Нуронийлар доимо ёшларга ибрат бўлишади

Суҳбатдошимиз ҳақида қисқача маълумот:
Ҳамидулло Қаршиев 1953 йилнинг 12 мартида Арпа қишлоғида туғилган. 1970 йилда 2-ўрта мактабни битириб, Самарқанд савдо техникумида ўқиган. Шунингдек, у Самарқанд кооператив институтини ҳам муваффақиятли тугатган. Меҳнат фаолиятини 1972 йилда Янгиқўрғондаги савдо ташкилотида оддий иқтисодчиликдан бошлаган. Кейинчалик туман нон комбинатининг директори, туман умумий овқатланиш корхонасининг раҳбари, Янгиқўрқон савдо ташкилотининг раиси вазифаларида самарали фаолият кўрсатган. Ҳозирга қадар вилоят халқ таълими бошқармаси негизидаги "Маърифатпарварлар" жамияти маркетинг бўлими бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келди. Оилали, 6 нафар фарзанди бор.
Ҳамидулло ака. Авваламбор, бу вазифага тайинланганингиз билан кўп сонли фахрийлар номидан қутлаймиз. Айтингчи, ишни нимадан бошладингиз?
- Ҳурматли Президентимиз томонидан кейинги йилларда кексаларга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги бежиз эмас. Чунки халқимиз «Қариси бор уйнинг париси бор» дейишади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда туманимизда қарийб 165 минг киши истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг 17 600 нафарини нафақадаги фуқароларимиз ташкил этади. Уларнинг 13 700 нафари кексалик гаштини суришмоқда. Бу эса умумий аҳолимизнинг 8 фоиздан юқорисини ташкил этади. Ташкилотимизнинг асосий вазифаси ана шу юқорида айтилган нафақадаги инсонларга етарли шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат. Шунинг учун ҳар бир маҳалла раислари билан ҳамкорликда нуронийлардан сайланган маслаҳатчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг иқтидорини, салоҳиятини таҳлил қилиб кўришимизга тўғри келди. Айни пайтда бу ишимиз ўзининг дастлабки натижаларини кўрсатмоқда. 
- Очиғини айтиш керакки, бугунги кунда маҳаллаларда истиқомат қилаётган пенсионерлар туманда бўлаётган янгиликлардан бехабар қолишмоқда. Уларни рағбатлантириш, турли саёҳатларга олиб чиқиш масаласига ҳам эътибор бериладими?
- Саволингиз жуда ўринли. Бу вазифага тайинланганимга қадар ҳам бу ҳақда кўп ўйлардим. Чунки маҳаллаларда истиқомат қилаётган нафақат фахрийлар, кўпчилик аҳоли ҳам янгиликлардан бехабарлигини ҳамма яхши биларди. Шу боисдан ҳам ҳозирги кунда ҳар бир маҳаллада, ҳар бир гузарда нуронийлар билан доимий равишда иш олиб боришимизга тўғри келади. Бир умр барча соҳаларда ишлаган фахрийларимизни раҚбатлантириш, қўллаб-қувватлаш борасида аниқ чора-тадбир белгиладик. Ташкилотимизга тегишли бўлган "Дамас" автомашинасини маҳаллалардаги нуроний вакилимиз ихтиёрига бериб, бир кунда 6 нафар нуронийни улар хоҳлаган зиёратгоҳларга олиб боришни йўлга қўйдик. Агар туманда 35 та маҳалла борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу тадбирнинг охирига етишимиз учун 35 кун вақт кетади. Албатта техника харажатини биз ўзимиз ҳал қилиб берамиз. 
- Яқинда "Устоз" сиҳатгоҳида кўп сонли фаол фахрийлар билан учрашув ташкил этилганлигидан хабаримиз бор. Бу тадбирда қандай масалалар муҳокама қилинди? Эшитишимизга қараганда, ҳар бир маҳаллада 100 тупдан ёнғоқ кўчати ўтқазиш ташаббуси олға сурилибди. Шу ҳақда батафсилроқ тўхталсангиз?
- Шуни айтиш мумкинки, туманимиз сўлим ва гўзал эканлигидан биз ҳамиша фахрланишимиз керак. Негаки, Миёнқол оролида жойлашган Оқдарё ўзининг географик ўрни, иқлим шароити билан катта имкониятларга эга эканлигини, очиғини айтганда, кўпчилигимиз англаб етганимиз йўқ. Чунки ичимлик суви дейсизми, экинларни суғориш дейсизми, барчаси бизда етарли. Маҳаллаларни айланиб чиққанимизда ҳали мавжуд ер ресурсларидан фойдаланмаётганлигимизни, аксарият увот, ариқ ёқалари, йўл четлари бўш ётганлигининг гувоҳи бўлдик. Ана шу бўш ерларга сувга чидамли мевали дарахтларни ўтқазишни кекса нуронийлар билан келишиб олдик. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир маҳалладаги бизнинг вакилимиз бошчилигида 100 тупдан ёнғоқ кўчати экишни режалаштириб ташаббус билан чиқдик. Кўпгина маҳалла фуқароларининг таклифлари бўйича бундан ҳам кўпроқ яна ўрик, гилос, бодом кўчатлари ва бошқа сувсизликка чидамли мевали-ю манзарали кўчатлар ўтқазиш бўйича қўшимча таклифлар ҳам кўтарилди. Умуман олганда "Устоз" сиҳатгоҳида бўлиб ўтган кенг қамровли бу тадбиримиздан барча нуронийларимиз катта таассуротлар олганликларини алоҳида таъкидлашди.
- Ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида Фахрийлар Кенгашини ташкил этса бўладими? Агар ташкил этилса бевосита бу Кенгаш фахрийлар билан яқиндан алоқада бўлармиди? Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?
-Тўғри масалани кўтардингиз. Чунки кексаларимизнинг барчаси маҳаллаларда истиқомат қилади. Улар билан доимо алоқа қилиш учун эса ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида Фахрийлар Кенгашини тузишни режалаштириб турибмиз. Айни шу кунларда маҳаллаларга бориб фаоллар билан учрашувлар ўтказилаяпти. Албатта бу   хайрли иш ўзининг ижобий натижаларини беришига умид қилсак бўлади. 
- Айни пайтда ҳар бир маҳаллада "Ҳоким ёрдамчилари" штати жорий этилиб, улар фаолияти йўлга қўйилди. Шу билан бирга маҳаллаларда ёшлар билан ишловчи кадрлар ҳам иш олиб боришаяпти. Ана шу юқорида кўрсатилган вазифадаги кишилар билан бевосита сизлар ҳам ҳамкорликда иш олиб борсаларингиз қандай бўларкин?
- Муҳтарам Президентимиз томонидан "Ҳоким ёрдамчилари" штатининг жорий этилганлиги халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди. Чунки ҳаётда кўраяпмизки, барча муаммолар маҳаллаларда яққол кўзга ташланаяпти. "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари", "Аёллар дафтари" сингари масалаларни барчасини маҳаллада ҳал қилиш мумкин. Эътиборли томони шундаки, бу борада ҳоким ёрдамчиларига катта ваколатлар берилганлиги ўзининг ижобий натижаларини беради деган фикрдаман. Шу билан бирга ҳар бир маҳаллага ёшлар билан ишловчи кадрларнинг қўйилганлиги ҳам уюшмаган, ишсиз ёшларни меҳнат билан банд қилиш имкониятини яратмоқда. Агар умумий қилиб айтадиган бўлсак, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар билан ишловчи мутахассис ва нуронийлар билан бевосита шуғулланувчи бизнинг вакилимизнинг ҳам мақсади битта, у ҳам бўлса иқтисодимизни кўтариш, ишсизликни камайтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборатдир. Албатта бу ишларнинг барчаси маҳалла раислари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Ҳар бир масала юқорида кўрсатилган ваколатли шахслар иштирокида муҳокама этилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланиши лозим. Чунки халқимиз бугун мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилаётганлигини  ўз кўзлари билан кўришлари лозим. 
- Хабарингиз бор, бир пайтлар хўжаликларда дала шийпонлари ва чойхоналар мавжуд эди. Аммо кейинги йилларда шийпонлар ва чойхоналар хусусийлаштирилиб юборилди. Аниқроғи йўқ қилинди. Ҳозир маҳаллаларда яшаётган пенсионерлар қаерга боришини билишмайди. Ҳар бир маҳаллада чойхона ташкил этса бўлмайдими?
- Жуда ўринли савол бердингиз. Бу бизнинг энг долзарб ва амалга оширишимиз лозим бўлган иш деб ҳисоблайман. Тан олишимиз керак, ҳозирги пайтда маҳаллаларда кексаларни йиғиб тадбир ўтказадиган, дам олишларини ташкил этадиган бирорта жойнинг ўзи йўқ. Туманда бирорта маҳаллада чойхона йўқлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳатто туман марказида ҳам нуронийлар чойхонасининг мавжуд эмаслиги ғоят ачинарли ҳол деб ўйлайман. Бу масала юзасидан туман ҳокими билан маслаҳатлашиб олдик. Натижада туман марказидаги Нуронийлар масканида барча қулайликларга эга бўлган чойхона ҳам ташкил этишни жорий йилнинг Наврўз байрами арафасигача ҳал қилишни режалаштирдик. Кейинчалик туманнинг барча маҳаллаларида ҳам бўш ётган биноларни аниқлаш ва уларни чойхоналарга айлантириш учун ўзимизнинг вакилларимизга тавсиялар бердик. Албатта бу ишимиз ҳам ўз натижасини кўрсатади. 
- Очиғини айтиш керак, ёшлар тарбиясида кексаларнинг роли катта аҳамиятга эга. Чунки миллий ғояларга таянган ҳолда урф-одатларимизни тарғиб қилиш, юриш-туриш, кийиниш, одоб ахлоққа эътибор бериш учун ҳам фахрийларнинг тажрибасидан фойдаланиш керак. Бу борада қандай ишларни амалга ошириш ниятингиз бор?
- Ёшлар тарбияси ва унда кексаларимизнинг ўрни ҳақида яқинда "Устоз" сиҳатгоҳида ўтказилган катта тадбирда батафсил фикрлашиб олдик. Унда ёшларимизнинг миллийлигимизни сақлаган ҳолда кийиниш маданияти, юриш-туриш, одоб-ахлоқ масалаларига эътиборни кучайтириш, уларни иш билан банд қилиш, ўқишга, ҳунар ўрганишига, жамиятимизга, қолаверса оиласига намунали фарзандлар бўлиб тарбияланиши хусусида жойлардаги хотин-қизлар масалалари билан бевосита шуғулланувчи маҳалла раисининг нуронийлар билан ишлаш ходимлари, профилактика нозирларининг долзарб вазифалари эканлигини йиғилиш давомида келишиб олдик. Албатта бу борада оилани ўрни беқиёс эканлигини эсдан чиқармаслик керак. Чунки оила жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Ҳар бир бола оилада тарбия топади. Шундай экан, ота-оналаримиз ҳам фарзандларини болаликдан билимли, илмли ва меҳнатсевар бўлиб етишишлари учун астойдил ҳаракат қилишлари лозим. Ахир халқимизда бир болага етти маҳалла ота-она, деган нақл бежизга айтилмаган-ку. Буни ота-оналар доимо ёдларида сақлашлари лозим, деган  фикрдаман. Шунингдек, йиғилишда ҳар бир нуроний 5 нафар ёшларга мураббий бўлиши лозимлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Албатта режалаштирилаётган бу ишларимиз ўзининг ижобий самарасини беришига тўла ишониш мумкин.
- Бир пайтлар кадрлар олтин фондимиз дейиларди. Албатта туман иқтисодини яхшилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш кўп жиҳатдан кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда катта аҳамиятга эга. Бу борада "Нуроний" ташкилоти туман ҳокимлигига ёрдам бера оладими?
- Ҳақиқатдан ҳам тўғри таъкидладингиз. Ҳар бир соҳада кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш катта аҳамиятга эга эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Оқдарёни илғор туманлар қаторига олиб чиқиш, иқтисодиётини кўтариш, аҳоли фаровонлигини ошириш кўп жиҳатдан барча тоифадаги раҳбарларга боғлиқ эканлиги ўз-ўзидан аён. Биз нуронийлар билан ўтказилган семинар йиғилишимизда бу борада ҳам фикрлашдик. Шу билан бирга Нуронийлар Кенгаши аъзолари таркибини қайта кўриб чиқиб, аъзолар сонини ҳар жиҳатдан элга ибратли бўлган кишилар ҳисобидан белгиладик. Чунки туманнинг паст-баландини биладиган, суяги меҳнатда қотган, аҳоли ўртасида катта ҳурматга эга бўлган 11 нафар кишидан иборат Нуроний Кенгаши аъзоларини тасдиқладик. Кенгаш аъзолари ичида деҳқончилик, халқ таълими, ички ишлар ва бошқа соҳаларда намуна бўлган инсонларнинг борлиги эътиборга лойиқдир. Албатта кадрлар масаласида ҳам туман ҳокимлигига ўз фикримизни айтамиз. Чунки биз ҳаммамиз шу юртнинг фарзандимиз. Туманда ким қайси вазифага лойиқ эканлигини, унинг билими, иқтидори қандай эканлигини биз яхши биламиз. Албатта ҳокимлик билан бамаслаҳат иш олиб боришимиз халқимиз манфаатларига хизмат қилишига ишонамиз.
- Очиғини айтиш керакки, бизнинг назаримизда кейинги пайтларда боқиманда одамлар сони кўпайиб бораётганга ўхшайди. Кўпинча туман ҳокимлиги биноси олдида ҳокимни кутиб ўтирган ўнлаб фуқароларни учратамиз. Уларнинг айримлари сир эмас, меҳнат қилмасдан ҳокимликдан бир нарса ундириш пайида юришади. Бунга мисоллар бисёр. Айтингчи, туманда маҳалла фаолият кўрсатаётган, иккинчи томондан халқ қабулхонаси бўлса-ю, мурожаатчиларнинг тўғридан-тўғри ҳокимга келиб талаб қилиши қанчалик тўғри. Бу ҳақдаги фикрингизни билмоқчи эдик?
 -Ҳақиқатдан тўғри таъкидладингиз. Авваллари ҳам меҳнат қилмасдан "ёзувчилик" билан шуғулланиб ҳокимликни ва бошқа ташкилотларни қўрқитиб ўз манфаати йўлида фойдаланган шахслар бор эди. Лекин тан олиш керак, уларнинг сони кам эди. Бироқ сўнги пайтларда туман ҳокимлигига мурожаат қилаётганларнинг аксарият қисми ҳали ёш, меҳнатга яроқли фуқаролар эканлигини гувоҳи бўляпмиз. Шундай қилиш керакки, мурожаат қилувчилар тўғридан-тўғри ҳокимга эмас, аввал маҳаллага, у ерда иши битмаса халқ қабулхонасига мурожаат қилишларини ташкил этиш керак. Чунки шикоят қилиб келаётганларнинг барчаси қайсидир маҳаллада яшайди-ку. Бу тадбирни қатъий жорий қилиш керак. Ҳеч бўлмаганда туман ҳокимлигининг кириш эшигига фуқаролар халқ қабулхонасига мурожаат қилишлари шарт деган ёзувни илиб қўйиш керак. Бундан ташқари, келаётганларнинг айримлари озиқ-овқат маҳсулотлари беришни талаб қилишади. Очиғини айтиш керак, бир-икки марта берган билан шикоятчининг иши юришиб кетмайди. Бундай пайтда уларни иш билан таъминлашни ва лозим бўлса уларга меҳнат қуролларини олиб беришга тўғри келади. Энг муҳими, боқимандаларни иш билан таъминлаш механизмини тўла ишга солиш керак. Меҳнат қилмай кун кечиришга ўргатмаслик керак одамларимизни. Негадир туманимизда дангасалар кўпайиб кетаяпти, чоғи. Нима бўлганда ҳам маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган ҳоким ёрдамчилари аҳолига иш ўринларини яратиш ҳақида жиддий бош қотиришлари ва изланишларига тўғри келади. 
- "Оқдарё овози" газетаси ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик. Газетани ўқиб борасизми? Унда чоп этилаётган мақолалар сизга маъқулми? Яна қандай мақолалар берилишини истардингиз?
- Туманимиз кўзгуси ҳисобланган "Оқдарё овози" газетасини ашаддий мухлиси эканлигимни фахр билан айтишим керак. 50 йилдан ошибдики, газетани ҳар бир сонини қолдирмасдан ўқиб чиқаман. Кейинги пайтларда газетанинг катта форматда, рангли тарзда чоп этилаётганлиги кўпчилик қатори мени ҳам қувонтирмоқда. Тан олиб айтишим керак, марказий газеталардан ҳеч қандай фарқи йўқ. Улардан қолишмайди демоқчиман. Мақолалар ҳам менга ёқади. Айниқса кейинги пайтларда туманимиз тарихининг ҳар сонда ёритилаётганлиги, танқидий-таҳлилий мақолаларнинг доимий равишда бериб борилаётганлиги кўпчилик қатори менга ҳам маъқул келяпти. Агар газета саҳифаларида маҳаллалар фаолиятини акс эттирувчи мақолалар ҳам мунтазам бериб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди деб ўйлайман. Бу борада газета ижодкорларига омад тилайман.
Мухбир:Самимий суҳбатингиз учун газетхонларимиз номидан сизга ташаккур билдирамиз.
Суҳбатни Йўлчи МуҲаммадиев олиб борди.