Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида

Ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида 2022 йил 17 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-74-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра 2022 йил 1 апрелдан бошлаб меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда - 440 000 сўмдан 622 000 сўмгача оширилиши белгиланди.
Бундан ташқари 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг   парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 000 сўм миқдорида нафақа тўлови жорий этилиши белгиланди.
Бунда, парваришлаш нафақасини тўлаш ва етказиб бериш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Сардор АЛИЕВ,
туман адлия бўлими етакчи 
маслаҳатчиси.