10 апрель - Ўзбек адабиётининг йирик намояндаси Абдулла Қодирий туғилган кун "МОЗИЙГА ҚАРАБ ИШ ТУТМОҚ ХАЙРЛИДИР"

Абдулла Қодирий тилшунос ва таржимон сифатида ҳам катта ишлар қилди. У татар физик олими Абдулла Шиносийнинг "Физика" (1928), Н.В. Гоголнинг "Уйланиш" (1935), А.П. Чеховнинг "Олчазор" (1936) асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Қозонда босилган "Тўла русча-ўзбекча луғат"ни (1934) тузишда иштирок этди. Қодирий 20-йилларнинг ўрталарида ёзган "Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан", "Тошпўлат тажанг нима дейдир?" ҳажвий асарларида бидъат ва хурофотни қоралади. Уларда халқнинг яшаш тарзи ва руҳий оламини ўзгартиришга интилган жадид адабиёти мақсад ва ғоялари ўз ифодасини топган. Маърифатпарварлик, миллат озодлиги ва истиқлол ғоялари Абдулла Қодирий асарларининг асосий ғоясини ташкил қилади. Абдулла Қодирий асарлари, айниқса, романлари жаҳон миқ-ёсида кенг тарқалди. Унинг "Ўтган кунлар", "Меҳробдан чаён", "Обид кетмон" асарлари рус, инглиз, немис, итальян, араб, озарбайжон, тожик, қозоқ, уйғур, татар тилларига таржима қилинган. Немис адабиётшунослари Н. Тун, И. Балдауф, америкалик тадқиқотчилар Э.Олворт, Христофор Мурфи, Эден Наби каби олимлар Абдулла Қодирий ижоди бўйича жиддий ишлар қилишган. 1991 йили Ўзбекистон мустақилликка эришиши биланоқ Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра Абдулла Қодирийга Навоий номидаги Давлат мукофоти берилди. 1994 йили адиб "Мустақиллик" ордени билан тақдирланди. Шу йили Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Тошкент Маданият институтига, Тошкентдаги маданият ва истироҳат боғига, катта кўчалардан бирига, Халқ мероси нашриётига ҳамда кўплаб маданият муассасаларига Абдулла Қодирий номи берилган.
Абдулла Қодирий уй-музейи
Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирий уй-музейи Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Самарқанд дарвоза кўчаси 35-уй манзилида жойлашган. Ушбу уй-музей Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланган 2019 йилнинг 27 декабрь куни очилган эди.
Абдулла Қодирий яшаган икки қаватли уй ва шийпон 1928 йили адибнинг ўзи ва усталар ёрдамида қурилган. Абдулла Қодирий у ерда 1937 йилгача яшаган. Қутлуғ маскан 70 сотих майдонда жойлашган бўлиб, у ер адиб яшаган икки қаватли уй, ундаги 4 та хона, алоҳида ёзги шийпон ва унинг биринчи қаватидаги битта хонадан иборат. Шунингдек, 2019 йили уй-музейига қўшимча тарзда кутубхона, конференция ва кўргазма заллари ҳам қурилган. Кутубхонада ҳозирги кунда 20 минг дона китоб мавжуд.
Музей дарвозасига кираверишда "Ўткан кунлар" ва "Меҳробдан Чаён" китобларининг илк нашри муқоваси суратларига кўзингиз тушади. Улар "Муштум" журнали рассоми Иоаҳим Тулля томонидан чизилган. Рассом Неъмат Ҳакимов эса уларни репродукция қилган. Музей атрофи нақшинкор, баланд ёғоч устунли айвонлар билан ўралган. Йўлак узра уй-музейни оҳиста кўздан кечираркансиз, ҳовли деворларига Қодирий ижодига оид ўзбек ва жаҳон адибларининг битилган фикрларига кўзингиз тушади. Бу сўзлар ёзувчи нафақат юртимиз, балки жаҳонда ҳам алоҳида эътироф этилган ижодкор эканини билдиради. Тошкентнинг аввалги кўриниши фотоларда акс этган кенг хона ёзувчи ижодини батафсил ўрганишга мўлжалланган. Бошқа хонада - мўъжаз галереяда унинг ҳаёти, ижоди, маънавий жасорати акс эттирилган картиналар жамланган. Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган графика услубидаги портретлар Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзаев томонидан ишланган.
Абдулла Қодирийнинг илк асарлари нашр этилган газета ва журналлар, дастлабки китоблари, бошқа тилларга ўгирилган китоблари ҳам шу ерда жамланган. Маскан ҳовлисида адиб ҳайкали ҳам бун-ёд этилган. Ҳайкалтарош Баҳром Норбоев адибни бир қўлда китоб тутган ҳолда ўйчан, мулоҳазага берилган тарзда тасвирлаган.
1937 йилнинг 31 декабрь куни адиб яшаган ушбу хонадонда мудҳиш воқеа юз берган эди. НКВД ходимлари уни оиласи бағридан олиб кетади. Бемор ётган ўғли билан видолашишга ҳам имкони бўлмаган Қодирий 1938 йилнинг 4 октябрида қатл этилади. Унинг ўлдирилиши ҳақидаги ҳукм эса 5 октябрда чиқади.
Бугун юртимизга Қодирий орзу қилган ёруғ ва қутлуғ кунлар келган. Истиқлолнинг илк йилларида Қодирий Алишер Навоий номидаги республика давлат мукофоти, "Мустақиллик" ордени билан тақдирланди. Пойтахтимиздаги боғлардан, метро бекатларидан, кўчалардан бирига Абдулла Қодирий номи берилди. 2019 йили Абдулла Қодирий ижод мактаби қуриб, фойдаланишга топширилди. Эски шаҳарга кўчириб келинган "Турон" кутубхонаси биносида Абдулла Қодирий номидаги музей очилди.
Адиб ҳаётининг энг мазмунли йиллари ўтган қутлуғ маскан эндиликда ёзувчи-шоирлар, адабиёт мухлислари, маданият ва санъат намояндалари, музейшунослар, кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, ёзувчининг қариндошлари, авлодлари, талабалар, мактаб ўқувчилари, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар келадиган ажойиб масканга айланди.
Мавзуга оид:

ЯНГИ ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ УЛКАН НАМОЯНДАСИ
- 23 июл, 13:51

Адабиёт саҳифалари
- 10 апр, 07:59

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22