Нуқтаи назар. ҲУЖЖАТСИЗ УЙ-ЖОЙЛАРГА МУЛК ҲУҚУҚИ ҚАЧОН ЭЪТИРОФ ЭТИЛАДИ?

- Ота бобомдан қолган уй-жойда истиқомат қиламан,- дейди Ўзбекистон маҳалласида яшовчи саксон ёшли онахон. – Яшаш биноларимизнинг қурилганлигига ҳам қарийб юз йилча бўлиб қолган. Ҳозирга қадар уй-жойимизни кадастр орқали ҳужжатлаштиришга улгурмадик. Бир неча бор тумандаги кадастр идорасига мурожаат қилдик. Улар бу борада Президент Фармони чиқарилгандан сўнг ҳужжатлаштириб берилишини айтишди.
Бундай мисолларни биргина Оқдарё туманида ўнлаб, юзлабкелтириш мумкин. Агар мамлакатимизда икки юздан ортиқ туман ва ўнлаб шаҳарлар мавжудлигини ҳисобга оладиган бўлсак Президентимизнинг бу борадаги Фармонини кутаётганлар сони қанча эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Шу ўринда айрим фикрларни ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Илгарилари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси сифатида фаолият кўрсатган даврда бу ташкилотда анчагина тажрибали мутахассислар фаолият кўрсатарди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак 2018 йилда Оқдарё туман кадастр бўлимида 47 нафар ходим фаолият кўрсатган бўлса, айни пайтда уларнинг сони 25 нафарни ташкил этаяпти. Энг ачинарлиси олийгоҳни эндигина битириб ишга кирган ёш ходимларни бўшатишга тўғри келаяпти. Бу ҳам ишсизликни келтириб чиқармайдими?
Яна бир гап. Айни пайтда туманда ўттиз икки мингдан ортиқ хонадон мавжуд бўлса, шундан бор йўғи саккиз мингтасининг қарори мавжуд. Қолган йигирма тўрт мингта хонадоннинг эгалик ҳуқуқлари йўқ. Бу мавжуд тумандаги хонадонларнинг тўртдан бир қисмининг ҳужжати бор дегани. Агар Президентимиз томонидан Фармон чиқарилса ҳар бир хонадон уй-жойини ҳужжат қилиш учун кадастр идораларига бир миллион сўмдан тўловларни амалга оширганда давлатга йигирма тўрт миллиард сўм тушган бўлар эди. Бу аҳолиси бир юз олтмиш етти минг бўлган бир тумандаги маблағ. Республикамизда икки юздан зиёд туман мавжуд эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак давлатга тўланадиган маблағ бир неча трилион сўмни ташкил этади. Бундан ташқари эшитишимизга қараганда ҳужжати йўқ хонадонлардан солиқ тўловлари уч баробардан зиёд олинаркан. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини билмадигу лекин нима бўлганда ҳам вилоятларда истиқомат қилаётган аҳолининг истакларини ҳисобга олиб, Президентимизнинг Фармонини чиқариш ниҳоятда зарур деган фикрдамиз. Чунки кунига кадастр идораларига ўнлаб, юзлаб аҳоли Президентмиз Фармони қачон чиқади деган савол билан мурожаат қилишаяпти.
Хулоса қилиб айтганда, Қорақалпоғистондаги ҳужжатсиз уй-жойлага мулк ҳуқуқи эътироф этилиши бўйича Президентимиз Фармони чиққан экан, бошқа вилоятлар бўйича ҳам аниқроғи Республика бўйича айнан шу масалаларга оид тегишли ҳужжати эълон қилинса бундан халқимиз беҳад мамнун бўларди.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,
Журналист.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Қарорлар
- 23 ноя, 15:07