ОҚДАРЁДА ХАЛҚ БАНКИ БОШҚАРУВЧИЛИГИГА ЛОЙИҚ НОМЗОД ЙЎҚМИ?

Бугунги кунда Оқдарё туманида 165 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ана шу аҳолига Лойиш шаҳарчасида жойлашган Халқ банки хизмат кўрсатмоқда. Кейинги йилларда Халқ банки бошқарувчилари негадир тез-тез алмашадиган бўлиб қолди. Кейинги бир йил ичида икки марта раҳбар ўзгарганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Кўпчиликда нега раҳбарлар бунчалик тез ўзгараяпти деган савол туғилиши табиий. Бунинг асосий сабаби вилоят Халқ банки бошқаруви томонидан туманни яхши билмайдиган, эҳтимол соҳасини ҳам яхши тушунмайдиган кадрларни жўнатаётганлиги бўлиши мумкин деган фикрдамиз. Негаки, банкка келган янги раҳбар бу ернинг шарт-шароитини, салоҳиятини ўргангунга қадар қарийб бир йил ўтиб кетади. Шундай экан, нега туманнинг ўзида бошқарувчилик вазифасига лойиқ номзод топилмаса деган саволни қўймоқчимиз. Очиғини айтганда, туманда бу соҳада иқтидорли кадрлар тўлиб-тошиб ётибди. Лекин вилоят Халқ банки бошқаруви раҳбарлари негадир ҳар олти ойда янги бошқарувчи жўнатишмоқда. Шу ўринда айрим мулоҳазаларни ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Нега кадрни танлаш ва жой-жойига қўйишда туман ҳокимлигига ваколат берилмаяпти? Ахир банк туманда жойлашган бўлиб, шу ернинг аҳолисига хизмат кўрсатадику. Туман ҳокимлигида фаолият кўрсатувчи мутахассиснинг айтишига қараганда, вилоят Халқ банки бошқарувидаги мутасаддилар туман ҳокимлигининг бу борадаги мурожаатларини умуман ҳисобга олмай ўзлари истаган кадрни Оқдарёга жўнатишаяпти. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Тепадан қўйилган Халқ банки бошқарувчиси туманда ишлагандан сўнг бевосита туман ҳокимлигига бўйсиниши керакми, ёки фақат вилоят халқ банки бошқарувчисининг буйруғини бажариши керакми? Бу тарзда икки ҳокимиятчилик пайдо бўлмайдими? Аниқроқ айтадиган бўлсак бошқарувчи ҳоким берган топшириқни бажарсинми, ёки юқоридан берилган топшириқними? Нима бўлганда ҳам туман аҳолисига хизмат қиладиган Халқ банки бошқарувчиси шу ерда вояга етган, паст-баландини биладиган, янада қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак, ташкилотда ким тўғри, ким ўғри эканлигини яхши биладиган инсонни бошқарувчи этиб тайинлашса мақсадга мувофиқ бўларди. Шу ўринда айтмоқчимизки, Оқдарё Халқ банки кадрларни синаб кўрадиган жой эмаслигини вилоят Халқ банки бошқарувидаги масъуллар билиб олишларини истардик. Албатта ҳар қандай кадрни танлашда у вилоят ташкилот бўладими, ёки Республикага бўйсунувчи корхона бўладими бевосита туман ҳокимлиги билан маслаҳатлашган ҳолда иш юритмоғи лозим. Буни даврнинг ўзи яққол кўрсатиб турибди. Яна бир бор таъкидлашни истардикки, Оқдарёда Халқ банки бошқарувчиси вазифасига лойиқ инсонлар ўнлаб топилади. Фақат уларни бу вазифага тайинлаш керак, холос.

Мавзуга оид: