Юридик хизмат кўрсатиш тартибидан хабардормисиз?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПҚ-6158 Қарорининг мазмун моҳияти мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини, айниқса ўрта ва қуйи бўғинда ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ҳамда уларга сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатишга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги "2017-2021 йилларда ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-6155-сон Фармонига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларига марказлашган юридик хизмат кўрсатиш тизимини жорий қилиш мақсадида:
2021 йил 1 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказларини (кейинги ўринларда - Марказлар) республиканинг барча туман (шаҳар)ларида ташкил этилган.
Қуйидагилар Марказлар фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган:
*юридик хизмат кўрсатиладиган давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда - давлат ташкилотлари) фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш;
*давлат ташкилотларига сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатиш;
*давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;
*давлат ташкилотларининг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўз вақтида, ҳар томонлама ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш;
*давлат ташкилотлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг қонуний ҳамда ҳар томонлама пухта ва сифатли бўлишини таъминлаш.
 *2021 йил 1 октябрдан бошлаб давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча маълумот ва жараёнларни тўлиқ электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва амалга ошириш имконини берувчи "E-huquqshunos" электрон тизими жорий этилган.
Бунда, "E-huquqshunos" электрон тизими қуйидаги асосий имкониятларга эга бўлиши назарда тутилган:
*электрон тизимга ички буйруқ, шартномалар ва бошқа юридик тусдаги ҳужжатларнинг намуналарини киритиш ҳамда мавжуд ҳужжатлар лойиҳалари намуналаридан эркин фойдаланиш;
*электрон тизимдан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан шахсий кабинетга кириш, ҳар қандай ҳужжат лойиҳаси ва унга таҳлилий материалларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва хулоса олиш учун Марказларга юбориш;
*Марказларнинг масъул ходимлари томонидан, тегишли хулоса тайёрлаш, ҳужжатларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда, электрон тизимга бириктириш ҳамда ўзаро ҳужжат алмашиш;
*электрон тизимдан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан Марказлардан ижобий хулоса олинганидан сўнг такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва электрон тарзда қабул қилиш ҳамда ушбу ҳужжатларни автоматик тарзда изчил кетма-кетликда рақамлаш;
*давлат ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни тизимга бириктириш, уларни таҳрир қилиш, таклифларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш ҳамда юбориш;
*тарғибот тадбирлари билан боғлиқ материалларни электрон тизим орқали алмашиш;
*давлат ташкилотларига талабнома, судларга ариза ёки даъво аризаларини киритиш учун уларнинг лойиҳаларини тайёрлаш, таҳрир қилиш ва электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб киритиш;
*юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларга нисбатан ўтказиладиган текширишларда масофавий тарзда иштирок этиш ҳамда уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш;
*Марказлар томонидан юридик ва жисмоний шахслардан келган мурожаатларни ўрганиб чиқиш ва уларга асослантирилган жавоблар юборишда иштирок этиш.
 Марказлар томонидан давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш "E-huquqshunos" электрон тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилииши белгиланган.
*Марказлар Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинма тарзида ташкил этилади ва уларга бўйсунади;
Марказлар ходимларига суд процессида юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг вакили сифатида қатнашиш ҳуқуқи берилган.
Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган ташкилотлар томонидан Марказлар билан келишилмаган ҳолда юридик тусдаги ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди. Бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмас ҳамда улар қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди;
Марказларга ўзининг асосий фаолиятига таъсир кўрсатмаган ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаган ҳолда бошқа юридик шахсларга пуллик асосда юридик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилади. Юридик шахсларга пуллик асосда юридик хизматлар кўрсатиш тартиби Адлия вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда пуллик хизматлардан келиб тушган маблағлар бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши белгилаб қўйилган.
Туман (шаҳар) давлат ташкилотлари билан Марказлар ўртасида юридик хизмат кўрсатиш доирасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир чора-тадбирлар Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Х.Яхшибоев,
  туман Юридик хизмат кўрсатиш 
          маркази бош юрист 
консульти.