Инсон ва қонун СЎНГГИ ПУШАЙМОН-ЎЗИНГГА ДУШМАН

Оиланг тинч - сен тинч. Инсон аслида бахт ва эзгулик учун дунёга келади, шу орзу-умид билан яшайди. Лекин, шундай одамлар борки, оиладаги ўзаро келишмовчилик, эр-хотинлар ўртасидаги уруш-жанжал туфайли нафақат ўзларининг, балки ўзгаларнинг ҳам тинчлигини бузади. Ахир, "Бир кун уруш бўлган уйда қирқ кунгача барака кетади", дея халқимиз томонидан бежизга айтилмаган-ку.
Ҳуқуқбузар Нозимов Темур (исми-шарифи ўзгартирилган) ва унинг турмуш ўртоғи Феруза Ғаниева (исми-шарифи ўзгартирилган) ўзлари олий маълумотли педагоглар бўлишига қарамасдан, оиладаги ўзаро келишмовчилик туфайли нафақат ўзларининг балки, ўзгаларнинг ҳам тинчлигини бузишга сабабчи бўлишди. Нозимов Темур 2025 йил 6 февраль куни соат 10:00 ларда Оқдарё тумани, "Галаравот" маҳалласида жойлашган яшаш уйида турмуш ўртоғи Феруза Ғаниева билан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолишади. Уни уриб тан жароҳати етказиб, оилавий зўравонлик қилганлиги дастлабки суриштирув органи томонидан аниқланиб, маъмурий баённома тузилган.
Ҳуқуқбузар Феруза Ғаниева эса ўша куни турмуш ўртоғи Темур Нозимов билан ўзаро келиб чиққан келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолиб, уларнинг жанжалини бартараф этишга ҳаракат қилган қайнонаси фуқаро С.Р.ни уриб тан жароҳати етказганлиги аниқланиб, маъмурий баённома тузилган.
Суд мажлисида сўроқ қилинган ҳуқуқбузар Т.Нозимов ўзининг кўрсатувида, айбига қисман иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам 2025 йил 5 февраль куни турмуш ўртоғи Ф.Ғаниева билан телефон масаласида ўзаро жанжаллашиб қолганлигини айтди. 2025 йил 6 февраль куни соат 10:00 ларда Оқдарё тумани, "Галаравот" маҳалласида жойлашган яшаш уйида турмуш ўртоғи Ф.Ғаниева онаси С.Р.ни урганлиги сабабли уни итариб юбориб тан жароҳат етказганлигини, турмуш ўртоғи Ф.Ғаниевани шаъни ва қадр-қимматини таҳқирламаганлигини, ҳозирда турмуш ўртоғи Ф.Ғаниева билан ярашмаганлигини, у содир қилган қилмишидан пушаймонлигини, бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини, оилавий шароити оғирлигини инобатга олиб қонуний енгиллик беришликни билдириб баёнот берди.
Жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди. Эндиликда бу икки оила аъзолари ўзларининг қилган ишидан минг пушаймон бўлишсада, уларнинг ҳар бири қилган ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун албатта қонун олдида жавоб беришга мажбурдир.
Ҳуқуқбузар Темур Нозимов Ўзбекистон Республикаси МЖтК 592-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ҳуқуқбузар Ғаниева Ферузага Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 52-моддасининг 2-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, яъни 750.000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
И.Ғуломов,
туман судининг тергов судьяси.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

суд ва ҳаёт
- 26 фев, 16:58