ШАРОФ РАШИДОВНИ ЭСЛАБ...

Бугунги мустақиллигимизнинг 30 йиллиги нишонланаётган дамларда юртимиз, халқимиз учун кўп хайрли ишларни амалга оширган, қарийб чорак аср мобайнида Ўзбекистонни бошқарган буюк давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидовни эслаб ўтишимиз биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Негаки, бу инсон бутун фаолияти давомида бойлик орттиришни ўйламади. Фақат юртим, халқим деб меҳнат қилди. Иккинчи жаҳон уруши фронтларида душманга қарши олиб борилган жангларда оғир ярадор бўлгандан сўнг, меҳнат фронтида ўзини кўрсатган бу инсонни кекса авлод вакиллари яхши эслашади. Ўрто Осиёда биринчи бўлиб Тошкент метросини қурилишига бош қош бўлган, Халқлар дўстлиги саройи қурилишида бевосита ташаббускор бўлган Шароф Рашидов оддий халқ билан доимий равишда алоқада бўларди. Ижод аҳлига ҳам ниҳоятда ғамхўр эканликларини кўп гапиришади. Айтишларича таниқли ёзувчимиз Одил Ёқубов “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бош муҳаррир бўлган кезларда хизмат машинаси мавжуд эмас экан. Одил Ёқубовни ўз ҳузурига чақирган Шароф Рашидов у кишидан хизмат машинаси бор ёки йўқлигини, ходимларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўраганида Одил Ёқубов хизмат машинаси йўқлигини айтади. Шунда Шароф ака масъул ходимларини чақириб ўзига тегишли бўлган хизмат машинасини газета таҳририятига беришни айтган экан. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бевосита бу инсонни ташаббуси билан Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги ташландиқ ерлар ўзлаштирилиб, боғ-роғларга, пахта майдонларига айлантирилди. Чўлда меҳнат қилаётганлар учун турар-жой бинолари, маданий-маиший, савдо шахобчалари фойдаланишга топширилди. Аҳолини яшаш шароити яхшиланди.
Шароф Рашидов ўлимидан сал олдин, аниқроғи 1983 йилнинг октябр ойи охирларида Оқдарё туманига ташриф буюрганлигини яхши эслайман. Ўшанда у киши собиқ Карл Маркс номли колхознинг Меҳнат Қаҳрамони Мажид Муродов бошлиқ бригадаси даласига ташриф буюриб, фаоллар ва колхозчилар билан дилдан суҳбатлашган эди. Биз ўшанда бу улуғ инсоннинг сўнги марта кўраётганимизни ҳаёлимизга ҳам келтирмаган эдик. Шароф Рашидовнинг юртимиз ва халқимиз учун қилган хизматлари ниҳоятда кўп. Бизнингча бу инсонга ҳам ўлимидан кейин Ўзбекистон Қахрамони унвони берилса яхши бўларди. Шу билан бир қаторда хотирасини абадийлаштириш учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Олийгоҳларга, кўчаларга Шароф Рашидов номи берилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Мавзуга оид: