ОДАМ САВДОСИ-УМР ҒАВҒОСИ

Ҳозирги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш ҳалқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. 
Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.
Санаб ўтилган трансмиллий жиноятчилик, яъни ҳудуд ёки чегара танламаётган жиноятларнинг қайси бир турини таҳлил қилмайлик, уларнинг барчаси инсоният цивилизациясига очиқдан-очиқ тўсиқ экани, жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдириши маълум бўлади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида фуқароларимизнинг турмуш шароити узлуксиз юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда.
Буларнинг барчаси шахс эрки, унинг ҳаёти, саломатлиги ва шахсий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқий муҳофазаси самарадорлигини ошириш, шахс-давлат муносабатларида шахс манфаатлари устуворлиги тамойилига оғишмасдан амал қилиш эҳтиёжини янада кучайтирмоқда.
Шахс эрки ва қонуний манфаатларини таъминлаш ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган тадбирлар орқали амалга ошириб келинмоқда.
Бугунги кунда аҳоли миграцияси, шу жумладан, мамлакат ташқарисида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадидаги миграция жаҳон кўламидаги воқелик бўлиб, ўзининг кўпгина ижобий жиҳатлари билан бир қаторда салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Бу салбий ҳодиса глобал жараён сифатида бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Афсуски, фуқароларимиз ҳам одам савдоси қурбонларига айланмоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз ва жамиятимиз томонидан ушбу иллатга қарши қатъий чоралар кўришни, одам савдосига жалб этилган ва ундан жабр кўрган ҳамюртларимизни муҳофаза этишни долзарб вазифа қилиб қўймоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори фуқароларимиз ҳаёти ва саломатлиги, шаъни, қадр-қимматини жиноятчиларнинг тажовузларидан ҳимоялаб, инсон ва унинг ҳуқуқлари, манфаатлари энг олий қадрият, деган улуғ ғояни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан диққатга сазовордир. Одам савдоси қурбонларига айланган шахсларни ҳуқуқий ҳимоялаш, уларни ижтимоий, иқтисодий ва тиббий-руҳий жиҳатдан реабилитация қилиш давлатимиз ва жамиятимиз олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина яхши самара бериши мумкин.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд 

шаҳар судининг судьяси М.Рузиев