АСРГА ТАТИГУЛИК УМР СОҲИБАСИ

Туманимизда шундай улуғ инсонлар борки, уларнинг умри бутун бир тарихни ўзида мужассам этади. Ана шундай мўътабар онахонлардан бири - Амир Темур маҳалласига қарашли Тўқмоқ қишлоғида истиқомат қилиб келаётган 101 ёшли Низаева Марям онадир.
Қишлоқ аҳли онахонни меҳнатсеварлиги, пазандалиги, чаққон ва эпчиллиги билан жуда яхши танийди. Ёши улуғ бўлишига қарамай, ҳануз шукроналик билан ҳаётга қараб, фарзандлари, невара-чеваралари ва қишлоқ аҳлига ибрат бўлиб келмоқда.
Марям она 1924 йилда Россиянинг Уфа шаҳрида туҳилган. 1942 йилда Иккинчи жаҳон уруши пайтида Россиядан Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Иккинчи жаҳон урушида хизмат қилган турмуш ўртоҳи Зокир Гайнатуллаев  билан биргаликда уч нафар қиз ва уч нафар ўҳилни вояга етказиб, барчасини уйли-жойли қилишган.
Бугунги кунда онахоннинг 21 нафар невараси, 50 нафар чевараси ва 3 нафар эвараси бор. Улар ардоғида қарилик гаштини суриб келмоқда.
- 1942 йилдан буён Ўзбекистонда яшаб келяпман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Ҳар бир олаётган нафасимиз ҳузурли. Фарзандларимиз ёнимизда. Инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Янги йилда барча яқинларимга, юртимиз аҳлига соғлик-саломатлик, тўкин ҳаёт ва тинчлик тилайман, - дея дуога қўл очади Марям она.
Асрга тенг умр, сабр ва шукроналик билан ўтган ҳаёт - бугунги ёшлар учун катта ибрат мактабидир. Шу ўринда биз ҳам юз ёшдан ошган онахонни Янги йил байрами билан муборакбод этиб, соғлик-саломатлик тилаб қоламиз.
                          Амина Хуррамова.