СОҲИЛДАГИ САДОҚАТ (қисса) (Охири. Бошланиши ўтган сонларда)
Оқшом кириб кун тун либосини ёпина бошлади. Ой мағрибдан қизғиш балдоғида ёпишиб турган ўроғини кўз-кўз қилади. Ашурали Сиддиқов идора ишларини якунига етказиб шофёрига уйига ташлаб ўтишни таъкидлади. Уйигача ҳали анча бор. У машинанинг орқа ўриндиғида ўйчан борарди. "Жасоратига қойил қолдим, Холбибини. Бошида шунча туҳмат тўқмоқлари бору аммо ҳеч нарса кўрмаган кишидек... Ҳақ-ҳуқуқлари паймол этилаётганда ҳеч бир кимсага дардини ошкор қилмаган. Шундаям бўладими инсон. Қонунлар бор бўлса... ўйланиб қоласан, киши. Қайси замонда яшаяпсан, Холбиби? Бошингга шунча бало-қузғун айлансаю, наҳотки бу қузғунларга қарши борадиган одаминг бўлмаса. Ҳеч ақл бовар қилмайди. Журналистга қилган суҳбатида, "...зўр билан талашиб нимагаям эришардим. Пул ўлгир бошни ҳам ошга, ҳам бало-қазога еткизади. Ахир пул нималарга қодир эмас?.. Ҳақми, ноҳақми насибамга илинганига қаноат қилиб индамай ўтиришда бошқасига кучим етмас эди..." дейди. Масаланинг моҳиятига ўйлаб қарасанг бир ҳисобда у тўғри йўл тутган кўринади. Шу топ бир ривоят эсимга келиб кетди. Бир давлатманд кимса бир кишини хизматкор ёллаб юмушини бажартириб олибди-ю, иш ҳақига келганда тихирлик қилиб уч ой ҳам ўтибдики, пулини бермабди. Ёлланма ишчининг оиласи қийналибди. Кимса бойнинг уйига боравериб чидолмаганидан ҳақоратга изм берибди. Пулдор бой уни ҳақоратлари учун қозига арз қилибди. Қози ҳар иккисини ҳузурига чорлаб масалани еча бошлабди. Қози сўзни бошлаб бойга берибди. Бой сўзига зеб бериб айбдорнинг устидан мағзавасини ағдараверибди. Камбағал бош эгиб ерга термулиб ўтирибди. Бой сўзини тугатгач, қози камбағалга юзланиб: "- Бир мири йўқ одам бўлсанг, нима қиласан пулдор билан талашиб. Пулдор билан талашганларнинг қисматини ҳеч кимдан эшитмаганмисан?"- дебди. Камбағал билдики қози ҳам улардан экан, шундай бўлсаям жазоланишидан олдин юрагини бир бўшатиб олмоқчи бўлиб, бой билан ораларида бўлиб ўтган воқеаларни бирма-бир баён қилиб; "-Ҳақ қарор қабул қилиш сиздан",-деб узр сўрабди. Қози шафқат қилиб уни йигирма дарра билан жазолашга ҳукм қилибди. Бойга:"- Нега бундай пасткашлик қилиб ишлаган ҳақини бермай, унинг болаларининг насибасига хиёнат қилдинг?",- дебди. Бой мағрур бош кўтариб: "- Иш ҳақи бор, бир кун бераманда, сабр қилсин",- деб қозига мўйлов қилибди. Қозини жаҳли чиқиб:-"Инсофни бойлигингга алмаштирдингми? Сенинг болаларинг яйраб турганида бу кимсанинг болалари нимани ейди? - деб унга қирқ дарра урушга ҳукм қилибди. Камбағални жазони ижро этиш тахтасига ётқизибдилар. Йигирма дарра урсалар ҳам индамай ётаверибди. Орқаси моматалоқ бўлиб кетган камбағал ҳамон мўминлигича экан. Навбат бойга келибди. Уни яланғочлаб жазолаш тахтасига ётқизибдилар. Даррачи уни дарра туширганида нола қилиб, "- Вой орқам, вой орқам,..."- деб шафқат-раҳм сўрашга ўтибди. Қозини ёнида ўтирганлардан бири қозига энгашиб жазони тўхтатишни, жазони қолган қисмига тилло тўлаб беришини айтибди. Қозига бу маслаҳат маъқул келиб дарра уришни тўхтатибди. Бой ўзида йўқ хурсанд тирик қолганига шукур қилиб миннатдорчилик билдирибди. Қози хафаланиб турган кимсага:"- Менинг ҳузуримдасан. Қани айт, бой дарранинг ўнига чидолмай ёлворишга тушди. Сен йигирма даррага қандай чидадинг?"- деди. Камбағал: "- Жаноби қози, орқали бўлмаса, арзимни кимга айтай",- дебди қозига, мустор бўлиб.
Ашурали Сиддиқов шу ривоятни эслади-ю, мийиғида кулиб қўйди...
Орадан ой ўтди. Ашурали Сиддиқов иш юзасидан пойтахтга борадиган бўлди. Дипломатига ўша ижтимоий очерк ёзилган газетани ташлаб қўйди. Ишларини битиргач, Олий суд раисига маслаҳат билан кириб ўтишни ният қилди. Ахир, шаҳар бедарвоза эмас-ку, уни хоҳлаган одам очиб-ёпаверса...
Олий Суд биноси. Ашурали Норбоевич раис қабул хонасига ўтди. Қўғирчоқдек, шаҳло кўзли ёши йигирма тўртлардан ошай деб қолган қиз компьютер мониторидан кўзини узмай ниманидир изларди. Шу излашида бошида келиб турган кимсага эътиборсиз эди.
Кеч киришига қарамай, идорада иш қайнайди. Котиба қўнғироқ чалиниши билан ўрнидан турди. ўрнидан турди-ю, ўзига нотаниш кимсага кўзи тушди. Тутилиб салом берди.
- Раисга кирмоқчиман. Сўраб чиқсангиз. Зарурият юзасидан келгандим, - деди. Ашурали Норбоевич.
- Бу ерга ҳамма зарурият юзасидан келади,- деди қиз кийимини тартибга келтираркан, раиснинг ҳузурига шошилиб.
Ашурали Норбоевич унга олис тумандан келганини, туман ҳокими эканлигини айтди.
- Марҳамат, ўтириб кутиб туринг. Сўраб чиқаман. Рухсат этсалар кирасиз, - деди котиба шошилиб.
Раис уни қабул қиладиган бўлди.
Хонанинг салобати кишини сус бостиради. Хона ўртасидаги иш жиҳозлари хорижникилиги шундоққина ўзи сўзлаб берарди. Сочу қошига оппоқ гард оралаган ўрта қоматли кимса столдан бош кўтармай иш кўрарди. Кимсанинг саломидан бошини кўтарди. Ашурали Норбоевич ўзини таништирди. Салом-аликдан кейин масалага ўтишди. У дипломатини очиб газетани унга узатди.
- Мана шу газетадаги "Соҳилдаги гурунг" номли очеркни ўқиб чиқсангизда, эртага шу пайтда яна мени суҳбатга келишимга рухсат этсангиз,-деди гўёки эски қадрдонлардек.
Раис газетани очиб, у айтган очеркни излади. Излади-ю, кўзойнагининг ости билан, буни менга нега бераяпсиз, маъносида қараб қўйди. Ашурали Норбоевич ҳам унинг бу сирли қарашига, мени почтальондек фараз қилманг, дегандек қараш қилди.
- Олисдан келган экансиз. Бу оқшом яхши дам олинг. Эртага албатта сизни қабул қиламан, шу пайтда. Келишдик-ми?! Газетани албатта ўқиб чиқаман,- деди мулойимлик билан.
Улар самимий хайрлашди. Ашурали Сиддиқов раиснинг қабулидан кўнгли хотиржам, табассум билан кўчага чиқиб меҳмонхонага шошилди...
Ашурали Норбоевичнинг ишлари бугун анчага кўпайди. Лекин ажратган режали вақти ҳаммасига улгурди. Соатига қаради яна ярим соат вақтдан сўнг Олий Суд раиси билан учрашиши керак. У қандай қарорга келади, ҳали аниқ эмас. Аммо кўнглига нимадир чарх урарди.
У котиба хонасига кирди. Бу сафар хона эшиги очилиши билан котиба рўбарўсидаги кимсага қаради.
- Келинг, раис сизни келишингиз билан кирсин деган эдилар. Мен ҳозир келганингизни айтиб чиқай...
Ашурали Сиддиқов билдики, раиснинг кайфияти яхши. Кайфият яхши бўлса ишни юришгани шу. Ҳеч нарсадан шубҳаланмаса бўлади.
Суд раисининг чеҳрасидан нур ёғилиб тургандай эди. У меҳмонни ўрнидан туриб кутиб олди. Сўнг ўтиришга қаршисидан жой кўрсатаркан:
- Газетани ўқиб чиқдим. Ҳолатдаги кўп воқеалар конкретлашган. Бунақасини баъзи терговчилар ҳам жойига қўя олмайди. Тажрибали журналист экан,- деди.
- У журналист билан мулоқотда бўганман. Кўринишидан камтар. Лекин ўз соҳасини билимдони экан, - деди Ашурали Сиддиқов.
- Жамиятда ҳар бир соҳа билимдон кадрга муҳтож. Шундай бўлса ривожланиш рисоладагидек ҳаракатда бўлади, - деди раис Самариддин Қаҳҳорович.
- Газетани ўқиган бўлсангиз менинг мақсадимни сезган бўлсангиз керак.
- У сизга ким бўлади?
- Ҳеч ким, қариндошлик жойи йўқ. Аммо тумандаги ҳар фуқаро менинг фарзандим. Уларнинг қайси бири ноҳақликка эришса мен ўрнимда безовта яшайман. Сиз билан мен ва бошқа раҳбарлар шу халқнинг, шу элнинг отасимиз. Унутсак...
Олий Суд раиси унинг сўзларини маъқуллади, жилмайиб:
- Ашурали Норбоевич мен ҳаммасига тушуниб етдим. Сиз туманимизга бориб кўнглингизни ойдин қилиб ишингизни қилаверинг. Мен судьялар билан суҳбатлашиб бир қарорга келамиз, - деди.
Самариддин Қаҳҳорович ўрнидан туриб жўнашга шайланган Ашурали Норбоевични қўлини қаттиқ қисаркан:
- Сиз менда ажойиб ва унутилмас таассурот қилдирдингиз. Фикрларингиз мени миннатдор қилди. Оқ йўл! Манзилингизга яхши етиб олинг,-деди табассум билан.
Куз фасли ҳам охирлашиб қолди. Деҳқон етиштирган ҳосилини йиғиш билан овора. Бу ёҳда келгуси йил ҳосили учун ҳозирдан тайёргарлик, кузги буғдой сепиш, ҳосилдан бўшаган ерларни тобига келтириб шудгорлаш. Қисқаси деҳқон учун ташвишли кунлар ҳали олдинда...
Ашурали Сиддиқов кабинетида энди ўтирган эди, ёрдамчи котиб бир даста газеталар билан бирга Олий Суд номи битилган конвертни унинг иш столига қўйди. У ҳаммадан аввал конвертни очишга киришди. Конверт ичидаги уч букланган қоғозни ёйиб ўқиди. Қоғозда шундай сўзлар битилган эди. "...Газетанинг ....сонида ёритилган "Соҳилдаги гурунг" номли очеркни ҳамда Холбиби Саидовага тааллуқли бўлган жиноий иш йиғмаси билан танишиб, ҳолатларни ўрганиб қарор қилади. "... кунидан содир этилган жанжалда Холбиби Саидованинг ишида жиноят аломатлари йўқлиги инобатга олиниб унга нисбатан чиқарилган... кунида ҳукм бекор қилиниб Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 1-2-қисмини қўллаб "оқлов" эълон қилади...
Ўзбекистон Олий Суди судьяси: Зоҳиджон Қодиров..."
Ашурали Норбоевич хатни ўқиб хўрсиниб қўйди. Жамиятни покланишида газетанинг ўрни, мавқеи беқиёслигини яна бир бор хаёлидан ўтказди. Бир пайтлар унинг отаси Норбой ака туман газетаси муҳарририга муовин эди. Унинг дарвозаси остонасида машиналар қатор турарди. Лекин ҳақ йўлида Норбой ака тушовини асло ечмаган.
У "Оқлов" хабарномасини буклаб конвертга жойлади. Сўнг одатдагидек газеталарни бирма-бир назаридан қолдирмади. У ҳозир Холбибини топиши керак. Унга бу хабарни еткизиб табриклаши керак. Энди ўрнидан турмоқчи эди, эсидан бир нарса кўтарилгандек эди. Бир зум ўйлаган эди эсидан кўтарилган нарса лоп этиб миясига келди. Ён дафтаридан журналист Турғун Холлиевнинг телефон номерини топди. У билан самимий гаплашди, сўнг газетанинг кучи билан Олий Суд Холбиби Саидовага "Оқлов" ҳукми чиқаргани билан шахсан уни муборакбод қилди...
Холбиби уч гектардаги бедазордан кўнгли тўлганидек ҳосил олди. Дастлабки ҳосилидан кўзланган сара беда уруғини йиғиб олди. Пресловчи машина билан ҳар бир ўримни тахлаб, сотишга шайлаб қўйди. Бир куни эрини бошлаб бозор оралади. Бир дона прес беда пичани ўттиз-ўттиз беш минг. Бунақа беда пресли пичанидан ҳисоби йўқ унинг ҳарамида. У ҳарамнинг устини чодир билан ёптираётганида, кутилмагандек шу заҳот Ашурали Сиддиқов келди.
- Ҳорманглар, хирмонга барака,-деди Зокиржон билан қўл олиб. Сўнг Холбибига юзланиб;
- Қани яқинроқ кел сингилжон, сени ғалабанг билан табриклай...
Холбиби ҳайратдан ҳайкалдек қотиб қолди. Зокиржон эса бирор яхши хушбахарни пайқагандек жилмайиб қўйди.
Ашурали Норбоевич шофёрига газета орасидан конвертни олиб келишни айтди.
- Бу конверт ичида сенинг оқланганлигинг тўғрисида Олий Суднинг қарори бор. Уни ўзинг ўқи!
Холбибининг ҳайрати ортса ортдики, аммо камаймади.
Букланган бир варақ қоғозни очиб ўқиркан, ўзини қай ҳолатга тушиб қолганини билмасди. Хў-ўш, йиғласин-ми, ё кулсинми? Тасодифми, ё ҳақиқат! Буни фарқига бормасди. Ашурали Норбоевич унга самимий жилмайиш билан овора эди. Зокиржон эса дам хотини Холбибига, дам Ашурали Сиддиқовга қарарди. Холбиби бир оздан кейин ўзига келиб:
- Тушумми, ё ўнгим,- деди.
- Танлаш ўзингдан,- деди Ашурали Сиддиқов.
- Мен Олий Судга мурожаат қилмаган эдим, бу мукофот менга қаердан келди, - деди суюниб.
- Бунинг бош сабабчиси сен билан суҳбат қилган журналист Турҳун Холлиев. Қолаверса, жамият билан газета ўртасида ана шундай узвийлик бор экан, ҳақиқат ўзини ойнада акс эттириб тураверади.
Улар суҳбатаро соҳил томон ёнма-ён юришди. Дарё машриқдан мағриб томон жимирлаётган тўлқинларни орт-да қолдириб жимжит оқади. Қуёш ҳам мағриб томон жим оқаётган дарёга елка ташлаб тобора пастлаб боради. Гўё осмон билан ернинг кўз илҳамас ўзаро туташганини орасига ўзини уриб, гоҳ-гоҳ кўриниш бериб яширинишга шошаётгандек. Унинг шаффоф нуридан дарё юзаси ва икки соҳилидаги она ер тандирмисол қип-қизил аланга ичида қолгандек кўриниш беради. Кеч кириб тун пардаси олам узра ёйилиши билан она табиат жимгина уйқуга кетади. Ҳатто шитирлаган товуш ҳам оромини бузмаслигини истайди. Бу манзарани кузатиб Холбиби атрофдагиларга;
- Балки миллиард йиллардир қуёш шу ҳодисалар ичида ўз қиёфасини такрор ва такрор намойиш қилиб, бир хиллигини асра ўзгартирмайди. Фақат булутлар унинг юзини тўсганида бу кўринишлар ҳойиб бўлади. Назаримда, булутлар ўртасида қарама-қарши тўқнашувлар бўлмаганида қор, ёмғир, дўл, жала, момоқалдироқ, яшин сингари фазовий реакциялар содир бўлмас эди. Ҳақ ва адолат ҳам, адоват-ноҳақлик гирдобида жон сақлаб кўриниш берар экан...
Ашурали Сиддиқов жилмайиб унинг сўзларини тасдиқлаган бўлиб оқимга олис тикилиб қолди...
Турсунбой МАМАДАЛИЕВ
Мавзуга оид:
СОҲИЛДАГИ САДОҚАТ (қисса) ( Бошланиши ўтган сонларда)
- 19 дек, 10:06
ТЕВАЧИК
- 10 ноя, 13:17
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05




