БУГУНГИ КУН ЎҚИТУВЧИСИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Инсон қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, ўз ишига қунт билан, меҳр билан ёндашса, унинг сир-асрорини мукаммал эгаллайди. Шу билан бирга ўз-ўзини англайди, шу соҳада камол топади.
Ўқитувчи келажак фарзандларини тарбиялаб билим беради. Зеро келажак ёшлар қўлида, улар бизнинг эртанги кунимиздир.  Шундай экан, ўқитувчи ҳам болаларни севса, тарбияласа, ўзи ҳам улғаяди ва донишмандлик касб этиб бораверади.
Ўқувчиларда компетенцияларни шакллантирилиши, дарс давомида фақат ўқувчини устоз айтган мавзуни такрорлатиб қўймасдан қўшимча фикрларини баён қилишга ўргатиш лозим. Негаки, ёш авлодни чуқур мушоҳада юритувчи, мустақил фикрини баён этувчи, бошқалар билан тил топиша олиши, ўзгалар фикрини ҳурмат қилувчи, кенг дунёқарашли шахсга айлантириш ҳозирги кунда таълимга жорий этилаётган миллий дастурнинг бош мақсадидир. 
Миллий дастурни ҳаётга татбиқ этиш эса ўқитувчидан билим ва тажрибани талаб қилади. Мен ҳам ўзимнинг ўн етти йиллик педагоглик иш тажрибамга таянган ҳолда бугунги кунда ўтилаётган ҳар бир соат дарсда мултимедияли электрон ресурслардан ва аудио матнлардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдаман. Бу эса ўқувчиларнинг ҳар томонлама илмий-назарий билимларни мустақил эгаллашига, билим, кўникма ва малакаларини шакллантиришга ва шу асосида ўқувчиларнинг дунёқарашини таркиб топтиришга ёрдам бермоқда. Шунингдек, дарс жараёнида уларнинг фаоллигини янада ошириш, эркин фикр юрита олишга ўргатиш ва ижодий қобилиятларини аниқлашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Миллий дастурга асосланган дарсликда ҳар бир дарс мультимедиа иловалари, аудио матнлар ва ҳар бир матн рангли расмлар билан жиҳозланган. Ўқувчилар ушбу мултимедия иловалари орқали шу муҳитга киради, аудио матнларни тинглайди, расмларни кўради ва матнни ўқийди. Бу эса жуда самарали бўлиб ўқувчи хотирасига муҳрланиб қолади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир устоз ўқитувчи ўқувчи руҳини, психологиясини яхши билиши, ҳар бир ўқувчи билан алоҳида ишлаши, ўқувчиларга нима топшириқ беришини олдиндан режалаштириши лозим. Таълим ва тарбиянинг уйғунлигига, фанлараро боғланишига эътибор қаратган ҳолда дарс ўтиш эса келажак авлод ворисларини комил инсон қилиб тарбиялашнинг муҳим омилидир.  
Дилдора ҲАМДАМОВА,
          23-мактаб бошланғич 
таълим ўқитувчиси.