ЭЛ АРДОҒИДАГИ ШИФОКОРЛАР

Жамиятимизда шундай касб эгалари борки, улар учун иш вақти чегараланмаган. Одамлар уларга кеча-ю кундуз мурожаат қилишади, кўмак сўрашади. Айниқса, нуридийдангиз, бутун борлиғингиз бўлган болажонингиз тўсатдан бетоб бўлиб қолса, дунё кўзингизга қоронғи бўлиб кетади. Кечасими, кундузими бўлишидан қатъий назар, нажот излаб дарҳол улар ҳузурига шошасиз. Англаган бўлсангиз, бундай касб эгалари албатта, шифокорлардир. Негаки, шифокорлар ҳамиша инсонлар билан бирга, улар учун беморларнинг ижтимоий келиб чиқиши аҳамиятсиз, асосийси, уларнинг дардига шифо топса бўлгани. 
Туманимиз тиббиёт ходимлари орасида ҳам ана шундай ўз касбини жон-дилдан севувчи, ҳалол меҳнати билан эл назарига тушган шифокорлар кўплаб топилади. Зумрад Абдуллаева ҳам ана шундай ўз касби-кори орқасидан эл ўртасида ҳурмат-эътибор қозонаётган ёш шифокорлардан ҳисобланади. У асли жомбойлик бўлсада, тақдир тақозоси билан туманимизнинг Ўзбекистон МФЙ Болта қишлоғига келин бўлиб тушди. Турмуш ўртоғи Улуғбек Темиров ҳам бугунги кунда туманимизда болалар шифокори сифатида фаолият юритаётган ҳамда ўз касбининг устаси сифатида халқимизга беминнат хизмат қилаётган тажрибали ва қўли эм болалар шифокори ҳисобланади.
Зумрад Абдуллаева 2009 йили Самарқанд тиббиёт институтининг педиатрия йўналиши бўйича давлат гранти асосида тамомлади ва ўз иш фаолиятини туманимиздаги Болта ҚВПда участка врачи сифатида бошлади. Ишлаш билан биргаликда магистратурада ҳам таҳсил олди. У 2014 йили магистрлик унвонини олгач, туман тиббиёт бирлашмасида навбатчи шифокор ва туман болалар кўп тармоқли марказий поликлиникасида участка врачи вазифаларида фаолият юритди. 2016 йилдан Болалар бўлими кундузги врачи ва "Шошилинч Тез Ёрдам" бўлими болалар навбатчи врачи бўлиб ишлади. 2018 йилдан бошлаб эса болалар врачи Зумрад Абдуллаева туман тиббиёт бирлашмасининг Болалар бўлими мудири вазифасида фаолият юритиб келмоқда.
- Келажагимиз ворислари бўлган болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга намунали тиббий хизмат кўрсатиш бугунги кунимизнинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади, - дейди суҳбат чоғида бош педиатр Зумрад Абдуллаева. - Айни пайтда Болалар бўлими 35 ўринга мўлжалланган бўлиб, 40 нафарга яқин жамоамиз билан  халқимиз фарзандларининг соғлигини тиклаш йўлида хизмат қилмоқдамиз. Биргина 2021 йил мобайнида бўлимда 1114 нафар ўрнига 1500 нафар болалар даволаниб, ўз оилалари бағрига қайтишди.
Бош педиатр Зумрад Абдуллаева билан суҳбатлашар эканмиз, болалар соғлигини тиклаш ва уларга кўрсатилаётган хизматни замон талаблари даражасига кўтариш борасидаги айрим ечимини кутаётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Бўлим биноси 2018 йилдан эски бинодан ҳозирги бинога кўчиртириб ўтилган бўлиб, 35 ўринга мўлжалланган касалхонада йил давомида 40-45 нафаргача бола даволанаётганлигини таъкидлади. Бу эса айрим дори-дармонларнинг етишмаслигига ҳам сабаб бўлмоқда. Шунингдек, бўлимга кунига юзлаб бемор болалар турли хил касалликлар бўйича мурожаат билан келишади. Бўлим учун Буғ билан даволаш, ЭКГ юракни текшириш учун компьютер-1, муолажа қилиш учун ишлатиладиган штатив, столлар етишмайди. Шундай бўлсада, бўлимда фаолият юритаётган 5 нафар шифокор, 16 нафар ҳамшира ва 15 нафар тозалик бекалари ўзларининг бор билим ва имкониятларини ишга солишиб, халқимизнинг фарзандларига беминнат хизмат кўрсатишмоқда. Буни бўлимда даволанаётган Истиқлол МФЙ Тангировот қишлоғидан Мўътабар Мейлиева, Олчинтепа маҳалласи Деҳқонкўмак қишлоғидан Дилфуза Жабборова, Ло-йиш шаҳарчаси Мустақиллик маҳалласидан Гулзода Абдуллаева сингари фарзандларининг дардларига малҳам топиб, бўлим шифокорларининг беминнат хизматларидан мамнун бўлган кўпчилик ота-оналарнинг миннатдорчилик сўзларидан ҳам билиб олдик. 
Бугунги кунда Болалар бўлими мудири Зумрад Абдуллаева билан елкама елка туриб ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган тажрибали болалар врачи Нурилло Ҳусенов, Ваҳоб Турдимуродов, Маҳбуба Нарзиқулова, Моҳира ўаниева, ҳамширалар Дилфуза Юнусова, Нигора Дўсбоева, Ирода Аҳмедова, тозалик бекалари Зуҳра Абдуллаева, Нигора Баҳромоваларнинг номларини ҳам бу борада ҳурмат билан тилга оламиз.
Дарҳақиқат, инсонлар саломатлиги йўлида ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб хизмат қиладиган бу шарафли касб эгаларини ҳар қанча эътироф этсак камлик қилади. Элу халқимизнинг келажаги бўлган нуридийдаларимиз  саломатлигини муҳофаза қилишдек эзгу мақсад йўлида асло ҳориманг, азиз шифокорлар!         
Гулсара ТИНИБЕКОВА.