ЖАМОАТЧИЛИК ОЛДИДАГИ ҲИСОБДОРЛИКНИ ОШИРИШ МАҚСАДИДА

Бугунги кунда Давлат органларининг маҳаллий Кенгашлар ҳамда жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёни ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олмоқда. Давлат ҳокимияти органларининг парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларга ҳисобдорлигининг йўлга қўйилиши ва "Электрон ҳукумат"нинг жорий этилиши жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни ўрнатишга хизмат қилмоқда.
Халқ депутатлари туман Кенгашида 2021 йил 12 ойи давомида 28 та сессия ўтказилиб, унда жами 273 та қарорлар қабул қилинди. Булардан ҳисоботларни эшитиш қарорлари 146 тани, ахборотларни эшитиш қарорлари 17 тани, назорат-таҳлил тадбир қарорлари 15 тани, ҳоким қарорларини тасдиқлаш қарорлари 5 тани, бошқа масалалар бўйича қарорлар 71 тани ташкил этади. Тумандаги барча корхона, ташкилот ва муассасалар жорий йил давомида ўз фаолияти юзасидан Кенгашга ҳисобот ва ахборотлар бериб борди. Очиқликни таъминлаш мақсадида Кенгаш томонидан қабул қилинаётган қарорлар оммавий ахборот воситалари, газета ва ижтимоий тармоқларда ёритилиб борилди.
Туман Кенгаши депутатларининг ташаббуслари орқали масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" Давлат дастури ижроси бўйича "Аёллар дафтари", "Темир дафтар" ва "Ёшлар дафтари" доирасида жойлардаги эҳтиёжманд, касалманд, ногиронлиги бўлган оилаларни, ишсиз ва тадбиркорлик истагида бўлган фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, уларга турли хил кўринишидаги моддий ёрдамлар, дори-дармон воситалари ва операция харажатлари учун маблағлар, асбоб-ускуналар ажратилди. Депутатлар томонидан фуқароларнинг маҳаллалардаги ички йўлларга шағал-тош тўкиш, янги электр симёғочлар ўрнатиш, трансформатор янгилаш ва қайта ўрнатиш каби масалалардаги мурожаатларидан келиб чиқиб, масъул ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди. Жойлардаги кўчаларга тош-шағал тўкилиб, асфальт ётқизилди, симёғочлар ўрнатилди.
Шунингдек, фуқаролар томонидан маҳаллалардаги мавжуд муаммоли вазиятлар юзасидан (буларга электр энергияси, газ, ободонлашириш, тиббиёт ва моддий ёрдам масаласида) келиб тушган мурожаатлар бўйича соҳа масъулларининг ҳисоботлари эшитилди. Жойлардаги муаммоларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилиб, иш фаолиятлари бўйича камчиликларга йўл қўйган ташкилот ва корхоналар раҳбарларига тегишли тартибда чоралар кўриш бўйича қарорлар қабул қилинди.
Халқ депутатлари туман Кенгашида жорий йилда 11 та сессия ўтказилди ва жами 126 та қарорлар тасдиқланди. Шулардан ҳисоботларни эшитиш қарорлари 82 та, ахборотларни эшитиш қарорлари 12 та, муҳокама этишга доир қарорлар 4 та, назорат-таҳлил тадбир қарорлари 3 та, ҳоким қарорларини тасдиқлаш қарорлари 6 та, бошқа масалалар бўйича қарорлар 17 тани ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сонли Фармонида белгиланган халқ депутатлари вилоят, (шаҳар) туман Кенгашларининг миллий телеканаллар ёки интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилишини таъминлаш бўйича Халқ депутатлари туман Кенгашининг ҳар бир сессиялари интернет тармоғи орқали жонли трансляция қилиб ёритилиб борилмоқда. 
Депутатлар томонидан юборилган депутат сўрови ва унинг натижалари бўйича жами 52 та депутат сўрови чиқарилган бўлиб, шундан ўз муддатида жавоб берилганлари 48 та,   муддатидан кечикиб жавоб берилганлари 4 та, муддати бор сўровлар сони 2 тани ташкил этади.
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан халқ билан мулоқотлар ва учрашувлар сони 72 та бўлиб шу учрашувларда аниқланган муаммолар сони 103 тани ташкил этади. Улардан 79 таси ҳал этилган. Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича жами 142 та сўровлар келиб тушган. Булардан ҳал этилганлари 62 та, рад этилганлари 22 та, тушунтиришлар берилгани 44 та ва ҳозирги вақдта иш жараёнида бўлганлари  14 тани ташкил этади.
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларидан 1 нафари ваколатини муддатдан олдин тугатган. Депутатни дахлсизликдан маҳрум этиш бўйича киритилган тақдимномалар 2 та бўлиб, унинг 1 таси қаноатлантирилган.
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари оммавий ахборот воситаларида жами 67 та ёритилган бўлиб, шундан босма нашрларда 22 та, интернет сайтларда 21 та, ижтимоий тармоқларда 22 тани ташкил этади.
Жорий йилда тумандаги давлат органлари ва ташкилотларининг иш фаолиятларини танқидий таҳлил қилиш ҳамда белгиланган вазифаларни Кенгаш сессияларида муҳокама қилиб бориш ва таъсирчан чоралар кўриш масалалари ҳам белгиланган. Бу эса ўз навбатида давлат органларининг маҳаллий Кенгашлар ҳамда жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилади. 
Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз кўзгуси ҳисобланган "Оқдарё овози" газетаси жамоасини тобора яқинлашиб келаётган 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни  билан чин дилдан муборакбод этаман. Таҳририят ходимларини туманимиз тараққиёти йўлидаги заҳматли меҳнатларини қадрлаган ҳолда, келгуси ишларида улкан зафарлар тилаб қоламан.
Дилдора АДИЛОВА,
Халқ депутатлари туман кенгаши котибияти мудири.