МУСТАҚИЛЛИК - ЭНГ УЛУҒ ВА ЭНГ АЗИЗ НЕЪМАТ

Ватан! Нақадар ёқимли, нақадар жарангли эшитилади бу маъво! Ватан - муқаддас, Ватан - она! Аввало, Ватан нима? Ватан - бу мен яшаб турган ҳовли, ором оладиган уйим. Ватан - бу мен сувини ичиб, ҳавосидан тўйиб нафас оладиган, муқаддас заминидан униб чиққан сархил сабзавоту мевалари, ширин-шакар қовуну тарвузларидан татиб ҳузур қиладиган, шу заминда  етилиб пишган буғдой унидан тайёрланган ширмой нонлар ҳидига тўйиб, иштаҳа билан тановул қилинадиган гўшадир, у: 
Муқаддас хокинг Ватан,  
                       тенги йўқ гавҳар эрур,
Асрагум уни жондан мисқоли 
                                    даркор менга.
Баъзи бировлар Ватанга, Ватан ҳақидаги тушунчага юзаки қарайдилар. Ватаннинг нақадар табарруклигини тан олмасалар ҳам, ҳаяжондан энтикиб юрт тупроғи ҳидини ту-йишга лоқайд қарасалар-да, барибир Ватандан узоқроқ кетганда, хоҳласа-хоҳламаса ўзи сезмаган ҳолда, ихтиёрсиз она-юрт бағрига интилаётганини сезмай қолади, юраги нимагадир интиқ ураётганини илғайди,       ниҳоят.
Жонажон Ватанимиз - Ўзбекистон Республикаси ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 30 йил тўлди. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир.
Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.
Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз - эркин ва фаровон келажагимизни  ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз. Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида ҳамда бутун халқимиз, айниқса, унинг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган ва қуйидагиларни назарда тутадиган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.
Ҳар қандай ғоя, агар у келажакка бўлган ишончни мустаҳкамласа, жамиятнинг кучи ва ресурсларини жалб қила олсагина, муваффақиятга эришиши мумкин. Шуни ғурур билан айтиш жоизки, аҳоли турли қатламлари билдираётган фикр-мулоҳазалар, таклифлар Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси халқимизнинг яратувчанлик салоҳиятини янада кенг рўёбга чиқариб, одамларимизни шижоат билан эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиришга қодирлигини кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, мамлакатимизнинг изчил ривожланиб бораётган иқтисодиётини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, барча ҳудудлар ва тармоқларни стратегик жиҳатдан комплекс ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш борасида олий таълим тизими иштирокини кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим амалий қадамдир.
Аҳоли соғлиғини сақлашга қаратилган эътибор мамлакатимизда аҳолига тиббий ҳизмат кўрсатишнинг тўлиқ ва мукаммал тизими яратилган. Мамлакатимизнинг тиббиёт марказлари ва клиникаларида фуқаролар чет элларга чиқмасдан даволанишлари учун барча керакли шароитлар яратилган.
Фуқароларимизнинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилишига эришиш, шунингдек, генофондни мукаммал соғломлаштириш ҳамда фуқароларимизнинг ўртача яшаш умрини узайтиришга эришиш каби масалалар давлатимиз ижтимоий сиёсатида ҳамиша долзарб йўналишлардан бўлиб келган. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида фуқароларимизнинг ўртача яшаш умри 67 ёшдан 73 ёшгача, аёлларда эса, 75 ёшгача узайганлиги, оналар ўлими кўрсаткичларининг 2 баравардан кўпроққа, болалар ўлими кўрсаткичларининг эса, 3 бараварга камайганлиги алоҳида таъкидлаш лозим. Соғлиқни сақлаш соҳасининг улуши Республика Давлат бюджетининг ўртача 15 фоизини ташкил этиши ҳам соғлиқни сақлаш тизимига нақадар катта эътибор берилаётганидан далолат     беради.
Кейинги йилларда кўриниши, аҳоли турмуш шароити жиҳатидан қишлоқ билан шаҳар ўртасида фарқ қолмади. Бу шубҳасиз, мамлакатимизнинг ҳар жабҳада йилдан-йилга барқарор ривожланиб бораётгани ва натижада турмушимизнинг янада обод бўлиб бораётганидан далолатдир. 
Ватан - бу муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимиз ифтихоридир. Уни авайлаб-асраш, унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш, имон ва муҳаббат таянчидир.
Ватан учун, Ватан мустақиллиги учун, Ватан истиқболи учун хизмат қилиб, шу мақсад йўлида, ҳатто, жонларини ҳам аямаган ҳақиқий юрт қаҳрамонларига таҳсинлар айтиб, уларнинг руҳларига таъзим этсак арзийди.
Мавзуга оид: