ЁШЛАРИМИЗ ОИЛАГА ТАЙЁРМИ?

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда намунали оилалар мисолида замонавий мезонлар асосида ҳаётий тажрибаларини татбиқ қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги "Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора тадбирлари тўғрисида"ги 820-сонли қарори никоҳ ёшига етган ёшларимизни оилага тайёрлашда айни муддао бўлди. Никоҳни қайд этиш учун ариза берган ўттиз ёшдан ошмаган никоҳланувчи шахслар розилиги билан туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига ўқув машғулотларда қатнашиш учун юборилмоқда. Ўқув машғулотларнинг   асосий мақсади дарсларда келин-куёвларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий ажримларни олдини олиш мақсадида бир-бирини яхши тушуниб кетишга кўмаклашувчи психологларимиз маслаҳатларини бериш, тиббий маданиятини ошириш учун тиббиёт ходимларини жалб қилишдир. Никоҳланувчи ёшлар оила қуриш олдидан оилада ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхши билиши, эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборатлиги, қолаверса келажакда фарзанд тарбияси борасида ҳам икки томонга қанчалик масъулият юкланиши ҳақида  ушбу ўқув машғулотларида ўзларига керакли маслаҳатларга эга бўлишади. Никоҳланувчи ёшларимизни ушбу ўқув машғулотларимизга жалб қилар эканмиз, баъзи ҳолатларда ортиқча вақти йўқлигини баҳона қилиб қатнаша олмаслигини билдирган ёшларимизга айтадиган гапимиз шуки, бу машғулотлар сизларнинг қуриладиган оилаларингиз мустахкам бўлиши, сиз қанчалик кўп оилада керакли маълумотларга эга бўлсангиз, бўлажак турмуш ўртоғингизни яхши тушунсангиз, бу борада мутахассислар маслаҳатидан чиқмасангиз, бўлажак оилангизда бир-бирингизни тушуниш, ажрим ҳолатларини олдини олган бўласиз. Шу билан бирга миллий қадриятларимиздан бўлган оилани қанчалик муқаддаслигини тушунасиз ва қадрлайсиз. Бу борада келажакда ёшларимиз ўртасида яна ҳам кўпроқ тарғибот ишларини олиб бораверамиз ва ёшларимизни бундай тадбирларимизда фаол бўлишини сўраб қоламиз.
М.САЙДУЛЛАЕВА, 
туман ФҲДЁ бўлими мудираси.