САБЗАВОТ ЭКИНГ


Ҳа, шундай. Сабзавоткорларимиз ўта омилкорлик билан ҳар йили 2-3 сара ҳосил олишга эришадиларки, ушбу қоида ҳозирда уларни нафақат баҳор ёки кеч кузда (тўқсонбости ва бошқа) балки саратонда экиш учун ҳам ҳақиқий таомилига кирган, дейиш мумкин. Чунки айнан шу даврдаги қуёшнинг жазирама тафти, тупроқ-иқлим шароити ҳар бир экин жумладан, оқбош карам ва саримсоқдек сабзавот экинларининг вакилларини ҳам ўз вақтида пишириб етиштиради. Шуни назарда тутиб, қуйида ана шу экинлар ҳақида қисқача маълумот келтирмоқчимиз. 
Таъкидлаш керакки, вилоятимизнинг Булунғур, Жомбой, Тайлоқ, Ургут, Самарқанд, қисман Пастдарғом, Нарпай, Пахтачи туманларида ғалладан бўшаган майдонларга такрорий сабзавот, полиз ёки картошка экинлари экилганда уларнинг агротехнологиялари бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар, яъни экин майсаларини ягана қилиш, чопиқ ўтказиш, бегона ўтлардан тозалаш, маҳаллий ва маъдан ўғитларни беришни ўз вақтида ҳамда сифатли олиб бориш мўл ҳосилга замин ҳисобланади, албатта. 
Оқбош карам. Бизда уни сабзавоткорларимиз бир ҳафтада, яъни ҳар йили август ойининг биринчи яримига қадар далага ўтқазишади. Унинг Тошкент-10, Термиз-2500, Ўзбекистон судьяси ва Ўзбекистон-133 навлари тавсия қилинади. Экиш пайтида кўчатлар 6-7 баргли бўлиши ва анғиз даласи суғорилиб, 25-30 см чуқурликда ҳайдалиши талаб этилади. Сўнгра ер тобга келгач, кўчатлар 90х40 см схема билан қўлда экиб чиқилади. Орадан 2-3 ҳафта ўтиб, дастлабки ишлов берилади ва яна 20-25 кундан сўнг эса иккинчи бор экинга ишлов берилади. Уни озиқлантириш учун гектарига 25-30 тонна гўнг, соф ҳолда 200 кг азот, 15 кг фосфор ва 75 кг/га калий тавсия этилади. Гўнг тўлиқ, фосфор ва калийни нисбатан 75-50 фоиз шудгор остига берилади, қолган қисми ва азотнинг 20 фоизи кўчатларни экиш олдидан, тупбарг ҳосил қилганда ва карамбош ўраганда берилади. Карам дастлаб ҳар 7-10 кунда сўнгра эса 10-12 кун жами 6-9 марта оралатиб суғорилади ва ишлов берилади.  Шундан сўнг карам тайёр бўлиши билан кеч кузда оддий пичоқ ёрдамида 2-3 дона барглари билан кесиб олинади ва истеъмол, талаб ҳамда таклиф асосида сотувга чиқарилади. 
Саримсоқ. Унинг бизда экиладиган Майский ВИР ва Южнофлетовая навлари тавсия қилинади. Экиш учун дала яхшилаб тайёрланади ва экин қолдиқларидан тозаланади. Гектарига 15-20 тонна ҳисобида гўнг ва фосфор-калийли ўғитларнинг 70 фоизи шудгор остига берилади. Саримсоқпиёз август ойи ва сентябрда экилади. Уруғлар қўлда сепилиб, сўнгра хаскаш ёрдамида тупроқ билан аралаштирилади. Тупроқ типига қараб, саримсоқ экилган майдонга 100-150 кг азот, 90-120 кг фосфор ва 60-90 кг/га калий ўғити берилади. Одатда 2-3 қатор қилиб экилганда тасма ораси 50-60 см, қаторлар ораси  10-15 см ва қатордаги ўсимликлар ораси эса 6-8 см, экиш чуқурлиги 3-4 см бўлади.  Таъкидлаш керакки, саримсоқ кузда совуқ тушгунга қадар 1-2 марта яхшилаб суғорилади ва қиш ойларида далада қолдирилади. Шу даврга қадар қатор оралари юмшатилиб, бегона ўтлардан тозаланади ва пайҳонга қарши чора-тадбирлар белгиланади. 
Саримсоқ пиёз ҳосили ёзнинг бошида (июнь-июль) йиғиштириб олинади. Башарти ушбу муддатдан кечикса, у ҳолда паллалари осон ажралиб, бу ҳосилнинг беҳуда нобуд бўлишига олиб келади. Ҳосили кетмон ёки белкурак билан тупроқдан ағдарилиб сараланади ва қўл билан яхшилаб териб олингач, қуритилади. Саримсоқнинг  барглари ва гул поялари бўлимидан 3-5 см узунликда пичоқ билан кесиб олингач, пиёзлари катта-кичиклигига қараб сара қилинади. 
Шуни таъкидлаш керакки, карам ва саримсоқнинг ўсиш ҳамда ривожланиш даврида уларга бир қатор зараркунандалар хуруж қилади. Карам бургаси, шираси ва барг кемирувчиларига қарши 30 фоизли Бензофосфатдан 2 л/га ёки Фуфанон (57 фоизли) дан 1,2 л/га ёрдамида ишлов берилади. Карам оқ қаноти ва шираларига қарши эса 20 фо-изли Багирадан 0,4 л/га ёки Децнис препарати билан 0,7 л/га ҳисобида ишлов бериш тавсия қилинади. Шундай қилинса, шахсий томорқа хўжаликларимизда ҳам ёз бўйи меҳнат қилиб, куз остонасида яна баракали хирмон билан оила даромадимизга қўшимча даромадни ҳозирлаган бўламиз. 

  Хидирали БОТИРОВ, 

қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.

   Шавкат ЖАББОРОВ,  

сабзавот-полиз ва картошкачилик  ИТИ вилоят илмий-тажриба станцияси бошлиғи. 

Мавзуга оид: