“Оқдарё овози” бонг уради ОҚДАРЁ ИСТИРОҲАТ БОҒИ ЁРДАМГА МУҲТОЖ

Мустақиллик маҳалласи ҳудудидаги Оқдарё истироҳат боғини ташкил этиш 1979 йилнинг баҳорида бошланган эди. Ўша пайтда район совети ижроия комитети раисининг ўринбосари, фидойи инсон Усмонқул Шукуров бошчилигида бу ерда чинор, терак ва шунга ўхшаш манзаралари дарахт кўчатларини ўтқазилишга киришилганди. Орадан қирқ йил вақт ўтди. Бир пайтлар гуллаб яшнаган ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари турли концерт дастурлари намойиш этилган, шунингдек, “Қувноқлар ва зукколар”, “Балли қизлар”, “Балли йигитлар” сингари танловлар ўтказилган мазкур истироҳат боғи ҳозирги пайтда ачинарли аҳволда. Ҳудуддаги амфитеатрда аҳён-аҳёнда пойтахтдан келган санъаткорлар иштирокида концерт намойиш этилади, холос. Бошқа пайти бу ерда жимжитлик ҳукмрон. Фақатгина байрам кунлардагина истироҳат боғидаги турли аттракционлар тумандошларимизга хизмат кўрсатади.

Яқинда истироҳат боғида бўлганимизда ачинарли манзарага дуч келдик. Бир пайтлар гуллаб-яшнаб турган чинорлар баргини тўкмоқда. Сувсизликдан дарахт барглари сарғиш тусга кирган. Ўтган йилнинг “Наврўз” байрами кунларида ишга туширилган туман “Нуронийлар” кенгаши ҳудудидаги турли хил гуллар, дарахтлар имкони борича суғорилганлиги туфайли яшнаб турибди. Чунки “Нуроний” жамғармаси раиси Ҳамидулло Қаршиевнинг саъй-ҳаракаталари билан қўлбола сув чиқариш мосламаси (кран) орқали сув чиқарилиб, дарахтлар ва гулларга оқизилаяпти. Истироҳат боғининг бошқа жойларида эса аҳвол ниҳоятда ачинарли. Юқорида айтганимиздек сувсизликдан экилган гуллар қовжираб турли хил дарахтлар баргини ташаб юбораяпти. Истироҳат боғи ҳудудида сув чиқариш насоси мавжуд бўлсада таъмирталаб аҳволда. Истироҳат боғининг эгаси бўлмагандан сўнг бу жойни обод қилиш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаяпти. Наҳотки унча катта маблағ талаб қилмайдиган, тумандошларимизнинг севимли маскани ҳисобланган истироҳат боғини обод қилиш масаласида ҳеч ким ўйлаб кўрмаса. Қисқасини айтганда истироҳат боғи ҳар жиҳатдан эътиборга ва ёрдамга муҳтож. Буни масъул раҳбарларимиз ҳисобга олиб масканни обод қилиш ҳақида ўйлаб кўрадилар деган умиддамиз.

Жўшқин.

Суратларда истироҳат боғи ҳудудида олинган лавҳалар акс эттирилган.

Мавзуга оид: