Жиноят ва жазо ЖАЗОДАН ҚОЧИБ ҚУТУЛИБ БЎЛМАЙДИ

Оқдарё тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан туманнинг "Даҳбед" маҳалла фуқаролар йиғини  ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди. Судланувчи Ҳакимов Ҳабиб (исми ва шарифи ўзгартирилган) ўтказилган тезкор тадбир давомида "назорат остида гиёҳвандлик воситаларини сотиб олиш" тадбирига жалб қилинган "Азиз" исмли шахсга тадбирда ишлатиш учун берилган 8 дона 50.000 сўмлик жами 400.000 сўм ва 1 дона 100 АҚШ долларига "марихуана" гиёҳвандлик воситасини сотган вақтида ушланди. 
Самарқанд вилояти ИИБ ЭКБ томонидан 2022 йил 20 июль куни берилган 586-сонли эксперт хулосасига кўра, фуқаро Ҳакимов Ҳабиб тадбирга харидор сифатида жалб этилган "Азиз" исмли шахсга сотган бир дона "СПИЧКИ" номли гугурт қутичасига солинган яшил рангли, ўткир ҳидли, қуруқ ҳолдаги ўсимлик моддалари таркибида фаол "гиёҳванд" модда - тетрагидроканнабинол мавжудлиги, бу модда "марихуана" гиёҳвандлик моддаси турига киришлиги, гиёҳвандлик моддасини қуритилган ҳолдаги умумий соф оғирлиги 0,75 граммга тенглиги кўрсатилган.
Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Ҳакимов Ҳабиб ўзининг кўрсатувида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб,   ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда у Тошкент ахборот техноло-гиялари институтининг Самарқанд филиалида ўқишлигини, ўқишдан бўш вақтларида ўзига тегишли бўлган "Нексия-1" русумли автомашинаси билан таксичилик фаолияти билан шуғулланишлигини, такси қилиб юрган вақтида Самарқанд шаҳри, "Сўғдиёна" массивида яшовчи "Азиз" исмли бола билан танишиб қолганлигини айтди. 
2022 йил июль ойининг ўрталарида унга "Азиз" телефон қилганлигини, у билан гаплашган вақтида "гиёҳвандлик" моддаси кераклигини, ўзида ёки танишларида бўлса сотиб олишлигини, ўзи истеъмол қилмоқчилигини айтади. У унга "гиёҳвандлик" моддаси йўқлигини айтган вақтида излаштириб кўришини илтимос қилади. Шундан сўнг у автомашинасини таъмирлатиш учун пул жуда ҳам керак бўлганлигини ўйлаб, ўзида бўлган "гиёҳвандлик" моддасини сотишга қарор қилади. 
Орадан вақт ўтиб, яъни 2022 йил 19 июль куни соат 21:00 лар чамасида "Азиз" унга телефон қилади. У билан гаплашган вақтида бир гугурт қутида "гиёҳвандлик" моддаси борлигини, уни 1.500.000 сўм пулга сотишлигини айтади. "Азиз" у айтган пулга рози бўлади ва сотиб олишлигини, унга бир соатлардан сўнг "Даҳбед" қўрғонида жойлашган "Чойнак-пиёла" ошхонасининг ёнида учрашишини айтади. Иккаласи учрашув жойини келишиб олишади. 
Ҳабиб йўлга ўз машинасида эмас, балки таксида чиқади. "Чойнак-пиёла" ошхонасига яқинлашиб қолганда ҳайдовчига шу ерда бир дақиқага тўхтаб кетишини, бир танишига ушбу нарсани бериши кераклигини айтади. Автомашина билан чойхонанинг ёнига тўхтаган вақтида, соат 22:00 лар чамаси эди. "Азиз" ҳам 2 дақиқада етиб келади. Ҳабиб у турган жойдан тахминан 30-40 метрлар масофада турганлигини кўрганидан сўнг автомашинадан тушиб, унинг ёнига боради. "Гиёҳванд" моддани атайлаб автомашинада қолдириб борганлигини сабаби "Азиз" пулларни олиб келмаган бўлса, унга гугурт қутисини бермоқчи эмас эди. 
"Азиз" билан учрашган вақтида унга 1.100.000 сўмга ҳисоблаб 100 АҚШ доллари ҳамда 8 дона 50.000 сўмлик жами 400.000 сўм пулларни беради. Пулларни санаб олганидан сўнг автомашинада ўтирган "Азим" исмли танишига телефон қилиб, унга автомашина барининг устида турган қутичани олиб келиб беришини айтади. Шундан сўнг "Азим"дан қутичани олган "Азиз" қайтиб кетаётган вақтида унга қараб фуқаролик кийимидаги кишилар югуриб келишади. Уларнинг орган ходими эканлигини дарров фаҳм-лаган Ҳабиб қўрқиб кетганидан Азимга "қоч бу ердан" деб айтиб ўзи ҳам қоча бошлайди. Минг афсуски, энди жуда кеч бўлган эди... 
Судланувчи Ҳакимов Ҳабиб, Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб,  унга нисбатан 3 йил 6 олти ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
И.Дониёров, 
жиноят ишлари бўйича 
туман судининг раиси.