МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ

Туманимиз ҳудуди қадимдан маданият ўчоғи бўлганлиги сабабли бу заминда кўплаб табаррук жойлар мавжудлиги, улар ҳақида  маҳаллий халқ ёзувларидан ташқари чет эл сайёҳлари ва бошқа манбаларда маълумотлар берилади. Ҳудудда мавжуд бўлган табаррук инсонлар қадамлари теккан қадамжолар ва улар шарафига турли даврларда бунёд этилган зиёратгоҳлар мустақиллик шарофати билан қайтадан ободонлаштирилиб, ўзгача чирой касб этмоқда. Ушбу ёдгорликларни асраб авайлаш, уларни келажак авлод тафаккурига сингдириш бугунги авлоднинг муқаддас вазифаси бўлмоғи лозим. Махдуми Аъзам, Имом ал Бухорий, Сўфи Оллоёр, Хўжа Абдулла Ансорий ва Соғарчийлар қадами теккан бу муборак заминда кўплаб пиру авлиёлар ва буюк шахслар макон тутган. 
Махдуми Аъзам зиёратгоҳи
Рус тадқиқотчиси А.П.Федченко Даҳбеддаги қадамжолар ҳақида қимматли маълумотлар қолдирган.
Даҳбедда ХVI асрда вафот этган авлиё Махдуми Аъзамнинг қабри бўлиб, масжид унча баланд эмас, унинг   узун зинаси бор. Унинг ажойиблиги шундаки, унда икки қатор ўтган  устунлар бор. Бу устунлар орасидаги ишят гумбазга ўхшаш қурилган. Унда жами 12 та гумбаз бўлиб, ҳар хил шаклдаги нақшлар билан безатилган. Масжидда хитойликларникига ўхшаш буюмлар сақланаши кўпчилик зиёратчиларни ҳайрон қолдирган.. В.Л.Вяткин шундай маълумот қолдиради. Фарғонанинг Косон кентидан кўчиб келган Махдуми Аъзам Даҳбедда дафн қилинган. Унинг қабри тепасига Самарқанддаги Шердор ва Тиллакори мадрасаларини қурувчиси Ялангтўшбий Баҳодир катта ханақо қурдирган бўлиб, 34 ҳужра, масжид ва дарсхоналардан ташкил топган, пишиқ ғиштдан қурилган бу ердаги мадрасага кейинчалик манғитлар сулоласи  ҳукмдорлиги даврида асос солинган", деб таъкидлайди.
XIX асрнинг иккинчи ярмида ёзилган Абу Тоҳирхўжанинг "Самария" асарида Ҳазрат Мавлоно Ҳожаги Косоний Махдуми Аъзамнинг мозори ва ул зотга бағишлаб қурилган ханақо ва масжид, ҳамда Даҳбед хиёбони ва тутзорини қурилиши хусусида маълумотлар бор. Асарда "Самарқанд шаҳри билан Даҳбед ораси бир тош (8 чақирим) йўлдир. Самарқанддаги икки мадраса эгаси Ялангтўшбий оталиқ Даҳбедликлар сулоласига дохил бўлиб, унинг ўғли Шайх Ҳошимнинг муриди эди. Шунинг учун 1613 йил Махдуми Аъзам мозорининг жануб томонида кенг ва юксак бир ҳонақо солдирди, Ялангтўш Баҳодирнинг қабри Махдуми Аъзамнинг оёғи учида супа устида... Бу зиёратгоҳга ҳазрат Махдуми Аъзамдан ташқари яна олти пир Муҳаммад Амин, Хожа Ҳошим, Хожа Мусо, Мусохонхўжа ибн Исохонхўжа Даҳбедий, Хонхўжа ибн Мусохонхўжа, Авлиёхожа ибн Хонхўжа хоклари дафн этилган. Шимолий ва ғарбий томонлардаги қабрларда эса даҳбедий хожалар ва таниқли пири муршидлар жасадлари қўйилган. Ҳазрат мозорининг атрофидаги иморат ва дарвозасига солинган равок биноси  Муҳаммад Нодир девонбеги томонидан бино қилинган. Шунингдек, Даҳбеднинг хиёбони ва тутзори ҳам ўша Муҳаммад Нодир девонбеги томонидан барпо этилган", деб маълумот беради. Бу борада XIX асрнинг 60-йилларида Ўрта Осиё бўйлаб   саёҳат қилган венгер сайёҳи   А.Вамбери шундай қимматли маълумотлар қолдиради.
Махдуми Аъзамга бағишлаб қурилган боғ ҳақида маълумот бериб, авлиё шарафига 1632 йилда Нодир девонбеги буйруғига биноан барпо қилинган катта боғ ҳатто куннинг ярмида ҳам салқин бўлишини айтади. Даҳбедга бориш йўлида сайёҳга машҳур "Боғи чайнарон" боғини кўрсатишган. XIX асрнинг 80-йилларида Даҳбедда бўлган Н.Весе-   ловскийнинг эсдаликларида, Даҳбед шаҳри кичик бир маданий марказ сифатида таърифланиб, қуйидаги маълумотлар келтиради: "Даҳбедда Махдуми Аъзам хилхонаси бўлиб, унинг ёнидаги масжид Ялангтўшбий томонидан   кенг  ва  виқорли   қилиб  қурдирилган. Масжид биноси ичидаги катта хонада  8  қиррали   чироқ осилган.  Яна  иккита   кичикроқ чироқлардан бири меҳробнинг тепасида, иккинчиси эса, масжид эшиги устида осилган. Масжиднииг орқа қисмида иккита ёғочдан  ясалган тахтиравон  сақланиб,   унинг  кичикроғи  Махдуми   Аъзамга,  каттароғи  эса, Мусохожага тегишли бўлган. Масжид Ялангтўшбийнинг ташаббуси билан 1618-1619 йилларда  қурилган.  Масжид ташқи айвони устунларининг баландлиги  1 аршин (71.12 см.) келадиган мармар тошларга ўрнатилган. Масжид ёнидаги пишиқ ғиштдан  алоҳида қурилган миноранинг баландлиги 4 сажен бўлиб, муаззин ундан азон чақиради.   Масжиднинг ҳовлисида бир неча қадимий   чинорлар бўлиб, уларнинг бирига эшик ўрнатилган ва ундан хона сифатида  фойдаланишади. Махдуми Аъзам дафн  қилинган жой (хилхона) масжиддан ғиштли девор билан  ажратилган. Хилхонанинг ўртасида дахма жойлашган бўлиб, у тўртбурчакли ертўлани эслатади. Дахманинг узунлиги 24 аршину 14 вершк (44-45 мм) эни эса, 23 аршину 9 вершк келади. Хилхонага   кираверишда 1066 ҳижрий йилда (1655 йил июнь) вафот этган  Ялангтўшбийнинг қабртоши жойлашган. Унинг тарафида эса,  Ялангтўшбийнинг 1068  ҳижрий   йилда (1657 йил август) вафот этган қизи Иқлиманинг қабри бор. Шердор  ва Тиллакори  мадрасаси ва жомеъларнинг эгаси Ялангтўшбий оталиқ даҳбедликлар силсиласига дохил эди, дейилади манбаларда. Ялангтўшбийнинг ўғли эса, шайх Ҳошимга мурид эди. Шу сабабдан Ялангтўшбий 1618 йилда Мах- думи Аъзам мозорининг жануб томонида кенг ва юксак   бир  хонақо солдирди. У бино асл ва шарафли зотларнинг мақоми ва барчанинг бориб   турадиган  мавзеи  саналиб, уни табаррук билиб, зиёрат қилганлар. Ялангтўшбий Баҳодирнинг қабри Махдуми Аъзамнинг оёғи учида, супа устида, мозор деворининг ичида бўлиб, ул  ҳазрат мозорининг атрофидаги ихота қилинган   иморат ва дарвозасига  солинган равоқ биноси Муҳаммад Нодир девонбеги Орлот томонидан  бино қилинган ва шунингдек, Даҳбеднинг  хиёбони ва тутзори ҳам ўша Муҳаммад Нодир девонбеги тарафидан барпо этилган. Махдуми Аъзамнинг, шарофатли ота-боболари  тариқатининг ижодкори, замон қутби ҳазрат Мусохон ҳам ўз бобоси ҳазрати Махдуми Аъзам мозорининг супаси устига дафн қилинган.

Халифа Саддак мозори

Даҳбедда яна ўз даврининг авлиё кишиларидан бири Халифа Саддак мозори ҳам бўлиб, Абу Тоҳирхожанинг маълумотига кўра, Мусохўжа муридларидан бўлиб, унинг қабри Даҳбед қишлоғининг шимол чеккасидаги боғлар орасида бўлган.

Ҳазрат имом Али Суғдий мозори

Оқдарё ҳудудидаги яна бир табаррук жой Кумушкент қишлоғидаги Ҳазрат имом Али Суғдий мозоридир. У киши Ҳасан бин Шайх Муҳаммад Суғдийнинг ўғиллари бўлган. Унинг замонасида Кумушкент қишлоғи Суғди хурд деб аталган экан. Унинг шажараси хожа Аҳмад Яссавийга туташ бўлган. Айтишларича у киши Абу Ҳасан ал Кархий Бағдодийнинг шогирди бўлган. Илм таҳсилини Бағдодда олган. "Самария" асарида у киши ҳақида яна шундай маълумотлар бор. "У киши Бағдодда Халифанинг ўғли билан бирга Абу Ҳасан мажлисида бўлади. Абу Ҳасан ҳар икковига қуръа ташлашни буюрарди.  Қуръа кимни номига чиқса, ўша биринчи бўлиб сабоқ олади", дейди. Қуръа имом Али Суғдий номига чиқади. Халифанинг ўғли кўп маблағ бериб, биринчи навбатини беришини сўраса ҳам имом кўнмай, биринчи навбатда сабоқ олади. Ҳазрат имом Али Суғдий ўз даврининг мушҳур асари "Сияри Кабир"га шарҳ ёзади. Умри тугагандан сўнг юқоридаги мозорга дафн этилади. Ҳазрат Ямин бобо, Мавдуд Шайх Шайх Али муриди ҳамда Ямин бобонинг муриди Шайхали ҳам яъни учовларининг қабри ҳам Ҳазрат Имом мозоридадир. Бу учаласи ҳам машойихларидан бўлиб, шажараси Ҳазрат Шайх Аҳмад Яссавийга бориб етган. Тарихий манбаларда  улуғ бобомиз Амир Темурнинг ушбу зиёратгоҳ масканга келганлиги хусусида маълумотлар сақланган. Шарофиддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асарининг "Ҳусайнбек ҳазрат Соҳибқирон била яраш қилғонлари" деб номланган қисмида айтилишича, Амир Темур ва Султон Ҳусайн ўртасидаги яраш онти ичилганлиги ҳақида маълумотлар сақланган.