САЛЛАНИ ДЕСА, КАЛЛАНИ ОЛМАСЛИК КЕРАК, ЖАНОБЛАР!

Ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги мактабларнинг бирида 13 ёшли ўқувчи қизнинг ҳомиладор бўлиб қолганлиги ҳақидаги хабарлар кўпчиликда ҳар-хил фикр уйғотди. Айримлар бунинг асосий айбдори сифатида уйидаги онаси дейишса, баъзилар у ўқиган мактаб директори, синф раҳбарига чора кўриш тарафдори бўлишмоқда. Бундай ўйлаб қарайдиган бўлсак, мактаб аввало ўқувчига куннинг маълум вақтида билим беради. Мактабдан сўнг, ўқувчи асосан ўз оиласи бағрида бўлиши табиий. Нега энди мактаб директори ва синф раҳбарига чора кўрилиши керак? Улар куну-тун ҳар бир ўқувчи билан бирга бўла олишмайди-ку. Собиқ шўро давридаги салбий касалликлардан бири, наҳотки ҳозир ҳам амалда қўлланаётган бўлса. Чунки ўша даврларда ҳам бирорта ўқувчи ёки талаба айб иш қилса мактаб директори ёки олийгоҳ ректорига чора кўриларди. Бундай эски "анъана"лардан воз кечиш пайти келмадимикин? Ундан кўра оилаларда тарбиявий ишларни янада кучайтириш чораларини кўриш керак. Саллани олиб кел деса, каллани ҳам қўшиб олиб бормаслик керак, ахир жаноблар! Сенатда ўтирган ҳурматли сенаторларимиз айнан мана шу масалада қонунга ўзгартириш киритиш ҳақида ўйлаб кўришларини истардик. Чунки, сўнгги пайтларда ҳали балоғатга етмаган қизларни номусига тегиш, зўравонлик ишлатиш ҳолатлари борган сари кўпайиб боряпти. Бундай жирканч ишларни амалга оширган шахсларга нисбатан камида 20 йил қамоқ жазосини белгилаш лозим. Ана шундагина жамиятда тартиб-интизом бўлади. Қатъий қонунлар амалда қўлланилмас экан, барча турдаги жиноятлар ошиб бораверади. Буни асло унутмаслик лозим.
ЖЎШҚИН.
Мавзуга оид: