Босма нашрларга эътибор кучайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам  йўқ қилинганлигини, айрим раҳбарлар эса газета ўқимаслиги билан мақтаниб юрганликларини, бироқ босма нашрлар - газета-журналлар доимо кераклигини алоҳида таъкидлади. Жумладан, давлатимиз раҳбари энг ривожланган Японияда ҳам кунига 3-4 миллион нусхада чиқаётган газеталар борлигини, бу нашрларни одамлар севиб ўқишларига урғу бериб, ОАВ билан алоқа қилмаган раҳбарларнинг келажаги бўлмайди, дедилар.

Очиғини айтганда, кейинги пайтларда мажбурий обунага йўл йўқ шиори остида айрим амалдорларимизнинг қилган чиқишлари оқибатида босма нашрлар мураккаб аҳволга тушиб қолди. Сир эмас, мамлакатимизда барча нашрларнинг асосий обуначиси халқ таълими тизими ҳисобланади. Аҳвол шу даражага бордики, обуна ҳақида гапиргудек бўлсангиз, айрим мактаб директорлари мажбурий обуна мумкин эмас, агар мажбурий қилинса интернетга чиқамиз дейишгача боришди. Ахир ўқитувчи биринчи бўлиб зиёли сифатида газета-журналларга обуна бўлиши лозим эмасми? Албатта ўзи истаган матбуот нашрларига. “Мажбурий обуна”га қарши кураш оқибатида кўп нашрларнинг иқтисодий аҳволи мураккаблашди. Ҳатто халқ таълими муассиси бўлган “Маърифат” газетасининг ҳам адади камайиб кетганлиги ҳақида кўп бор айтилди. Улуғ жадидчиларимиздан бири бундан юз йил олдин “Муаллим ила муҳаррир миллатнинг икки кўзидир” демаганмиди? Наҳотки улуғ боболаримизнинг миллатимизни юксалтириш ҳақида айтган сўзларига амал қилмасак?

Шу кунларда мамлакатимизда матбуот нашрларига обуна бошланди. Ўйлаймизки, кўп миллионли педагоглар, шифокорлар хуллас барча касб эгалари ўзлари истаган газета-журналларга обуна бўладилар. Босма матбуот нашрларини миллатимиз учун кераклигини ҳар биримиз ёдимизда тутишимиз керак.