Ваҳима касаллигидан сақланинг

Бу касаллик хавотир, ғам, алам, сиқилиш оқибатида келиб чиқади. Ваҳимага учраган одамни асоссиз қўрқув   босади, киши нимадандир хавотирланиб ҳадиксирайди, безовта бўлади, кўнгли ғашланиб, ороми йўқолади, руҳан азоб чекади. Унга келажакда фалокат бўлиши муқаррардек, ўзи ва яқинларининг ҳаёти хавф остида тургандек туюлади. Бемор  юракнинг   тез-тез уриши, терлаш, титраш, нафас сиқилиши, кўкрак қафасидаги оғриқ ёки безовталик, меъда бузилиши, қорин оғриғи, бош айланиши, ўзини назорат қила олмаслик, ўлимдан қўрқув ҳисси, бадан жунжикишидан шикоят қилади.
Агар бу белгилар орқали ҳам касалликка  ўз вақтида эътибор берилмаса, бу хавф туғдириши мумкин. Баъзан беморларда юқорида келтирилган белгилар кузатилса, инфаркт ёки бошқа бирор  жиддий касаллик деб ўйлаб касалхона-ларга олиб борилади. Ҳолбуки, бу ваҳима эканини  аниқлаш ва тўғри нафас олиб, нафас чиқариш машқларини бажаришнинг ўзи етарлидир. Шундан кейингина фойдали дори-дармонлар қўлланилади.
Ваҳима ҳар-хил руҳий ҳолатларда турлича намоён бўлади:
1) Ёш болаларда  воқеаларни тўғри англаш ва тушуниш  қобилияти заиф бўлиб, баъзан улар хонада  якка қолишдан, тунда  юришдан, тушларидан қўрқишади. Уларнинг ёши улғайган сари бу аломатлар ўз-ўзидан ўтиб кетади.
2) Киши бирор ножўя хатти-ҳаракат қилса, ўз қилмишидан хавотирланиб, ваҳимага тушади, жазоланишдан қўрқади. Табиий офатларда ҳам баъзилар ваҳимага тушади, уларни қўрқув босади, ўзи ёки яқинларининг ҳаётини ўйлаб безовта бўлади, ороми йўқолади. Бундай ваҳима сабаблари бартараф этилгач, улар тузалиб кетади. Асаб тизими заиф одамларда ваҳима сурункали касалликка айланиб кетиши,  гипертония ёки айрим ички касалликларга сабаб бўлиши мумкин.
3) Баъзи  юқумли касалликларда, тўсатдан заҳарланиш, алаҳлаш ёки бирдан руҳий касалликларда ҳам ваҳима белгилари намоён бўлади. Бемор сабабсиз қўрқиб  қаттиқ  безовталанади.
4) Ёши қайтган (50-60 яшар) кишиларда ваҳима руҳий касалликнинг   асосий белгиларидан бўлиб, узоқ давом этади. Бемор ғамгин юради, қаттиқ қўрқади, безовталанади, ўзини қўйгани жой тополмайди. Эҳтиёт  чоралари кўрилмаса, бемор ўзини ҳалок қилиши мумкин.
Ваҳима касали авж олганда вегетатив асаб тизими  бузилиб,   организмда биохимиявий ўзгаришлар рўй беради, қонда адреналин, ноадреналин  ва қанд моддаси қўпаяди. Меъда ширасида хлорид кислота камаяди, қон босими ошади,  юрак  ўйнайди. 
Н.Солиева, 
КТМП руҳий касалликлар шифокори.      
Мавзуга оид: