рубоийлар

РУБОИЙЛАР

КЎЗ БИРЛА ҚОШИНГ ЯХШИ

Кўз бирла қошинг яхши, қабоғинг яхши,

Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши.

Енг бирла менгинг яхши, сакоқинг яхши,

Бир-бир не дейин боштин-аёғинг яхши.


ГАР ОШИҚ ЭСАНГ

Гар ошиқ эсанг меҳру вафо қилма ҳавас,

Дард истаю дафъига даво қилма ҳавас.

Ҳижрону висол мутлақо қилма ҳавас,

Дилдорингдан ғайри ризо қилма ҳавас.


ХУШЛУҚ

Ким кўрди экин жаҳонда оё хушлуқ,

То бир киши айлагай таманно хушлуқ.

Юз йилда агар бир улса пайдо хушлуқ,

Омодадур ёнида юз нохушлуқ.


БУЮК ЗОТГА ТАЪРИФ

"… Бу улуғ амир дину давлат ҳомийси, шариат ҳамда миллатнинг пушти паноҳидир"

Давлатшоҳ Самарқандий.

"Анинг назми васфида тил қосир ва баён ожизтурур".

Ҳусайн Бойқаро.

"…туркий тилда ҳеч ким Навоийдек кўп ва хўп шеър айтмаган ҳамда назм гавҳарларини сочмаган эди".

Абдураҳмон Жомий. "Баҳористон" дан.

"Ундан аввал ва ундан кейин ҳеч ким туркий тилда шеърни ундан кўпроқ ва ундан юксакроқ ёзолган эмас. У форсий шеърни ҳам кўп ёзган."

Муҳаммад Ҳайдар Мирзо. "Тарихи Рашидий"дан.

"Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас."

Заҳириддин Муҳаммад Бобур. "Бобурнома"дан.