ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИНГ НОҚОНУНИЙ САВДОСИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

Айни синовли кунларда аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Божхона чегаралари орқали Ўзбекистон Республикасига имтиёз қўлланилган ҳолда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари кириб келмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад эса аҳолини саломатлигини асраш ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга яқиндан кўмаклашишдир. 

Бироқ ички ҳудудда айрим “нафсини тиёлмаган кимсалар” ноқонуний тартибда дори-дармонларни олди-сотдиси билан шуғулланиб юрганлиги аниқланди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Самарқанд шаҳрида олиб борган тезкор тадбири давомида “Юлдуз” кафеси ёнида жойлашган автомашиналар тураргоҳида турган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ю.Ф. бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашина кўздан кечирилди.

Натижада автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Х.Ш.га тегишли бўлган полиэтилен пакетларга жойлаштирилган жами 34 миллион 240 минг сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган дори воситалари борлиги маълум бўлди. 

Мазкур дори воситалари гувоҳлар иштирокида қонунбузардан ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олиб қўйилди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, вилоят божхоначилари жорий йил бошидан бугунги кунга қадар 9 та ҳолатда 112 млн 287 минг сўм, жами 7385 дона дори воситаларини ноқонуний савдосини тўхтатиб қолишган. 

Самарқанд вилояти божхона 

бошқармаси ахборот хизмати.