳбед волостининг Жар қишлоғида яшовчи 1630 ва 1632-моддалар бўйича айбланаётган Намоз Пиримқулов ҳақида шошилинч маълумот юборишни сўрайди. Бу расмий хатга жавобан юборилган маълумотномада "Намоз Пиримқулов 32 ёш, туғилган жойи Бухоро амирлигининг Бойсун шаҳарчаси" 2. (Ўзбекистон Миллий архиви Ф.И-130. Рўйхат-1. Йиғма жилд 2931, VI-том, 65-бет) эканлиги кўрсатилган.  
Учинчи бир расмий ҳужжатда ҳам Намознинг Бухоро амирлигининг Бойсун шаҳарчасида туғилганлиги, 5 ёшга яқин Даҳбед во-лостига келганлиги, хотини ва уй-жойи   бор"3лиги (ўша жойда Ф. И-130. Йиғма жилд 2964. VIII-том, 82-бет) кўрсатиб ўтилади.
Шундай қилиб, архив ҳужжатларига кўра, Намоз 1872-73 йиллар Бухоро амирлигининг Бойсун шаҳарчасида туғилган бўлиб чиқмоқда. Энди уларни қандай қилиб ўша даврдаги Самарқанд уезд, Даҳбед волости яқинидаги Жар қишлоғига келиб қолганлиги ҳақида фикрлашсак: Оила бошига кулфат тушиб, ота-онасидан барвақт ажралган Улуғой, Намоз ва ҳозирча исми аниқланмаган яна бир синглиси уларнинг яқин қариндошлари томонидан Жар қишлоққа кўчириб келтирилган. Намознинг бу қишлоқда аввалдан яшаб келаётган бир қанча қариндош уруғлари бўлган, деб бемалол айтишимиз мумкин. Чунки архив ҳужжатларида Намознинг яқин қариндошларига уйланган бир нечта фуқароларнинг номларига дуч келамиз: Жумладан, "Холбек Хўжаёров -38 ёш. Даҳбед волостининг Жар қишлоғида яшайди. Дини мусулмон. Намознинг поччаси" 1. (Ўша жойда йиғма жилд 2931, 120-бет). Пиримқул қизи Улуғойга уйланган.
Самарқанд округ судининг Каттақўрғонда бўлиб ўтган терговида Намознинг хизматкори Ҳамроқул Дўстбобоев берган кўрсатмада "Эгамбердиев Райимберди - Жарқишлоқдан, 19-20 ёш, ўрта бўйли, қоши қалин, кўзи қора, соқоли йўқ. Намознинг куёви" 2 деган маълумотларни беради. (Ўша жойда йиғма жилд 2963, 28-бет). Бу одам ҳақидаги маълумотлар архив ҳужжатларининг бошқа саҳифаларида ҳам бўлиб, куёви эканлиги таъкидланади. 
1905 йил 29 сентябрь куни Намознинг ўртоқлари билан ўз уйига келмоқчи бўлганлиги ҳақида миш-миш гап чиқади. Бу хабарни эшитган Даҳбед волости бошқарувчиси Мирза Ҳамид Ҳусаинбоев, Жарқишлоқ жамияти оқсоқоли Мирзамуҳаммадқул Нуриллаев, элликбоши Абдувоҳид Абдусаматов, шунингдек, 2 нафар казак аскари, оксоқол йигитари Султонбек Ёвқочдиев ва Аваз Абдурашидовлар, жами 6 киши кечаси соат 5 да Намознинг уйини босадилар. Бу ерда қўлга олинганлардан бири "Бошмон Авазмуродов бўлиб, Бухоро амирлигининг Қарши шаҳридаги Жумабозор қишлоғидан эканлиги, Намоз билан 6 йилдан буён танишлиги, унинг қариндошига уйлангани, ҳозир эса Намознинг уйидаги қурилишга ёрдам бераётганлиги"3 ни айтади. (Ўша жойда йиғма жилд 2931. 64-бет.)
1979 йил диплом иши ёзиш давомида  жарқишлоқлик Ражаб ота Нормуродов (1895 й. 1.01.- 1979 й. 18.07.) ва қўшни қўшқўрғонлик Санақул ота Худойдодовлар (1896 й.-1984 йил 14.02.) билан кўп суҳбатлашганман. Айниқса, Ражаб ота Нормуродовнинг Намозни бир неча маробата кўргани, опаси Улуғой ва бош-қа қариндош уруғларини билганлиги, опасининг уйига тошкентлик ёзувчилар келганлиги (1927-28 йилларда Абдулла Қодирий ва Чўлпон келган. Улуғой катта онамизни Самарқанд шаҳрига фойтун аравада олиб кетишиб, бирга расмга тушишган). Бундан ташқари, Нурмон шоирнинг Жарқишлоққа келиб, чойхонада дўмбира чертиб "Намоз" достонини куйлаганини, ва ниҳоят Намознинг Галабек деган жойда ўлдирилганлиги каби маълумотлар ҳозирда архив манбаларига мослиги билан ҳам янада қимматлидир.
Қарияларимизнинг айтишларича, Намоз жарқишлоқлик Жавлонқул деган кишининг Тиниқ исмли қизига уйланган. Бироқ, улар ўртасида фарзанд туғилмаган.
1958 йилда Жарқишлоққа Намоз ҳақида фильм ишлаш учун бир гуруҳ киночилар келишади. Кинорежиссёр татар киши бўлган.  Режиссёр Абдулла Қодирий билан Улуғой катта онамиз бирга тушган ва энам узоқ йиллар сақлаб келган сўнгги нусха расмни қайтариб бериш шарти билан олади. Бироқ на кино ишлаб якунига етказилади, на расм қайтарилади. 1990 йил Абдулла Қодирийнинг уй-музейи ташкил этилиши муносабати билан бизникига тайлоқлик шоир Жамол Сирожиддин билан Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий келдилар. Уй-музейга қўйиш режалаштирилган ўша ноёб расмни топиб беролмаганимиздан анча хижолат бўлдик.
Энди яна Намознинг ёшлик даврига қайтадиган бўлсак, Ўзбекистон халқлари тарихи дарслигида берилган маълумотлар ва тарихчи олимларимиз Н.Норқулов ва Ҳ.Содиқовлар, шунингдек етмишинчи йилларда мен суҳбатлашган нуроний отахонарнинг гапларига қараганда, Намоз ва унинг опа-синглисини Жар-қишлоққа кўчириб олиб келган яқин кишиси унинг амакиси бўлган. Улар шу хонадонда ўсиб вояга етганлар. Модомики, акасининг учта етим фарзандини ўз бағрига олиб, уларга оталик қилган амакиси Жар қишлоқлик бўлган экан, шу қишлоқда шунча қариндош уруғи ва укаси бўлган Намознинг отаси жарқишлоқлик бўлган эмасми?
Дарҳақиқат, шундай бўлганлиги учун ҳам бу ерда муқим яшаб келаётган яқин кишилари уларни олиб келди ва ўз қарамоғига олди. Озроқ мантиқан фикрловчи ҳар қандай киши бу гапларга эътироз билдирмаслиги турган гап. Энди Намознинг отаси қандай қилиб Бойсун шаҳарчасига бориб қолган? Ўша ердан уйланганми ёки бошқа сабабми, буёғи бизга қоронғи.
Намоз билан шахсан таниш бўлган Каттақўрғон уездининг Энамяхши қишлоғилик Нурмон шоир Абдувой ўғли ўзининг "Намоз" дос-тонида шундай дейди:
"Намозбек дейдилар асли отини,
Даҳбед дейди ўсган вилоятини.
Бир фасил қилайин таърифотини,
Газет билан эшитиб эди Николай,
Зор йиғлади ўрдадаги хотини". 1. (Ўзбек поэзиясининг антологияси. Нурмон Абдувой ўғлининг "Намоз" достони. Ўз.Дав.нашр. Тошкент-1948 йил, 215-бет). 
Академик Ботурхон Валихўжаевнинг "Мирзо Қўқонбой ким бўлган?" мақоласида ёзувчи Мирзо Қўқонбойнинг Даҳбед волости қозихонасида Намоз билан учрашгани ва у ҳақида яхши таассуротда бўлганлиги"2 ҳақида ёзади. (Академик Валихўжаев Б. "Зарафшон" газетаси 2004 й. 12 август, 2-3 бетлар).
Ва ниҳоят, журналист ва тарихчи олим Ҳ.Содиқов "Общественные науки в Узбекистане" журналининг 1978 йил №4-сонидаги манбаларга бой илмий мақоласида: " Намознинг доимий яшаш жойи Жар қишлоқда, уй-жойи, оиласи бор" 3  ( Ҳ.Содиқов, Общественные науки в Узбекистане" жур. № 4-сон, 1978 йил 54, 58-бетлар) лиги ҳақидаги ўзининг холисона фикрини билдириб ўтади.
Азиз ўқувчим, юқоридагилардан кўриниб турибдики, Намоз ботир ҳақида қачон ва қаерда гап кетса, унинг ўсган волости Даҳбед, қишлоғи эса Жар қишлоқ эканлиги айтилади. Бу икки ном атамаси Намоз ботир номи билан чамбарчас боғлиқдир. Тарихда Даҳбед, Даҳбет, Довут ва Доғбет каби номлар билан аталиб келинган, табаррук заминида ислом оламидаги уч буюк аъзамнинг бири Махдуми Аъзамдек улуғ зот мангу қўним топган, сал наридаги тарихий Жар қишлоқда эса миллат шаъни ва қадри учун қўлига қурол олиб, мустамлака сиёсати ва Туркистон генерал-губернаторини зир титратган ҳамда ўтган аср бошларидаги энг машҳур шахсга айланган Намоз ботир ҳақида қалам тебратган барча марҳум ижодкорларнинг охиратлари обод бўлсин. Ҳозирда ҳам қўлларига қалам олиб, баҳоли қудрат бу мавзуда ижод қилиб келаётган барча тарихий ва бадиий адабиёт ижодкорларига зафарлар, ўзларига эса баракали умр тилаб қоламан. 
Ўктам ИКРОМОВ,
тадқиқотчи тарихчи. 
Мавзуга оид: