ЖИЙДА - НОЁБ ЎСИМЛИК

Ҳа, шундай. Негаки, у ҳам табиат биохилма-хиллигининг узилмас занжи-рини ташкил этади ва гарчанд маданийлашмаган бўлса-да, бироқ ер ости суви яқин минтақалар ва дарё ўзанларида уни учратиш мумкин. Жийда шу тариқа бизда қадимдан карвон йўллари атрофлари, уват ёқаларида жойлаштирилган ва бунга сабаб, у ер танламайди, қумлоқ, шўр ерларда ҳам ўса олади, шамол ва қумларни тўсишда фойдаланган. Яна бир жиҳати шуки, унинг меваси ширин, узоқ сақланади ва ишловсиз тановул қилинади. Таркибида 64 фоизгача қанд, 10 фоиз оқсил ва дармондорилар бор. Жийдадан саноатда бўёқ, лак олинади, қобиғи ва баргларини  одатда кийим-кечакларга ранг беришда фойдаланилса, гулидаги эфир мойи парфюмерияда, меваси ошқозон-ичак хасталигида, ёғочи эса мебель саноатида қўлланилади ва ундан қадимдан та ҳозирга қадар мусиқа асбобларини тайёрлашда ҳам фойдаланилган ва ҳоказо. 

Жийда аслида кўп йиллик дарахт ўсимлиги бўлиб, уруғи ва новдасидан кўпаяди ва ўтқазганда 3-4 йилда мева ҳосил қилади. Илдизи ўқ илдиз, яхши ривожланган бўлиб, тупроқни туга-наклари ҳисобига азот моддаси билан бойитади. Унинг бўйи 3-10 метр дарахтсимон ўсимлик, танаси тик ўсувчан, яхши шохлайди. Баргалари энсиз, майда ва кумушсимон рангда, гуллари учтадан барг қўлтиғида жойлашади. Гуллари чиройли, сариқ рангда, эфир мойи боис хушбўй ҳид таратиб, ариларни ўзига ром этади. Меваси юмшоқ, овалсимон, мағзи кукунсимон, пўсти эса сариқ ёки қизғич рангда бўлади.

Афсуски, жийда билан бизда ва бошқа ерларда асосан ҳаваскор ўстирувчиларгина шуғулланишини назарда тутиб, унинг тупроқ, озуқа ва сувга талабчан эмаслиги, ер танламаслиги, оддий қаров билан ҳам бир тупидан 20-35 кг ҳосил олиш мумкин эканлигини эслатиш зарур. У новдаси, илдизи, бачкилар ва уруғлари билан тез кўпаяди. Одатда 3-4 йилда мевага кириб, асосан май-июнь ойларида гуллайди, гуллари четдан чангланади ва мевалари сентябрь-октябрь ойларида пишиб етилади ва сўнгра эҳтиёжга қараб қўлда териб олинади.

Шундай қилиб, юқоридагилар асосида шуни айтиш керакки, агарда ҳозир жийдадан халқ хўжалигида самарали фойдаланиш йўлга қўйилса бу фойдадан ҳоли бўлмасди, албатта.


Хидирали БОТИРОВ,

қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.