ИЖАРАЧИ АЁЛНИНГ ҚИНҒИР ИШИ ФОШ ҚИЛИНДИ

Судланувчи Тўраева Холида (исми-шарифи ўзгартирилган), Оқдарё тумани  "Пўлатдархон" маҳалла фуқаролар йиғинида яшаб келиб, 2023 йил 9 август куни соат 17:30 лар чамасида Оқдарё тумани ИИБ тезкор вакиллари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, тадбирга жалб этилган "Алишер" ва "Парвина" исмли шахсларга 400.000 сўм эвазига жинсий алоқа қилишлари учун уйидан алоҳида хона ажратиб, уларни жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб берган вақтида, Оқдарё туман ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари томонидан ҳодиса жойида ушланди. Ундан тадбирда ишлатилган 400.000 сўм пуллар холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштирилиб олинди.

Холида Тўраева асли Жиззах вилояти, МТР ётоқхонаси, "Саноатчилик" маҳалла фуқаролар йиғинида доимий рўйхатда турсада, айни пайтда Оқдарё тумани, "Пўлатдархон" маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Унинг изоҳ беришича, қизи ва ўғли чет элга ишлаб пул топиш учун кетган бўлиб, ўзи одамларнинг уйларида ижарага яшаб келар эди. 

2023 йилнинг бошларидан буён у Самар-қанд вилоятида бўлганлиги сабабли Оқдарё тумани "Пўлатдархон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан Икром исмли кишига тегишли бўлган уйда яшаб келган. Икром исмли шахс унга "уйга қараб турсангиз бўлди, яшаб туришингиз мумкин", деб айтганлиги учун унинг уйида яшаб келар,  бирон-бир фойдали меҳнат билан шуғулланмаганлиги учун пул топиб кун кўриш мақсадида одамлар бир кунга ижарага уй керак деб телефон қилсалар, улардан пулларини олиб, шу пуллар эвазига кун кечириб келаётган экан. 

2023 йил 9 август куни соат 14:00 лар чамасида унга олдиндан таниш бўлмаган бир аёл киши телефон қилади: "Опа, менга жой керак бўлиб қолди, йигитим билан бирга бир оқшом тунашим учун менга жой тайёрлаб беринг", дейди. Холида унга майли келаверинг деб, хизмат ҳақи 400.000 сўм бўлишини айтади. Шундан сўнг соат 17:00 лар чамасида унга нотаниш бўлган рақамдан телефон қилиб, "Парвина" ва "Алишер" деган шахслар яшаш уйининг олдига келишади. Холида ўзи яшаб келаётган ҳовлидан дарвозахона олдидаги бир хонани ажратиб беради. Қиз ва йигит хонага киришларидан олдин унга 400.000 сўм миқдоридаги пулларни беришади. Қиз ва йигит уларни ҳеч ким безовта қилмаслигини айтишиб, алоҳида хонага кириб кетишади. Бир оз вақт ўтар-ўтмас тўсатдан дарвоза тақиллаб қолади. Шу вақти Холида тезда ташқарига чиқиб қараган вақтида фуқаролик кийимида бўлган шахслар келишиб, унга ўзларини ИИБ ходимлари деб таништириб, тезкор тадбир бўлганлигини айтиб, унга ўзларини таништиришиб, хизмат гувоҳномаларини кўрсатишади, холислар билан эканликларини айтишади. Оқдарё туман ИИБ ходимлари уйга кирган вақтида унинг уйига жинсий алоқада бўлиш учун келишган "Алишер" ва "Парвина" исмли шахсларни алоҳида хонада     яланғоч ҳолатда эканлигини кўришади. Шу вақтда Оқдарё туман ИИБ ходимлари Холидадан тадбирда ишлатилган пулларини тақдим этишини сўрашади. Шундан сўнг бўлиб ўтаётган воқеани англаб етган аёл ўз ихтиёри билан 400.000 сўм пулларни ва фуқаролик паспортини тақдим этади. Оқдарё туман ИИБ ходимлари пулларни ксера нусхалари билан таққослаб кўришган вақтида пулларни сериялари ксера нусхадаги пулларни нусхаси билан бир хилда эканлиги аниқланади, пулларни ундан холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олишади. Холида эса ҳозирги кунда суднинг қора курсисида ўтирар экан, ўзининг қилган ишидан минг пушаймон эканлигини, 2 нафар фарзанди борлигини, унга нисбатан енгиллик беришларини сўраб, баёнот бермоқда. Минг афсуски, у эндиликда қилган жиноий ҳатти-ҳаракати учун қонун олдида албатта жавоб беради.

Судланувчи Тўраева Холида, Ўзбекистон Республикаси ЖК 131-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Б.Нарбаев,

туман прокурори ўринбосари, адлия кичик маслаҳатчиси.

Р.Вахобов, 

туман прокурори ёрдамчиси, 

2-даражали юрист.