ГАЗЕТА ЎҚИМАЙДИГАН БОШЛИҚ

Ҳажвия
Тўра Тўраевич ишга калласи хум бўлиб келди. Бироз нима қиларини  билмай гарангсиди. Шу пайт ҳовлиқиб юрадиган ўринбосари Маллабой Қораев хонага кирди:
  • Тўра Тўраевич! Тўра Тўраевич, юқоридан комиссия келаётганмиш!
  • Уф, янами, кимлар экан, аниқладингми?
  • Улар орасида турли ташкилотлардан  вакиллар бор, дейишди. Айтишларича, сиз билан ҳар хил  мавзуда савол-жавоб қилишармиш. Ҳатто газета ўқийдими, йўқми шу ҳақда ҳам сўраркан, тайёр туринглар дейишди.
 Бошлиқ эрталабдан совуқ хабар етказган ўринбосарига бир ўқрайиб қўйди-ю, сир бой бермай жилмайишга  ҳаракат қилди. Креслога бемалол жойлашиб олгач:
  • Қачон келишаркан, бугунми? – деди.
  • Бугун дейишди.
  • Нима бўлганда ҳам тайёр турсангиз яхши бўларди.
Тўра Тўраевич ўйлаб қараса, иш жиддийга ўхшайди. Ҳар куни мажлис. Бунинг устига газета ўқиш ҳам қўшилибди.
 У қаршисида буйруғини сабрсизлик билан кутаётган муовинига деди:
- Биз қайси газеталарга обуна бўлганмиз?
- Афсуски, ташкилотимиз бор-йўғи битта газетага уч ойга обуна бўлган. Мана олти ойдирки, газетанинг келиши  тўхтади, - деди муовини айбдорона.
- Нега ундай бўлди?
- Ахир, ўзингиз номига обуна  бўлсак бўлди-да, деган эдингиз-ку. Шунга уч ойга...
- Уф... Энди нима қиламиз. Бирор жойдан газетани топинг!
Бошлиқ бироз ўйга толди. У азалдан мухбирларни хушламасди. Бундан бир  неча йил муқаддам Тўра Тўраевич бир кичикрок ташкилотга  бошлиқ этиб тайинланганди. Ўзи  ишонган   кадрларини ёнига олиш мақсадида ишни ходимларни бўшатишдан бошлади. Шундан сўнг жабрланганлардан бири  шартта газетага ёзиб юборди. Гап-сўз кўпайиб кетди. Ўшанда Тўра Тўраевич таниш-билишларни ишга солиб, ишни ёпди-ёпди қилганди.
Яна текширишга келаётганларнинг орасида ўша мухбир бўлмасин-да!
  • Менга қаранг, - деди у ҳамон қаршисида тик турган Маллабой Қораевга юзланиб, - ҳозир қаердан бўлса ҳам кейинги  бир хафтада чиққан газеталарни топиб келинг. Танишиб қўяйлик.
Ўринбор хўп бўлади, деганча чиқиб кетди. Тўра Тўраевич фикрини жамлашга ҳаракат қилди. Инсоф билан  айтганда   қачон газета ўқиганини ҳам эслай олмайди. 
  • Номи нима эди-я, деди ўзига ўзи бироз чайналиб, сўнг котибасини чақирди:
  •  Менга қара, туман газетамизни номи нима эди? 
  • Вой, тилим учида турганди-я, ҳозиргина Маллабой ака сўрагандилар-а!
  • Ўйла-ўйла, бир нарса ҳаёти...
  • Топдим, топдим. Туманимиз ҳаёти...
  • Ҳа-я, “Ғишткўприк ҳаёти” бўлди, боринг бораверинг. Қаерга йўқолди бу ўринбосар. Газеталарни қачон топиб келади-ю, қачон танишиб чиқаман.
Сабри чидамай ўринбосарининг қўл телефонига кетма-кет қўнғироқ қилди. Аммо у ҳам газеталарни топа олмаётганлигини, бошқа ташкилотлар ҳам шу ташвишда юрганликларини таъкидлади. Наҳотки, ҳар доим тўлиб-тошиб ётган газеталарни бугун топиш шунча қийин бўлса.
У сабри чидамай, гўё хонанинг эни неча метрлигини ўлчаётгандай, у ёқдан   бу ёққа бориб келар, юраги ғаш эди. Шу   пайтда котибаси билан кетма-кет   тўрт-беш киши хонага кириб келди. Бошлиқнинг кайфи учди. Бироз довдираб, уларни ўтиришга таклиф этди.  Меҳмонлар жойлашиб олгач, ташкилотдаги ишлар, унинг молиявий аҳволи ҳақида сўрашди. Тўра Тўраевич сўз ўзига теккач, жиловни қўлга олди, оғзини кўпиртириб гапира кетди. Комиссия аъзоларидан бири уни тўхтатди:
- Қилажак ишингизни эмас, бугун қилаётганингизни гапиринг.
Суҳбат мавзуси жиддий тус олиб, жамиятда бўлаётган ўзгаришларга   бурилди. У берилаётган саволларга чала-чулпа жавоб қайтарар, аниқ маълумотларга эга эмаслиги учун чайналарди. Сўнгра гап айни пайтда матбуотда чоп  этилаётган қонунлар, янгиликлар, мақолалар ҳақида кетди. Бу каби   саволларга  унинг тили айланмай қолди. Ҳатто  айрим республика нашрларининг номини ҳам чалкаштириб юборди. Туман газетаси ойига неча марта чоп этилишини эса комиссиядагиларнинг   ўзлари  айтишди. Тўра Тўраевич бу саволга жавоб беролмай мулзам бўлиб, шолғомдай қизариб кетди.
Комиссия аъзолари бошлиқнинг хонасидан  чиқаётганида қўлида бир даста газета билан Маллабой Қораев  ҳовлиқиб кириб келди.  У нима қиларини билмай, шошганча газеталарни бошлиқнинг қўлига тутқазди. Ҳали ўзига  кела олмаган бошлиқ комиссия чиқар-чиқмас газеталарни стол устига  улоқтирди...
Эшитишимизга қараганда, комиссия  хулосаларига кўра, Тўра Тўраевич юқори ташкилотдан катта ҳайфсан олиб, эндиликда  газета ўқийдиган бўлибди. Ҳатто катта давраларда  газетада нималарни  ўқиётганини бошқаларга ҳам айтиб  юрганмиш...
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидан олинди).