Ижтимоий ҳаёт

ИЖТИМОИЙ НАФАҚА КИМЛАРГА 

БЕРИЛАДИ?

Саволга Бюджетдан ташқари Пенсия

 жамғармаси туман бўлими бошлиғи ўринбосари К.Пўлатов жавоб берди   

- Кам таъминланган оилаларга  ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинланиши тўғрисида маълумот берсангиз? 

Қандай ҳолларда кам таъминланган оилаларга "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали  ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш рад этилади?

- Кам таъминланган оилалар "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқланади ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 мартдаги 122-сон қарорига асосан кам таъминланган оилаларни "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2021 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилади.

Ушбу низомда қуйидагилар назарда тутилган: 

- ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш шартлари; 

- ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш ҳамда уларни тўлаш    тартиби; 

- ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам учун тўловларни молиялаштириш тартиби белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 мартдаги 122-сон қарорининг 1-иловасига асосан  кам таъминланган оилаларни "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 4-бобида болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам олиш учун аризаларни кўриб чиқиш тартиби белгиланган. 

Оила аъзоларининг барча расмий даромадлари, шунингдек, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромаднинг ҳисоб-китоби, оила аъзоси номида мавжуд бўлган кўчмас мол-мулки ва автотранспорт воситалари тўғрисида маълумотлари ариза берилган ойдан ке-йинги ойнинг 1-санасига қадар "Ягона реестр" АТ томонидан автоматлаштирилган тарзда идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда жамланади ва ҳисоб-китоб қилинади.

Оилани кам таъминланган оила деб эътироф этиш ва унга болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш "Ягона реестр" АТ томонидан автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда, оилани кам таъминланган оила деб эътироф этиш ва унга тегишли равишда болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилади:

а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад ушбу Низомнинг 6-бандида белгиланган мезондан ошганда;

б) идоралараро электрон ахборот тизими орқали олинган маълумотлар бўйича кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида жами биттадан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда;

в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончнома асосида фойдаланилаётган:

ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжуд бўлганда;

жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситалари мавжуд бўлганда;

г) ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисобварақларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ миқдорда маблағлари мавжуд бўлганда;

д) ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ миқдорда бозор қийматидаги қимматли қоғозлари мавжуд бўлганда;

е) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларнинг хизматчилари ва ходимлари ёки уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи ва болалари) томонидан аризалар тақдим этилганда;

ж) болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам олувчи ва унинг оила аъзоси томонидан ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда такрорий ариза тақдим этилганда. Бунда такроран тақдим этилган ариза "Ягона реестр" АТга киритилгандан сўнг ариза кўриб чиқилмасдан, аризачига рад жавоби аризада кўрсатилган электрон манзилга ёки СМС - хабарлар орқали мобил телефон рақамига жўнатилади;

з) оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда;

и) оилада охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) рад этганда;

к) даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлганда. 

Ушбу бандда кўрсатилган мезонлар асосида болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилганда, ариза берувчига хабар "Ягона реестр" АТ орқали рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда электрон шаклда (аризада кўрсатилган электрон манзилига ёки СМС-хабарлар орқали мобил телефон рақамига) юборилади.

Мавзуга оид:
Ижтимоий ҳаёт

Ижтимоий ҳаёт

  • 27 ноя, 13:46