КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ВА УНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ БАРЧАНИНГ ИШИ

Жамиятни турли йўллар билан ўз исканжасига тортадиган, демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказадиган, инсон ҳуқуқларини бузилишига олиб келадиган, ҳаёт сифатини ёмонлаштириб, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни самарасини йўққа чиқарувчи иллат бу коррупциядир.
Жамиятимизда рўй бераётган улкан ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда афсуски, коррупция иллати ҳам ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлиб келмоқда. Юртбошимизнинг таъбири билан айтганда, бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди.
Жумладан ҳанузгача кадастр, қурилиш, мактабгача
ва мактаб таълими, тиббиёт, банк, давлат харидлари, сув таъминоти, электр энергияси ва табиий газ, солиқ, экология каби соҳаларда коррупцияга дуч келинаётганлиги энг аянчли ҳолдир.
Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг 2025 йил 5 мартдаги “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар”га бағишланган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан берилган топшириқлар ижроси юзасидан Назорат режа ишлаб чиқилиб, йил якунига қадар коррупцияга қарши курашиш бўйича “Самарқанд тажрибаси”ни йўлга қўйиш, ҳар бир туман-шаҳарда коррупция ва жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича ижобий тажриба йўлга қўйилишини таъминлаш, натижа кўрсатмаган раҳбарларга кескин жазо чоралари қўлланилиши, шу жумладан лавозимидан озод қилиниши бўйича қатъий огоҳлантирилиши белгиланган.
Бироқ, бу борада туманда ишлар етарли даражада ташкил этилган деб бўлмайди.
Чунончи, 2025 йилнинг 8 ойи давомида туманда 216 (2024 йил 8 ойида 157 та) та жиноятлар рўйхатга олинган бўлиб, ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан ўртача 121,9 тани ташкил этди. Шундан, коррупцион жиноятлар жорий йилнинг 8 ойида 8 (14) тани ташкил қилган.
Мазкур жиноятлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда
ҲМҚО ходимлари томонидан 1 та, банк соҳаси ходимлари 1 та, мактабгача ва мактаб таълими ходимлари томонидан 1 та, энергетика яъни, газ ва электр энергияси таъминоти соҳаси 2 та, Оқдарё туман Маданият бўлими ходимлари 2 та, “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ ходимлари томонидан 1 та жиноятлар содир этилган.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида туман прокуратураси ва ИЖҚК Департаменти туман бўлимига коррупцион ҳолатлар ҳақида мурожаатлар келиб тушган бўлиб, соҳалар кесимида таҳлил қилинганида банклар 7 та, “Оқдарё тумангаз” 5 та, кадастр агентлиги ва палата 4 та, “Энергосавдо” филиали Самарқанд бўлинмаси Оқдарё туман бўлими 4 та, Солиқ инспекция 3 та, туман ИИБ 2 та, Спорт мактаби 1 та, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази 1 та, туман ҳокимлиги 1 та, туман почта 1 та , мактабгача ва мактаб таълими 1 тани ташкил этган.
Хусусан, Оқдарё тумани Мактабгача ва мактаб таълим бўлимига қарашли 7-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Г.Алиқулова мансаб мавқеини суъиистеъмол қилган ҳолда, 2023-2024 йиллар давомида ушбу 7-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида ишлаган ходимларнинг жами 199 млн. сўм нақд пул шаклдаги ойлик маошлари ҳамда моддий ёрдам пулларини тўлов рўйхатларига ходимлар номидан имзоларини қўйиб, шу йўл билан ҳужжатларни қалбакилаштириб, ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Г.Алиқуловага нисбатан ЖКнинг
167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, етказилган зарар тўлиқ ундирилиб, унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан суд ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланган.
Айрим ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиб, моддий бойлик орттириш мақсадида ўз қўл остидаги ходимларнинг номига кредит маблағлари олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги ҳолатлари аниқланмоқда.
Масалан, Ш.Исақулов Оқдарё тумани Ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси ва кейинчалик бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, осон моддий бойлик орттиришни ўзига касб қилиб олиб, такроран, хизмат мавқейидан фойдаланиб, 2024 йилда бошқарманинг 8 нафар ишчи-ходимларнинг номига турли миқдордаги жами 130 млн. сўм маблағларни талон-торож қилганлиги ҳолати бўйича ЖК 168-моддаси 3-қисми “б, в” бандлари ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, суд ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланган.
Қурилиш соҳаси ҳам коррупциялашган соҳалардан бири бўлгани, охирги йилларда бу борада амалга оширилган сифатсиз қурилишлар оқибатида кўплаб фуқароларимиз ва давлат манфаатларига катта миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлгани барчамизга бирдек маълум.
Масалан, Ш.Қучқаров “Me’yor Qurilish Asfalt” МЧЖ раҳбари вазифасида ишлаб келиб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилгани ҳолда ноқонуний йўллар билан шахсий бойлик орттиришни мақсад қилиб, “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДМ “Техник кузатиш ва бажарилган ишларни қабул қилиш” бўлими бош мутахассиси Ш.Саилов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишиб, Оқдарё тумани, “Суғончи” МФЙга қарашли, “Катта Суғончи” қишлоғининг ички йўлларини жорий таъмирлаш бўйича қиймати 1.2 млрд. сўмлик пудрат шартномаси доирасида, амалда 860 млн. сўмлик ишлар бажарилган бўлсада, ҳақиқатда 79 млн. сўмлик 6 турдаги ишлар бажарилмагини ҳамда 161 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилганлигини била туриб, давлат бюджетининг 241 млн. сўмлик жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан маблағларни талон-торож қилганлиги сабабли унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан суд ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланган.
Барчамизга маълум, мамлакат иқтисодий тараққиётида банклар фаолияти, таъбир жоиз бўлса, ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Лекин барча банк мутасаддилари ҳали ислоҳотлар мазмунини тушуниб етмаган кўринади.
Аксинча, банк хизматларини кўрсатиш, айниқса, кредит ажратишда суиистеъмолчилик, таъмагирлик ва маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари одат тусига кирмоқда, десак бунга етарли асосларимиз бор.
Хусусан, АТ Халқ банки Оқдарё универсал банк хизмат марказининг Кичик бизнес бўлими бош мутахассиси И.Шомуротов “Oqdaryo moniy chorvador” фермер хўжалиги ва “Karvonbek Oqdaryo” хусусий корхонаси раҳбари М.Саъдуллаев билан жиноий тил бириктириб, 507,8 млн. сўм маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари сабабли унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан суд ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланган.
“Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Оқдарё туман бўлими ходимлари томонидан ҳам коррупцион жиноятлар содир этилган. Масалан, “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиали Самарқанд бўлинмаси Оқдарё туман бўлими ҳуқуқшуноси С.А 2025 йил 5 август куни ариза муаллифи Б.Туймаевдан 70 млн. сўм ҳисобланиши лозим бўлган зарарни камайтириб бериш эвазига яъни туман ЭТКга етказилган зарар миқдорини қилиб ҳисоблаши мумкинлигини айтиб, зарар миқдорини 2 млн. 394 минг сўм ҳисоблаб бериш эвазига 300 АҚШ долларини таъмагирлик йўли билан талаб қилиб, фирибгарлик йўли билан олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Б.К. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиали Самарқанд бўлинмаси Оқдарё туман бўлими катта ҳисобчиси лавозимида ишлаб келиб, қонун талабларига зид равишда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб ойлик ҳисоботларни ҳаққоний юритилишини таъминламасдан Оқдарё туман бўлимининг ва ўзининг иш фаолиятини ижобий кўрсатиш мақсадида “Elekrohisob” ва “HET Biling” дастурлари (компьютер) тизимида сақланаётган яъни 32 нафар фуқароларнинг номларига очилган, бироқ мавжуд бўлмаган ҳисоб-рақамларига 2023-2024 йиллар ва 2025 йилнинг март ойи давомида такрорий равишда, аслида мавжуд бўлмаган, бироқ, гуёки қонунбузилиши ҳақида расмийлаштирилган далолатномаларга асосан деб асоссиз равишда 749 млн. сўмлик электр энергияси қарздорлигини ўзининг номига очилган электрон калити орқали дастурга сохта маълумот киритиб, нореал қарздорлик вужудга келтириб, давлат ва жамиятнинг манфаатларига жиддий зиён етказган.
Давлат солиқ сиёсати ва бюджет тушумига масъул идора – солиқ хизмати органларини ҳам, афсуски, коррупциядан холи деб айта олмаймиз. Хусусан, сўнгги икки йилда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлиги учун 1 нафар солиқ ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.
Масалан, Оқдарё тумани Солиқ инспекцияси Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи ходимлар таркиби солиқ бўйича инспектори Д.Азизов “GULSEVAR M DUKONI” хусусий корхонаси раҳбари Г.Мирзаевани ишончига кириб, корхона томонидан солиқ ҳисоботлари топширилмаганлиги сабабли 3.4 млн. сўм миқдорида жарима қўлланганлиги, мазкур жарима миқдорини туман солиқ инспекциясида ишловчи мансабдор шахс орқали камайтириб беришни ваъда қилиб, эвазига 1.5 млн. сўм талаб қилиб, 2024 йил 24 июнь куни туман Солиқ инспекцияси биноси олдида кимёвий ишлов берилган 1.50 млн. сўм миқдоридаги пулларни олган вақтида ҲМҚО ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ўтган даврда, туман прокуратураси ташаббуси билан тумандаги барча ташкилот ва муассасаларда коррупцияга қарши курашиш масаласи бўйича йўл хариталари ташкил қилиниб, ижроси учун масъул ходимлар буйруқ билан бириктирилган бўлсада, бу борада масъуллар томонидан бирорта ишлар амалга оширилмаяпти.
Шу сабабли, эндиликда йўл хариталарида кўзда тутилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш қатъий талаб қилинади. Ҳар бир раҳбар шахсий жавобгарликни хис қилиши лозим. Агар белгиланган топшириқлар ижросиз қолдирилса, тегишли чоралар кўрилади. Биздан талаб қилинадиган нарса – қоғозда эса, амалда натижа бўлишидир.
Маърузада энг муҳим соҳаларда юз бераётган коррупциявий ҳолатлар, уларни келтириб чиқараётган омилларни имкон қадар кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик.
Ўрганишлар давомида айрим соҳаларда ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Ҳусусан, ҳар бир ташкилот ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликни олдини олиш борасида уларга юклатилган вазифаларни тўлақонли бажарилишини таъминлаш керак.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда коррупциявий жиноятларнинг илдизига болта уришимизга қарамасдан, бундай салбий иллатларнинг ҳамон мавжудлиги бизни қониқтирмайди. Ўйлайманки, барча раҳбарлар, соҳа мутасаддилари ушбу танқидларни тўғри қабул қилиб тегишли ҳулоса чиқаради, деган умиддаман.
Норсулув СОЙИПОВА,
туман прокурори.

СИФАТ ВА САМАРАДОРЛИКНИ ОШИРИШ АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ
- 14 окт, 10:50

Жамият ва ҳаёт
- 02 апр, 10:12

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

махсус-тактик машғулотлар
- 11 дек, 15:36