БИЗ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИМИЗ

Коррупция ҳар қандай жамият ривожланиши учун тўсиқ бўладиган ижтимоий хавфдир. “Коррупция” лотинча сўз бўлиб, луғавий жиҳатдан “порага сотилиш”, “айниш ва “таназзул” каби маъноларни англатади.

Ҳар қандай коррупциявий қонунбузарлик янги бир қонунбузарлик содир бўлишига туртки бўлади. 2003 йил 31 октябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан коррупцияга қарши БМТ Конвенцияси қабул қилинган эди. Мазкур Конвенциянинг қабул қилиниши бутунжаҳон ҳамжамиятининг коррупция иллатига қарши қаратилган муносабатининг ёрқин ифодасидир.

Ўзбекистон 2008 йилда мазкур Конвенцияга, 2010 йилда иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракатлар режасига қўшилган.

Мамлакатимизда 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Шунингдек юртимизда коррупцияга қарши ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 27 майда “Ўзбекистон    Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланган. Мазкур Фармонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг ўрта муддатли истиқболдаги устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилди.

Юртимизда сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашишнинг анча самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлари шакллантирилди. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияси, шунингдек, Олий Мажлис палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилди. Ушбу иллатга қарши курашиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия тузилиб, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланди.

Шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида жорий йил 29 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунувчи Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Айтиш лозимки, жамиятимизнинг барча аъзолари билан бир қаторда давлат хизматчилари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб  моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланишининг олдини олиш учун уларда ҳалоллик хусусиятининг шаклланганлиги муҳим аҳамият касб этади.

Олиб борилаётган бу каби ислоҳотлардан мақсад, юртимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш, унинг келиб чиқиш сабабларини  ўрганиш  ҳамда  бу  иллатни  барча  соҳалардан илдизини қуритишдан иборатдир.

Бу   борада   Самарқанд   вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам  тегишли  чора-тадбирлар белгилаб  олинган  бўлиб, шахсий таркиб ўртасида ва жойларда ўтказилаётган ҳар бир учрашув ҳамда тадбирлар давомида ушбу иллатга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари бирдек маъсул эканликлари, қонунбузилиш ҳолатларининг гувоҳи  бўлганларида  Давлат  божхона  қўмитасининг   қисқа  “11-08” рақамли ёки бошқармада ташкил  этилган  66 233-63-00  рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.