Муштарийларнинг илтимосига кўра АМИР НАСРУЛЛОХОН ҚАНДАЙ ЎЛДИРИЛГАН?

Бухоронинг буғдойранг, мудом адрас тўн кийиб юрадиган, табиатан одамийлик сифатларидан маҳрум, худбин ва шафқатсиз дея эътироф этилган Амир Насруллохон халқ орасида "Қассоб" лақаби билан машҳур бўлди. У отасивафот этган куниёқ  ҳокимият учун кураш бошлади. Ҳусайинисмли акаси, Умар исмли инисига қарши турли тазийқларни ўтказди. Насруллохон кимки тахтни олиш мумкин деб уйласа, ўшани қатл қилдириб, амирликда қассоб лақабини олди. У ўзини аҳли дониш деб ҳисоблаб, маслаҳат берган кишинисуймаган, қатл қилдириб юбораверган. Ҳатто ҳокимиятни олишда ёрдам берган Ҳаким Қушбеги, Аёзбий Исматуллобек каби амалдорларни ҳам арзимаган баҳоналар билан жаллодлар қўлига топшириб юборган.
Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, Насруллохоннинг бирор марта кулганини, аёнлари билан кенгашиб, очилиб суҳбатлашганини ҳеч ким кўрмаган. У бирор вазирни ўзи ча-қирмагунча ҳузурига киритмаган. Амалдорларни хонадонига тез-тез меҳмон бўлиб, зиёфат тугар маҳал бирбаҳона билан мол-  мулкларини мусодара қилиб, ўзларини амалидан олиб ташлаган. Айниқса, гўзал қизларни Насруллохоннинг назаридан қочиришни ҳеч имкони йуқ эди, деб ёзилади тарихий ва адабий асарларда. Бирор кишига ишонмайдиган, ўз соясидан ҳам шубҳаланадиган амир Насрулло Хива хони, Шаҳрисабз ва Китоб беклари билан кечган урушдан сўнг, ўз армиясини замонавийлаштиришга киришди. Шу ниятда Насрулло Эрондан бир тажрибали тўпчини Бухорога таклиф қилади. Мулла Олим Махмудхўжанинг маълумот беришича, Эрондан келган тўпчини исми Абдусамад Табризий бўлган. У ҳарб илмини етук билимдони бўлиб, амирликдаги 200 нафар аскарга сабоқ берган. Бундан ташқари Бухоро шаҳри чеккасида замбарак, ҳарбий арава ясайдиган устахона очади. Натижада амирлик мунтазам қўшини 36.000 га, тўплар сони 86 тага етади. Энди атроф ҳукмдорлар унинг ҳарбий қудратидан чўчиб туришарди.
Бу вазиятда Бухорога инглиз дипломатик корпуси вакиллари Стоддорт ва Конолли элчи бўлиб келади. Инглиз разведкаси вакилларини Бухородаги фаолиятини зимдан кузатувга олган Насрулло уларни яхши ниятда келмаган деб ҳисоблайди ва уларни ҳибсга олишга баҳона қидиради. Элчилар Бухоро одатларини билмас эди. Регистон майдони рўпарасидан ўтишда ҳар қандай аслзода ҳам отдан тушиб, пиёда ўтиши лозимлигидан бехабар элчилар у ердан от устида бозорга қараб ўтиб бораётганда, уларни амирлик удумларига беписанд муносабатда бўлганликда айблаб, 1838 йилда ҳибсга олди. Элчиларни озод қилишни истаган чет эл дипломатиясига амир: "қачон бизнинг динимизни қабул қилса, шунда элчиларни озод қиламан" деб жавоб берди. 1842 йилда Нас-рулло  Қўқон хонлигига ҳужум уюштирди. Хонлик таслим бўлгач, Қўқон хони Муҳаммад Алихон ҳибсга олинди. Бу вазиятда энг ачинарли ҳолат Мухаммад Алихоннинг онаси, хассос шоира, ақл- фаросатда тенгсиз аёл Нодирабегимга ҳам шафқат қилмади. Муҳаммад Алихон ва Нодирабегимларни қатл қилиш чоғида қаршилик қилгани учун амир ўзининг энг яқин кишисига айланган Абдусамад Табризийни ҳам зиндонбанд этади. Аҳмад Дониш "Манғитлар сулоласи тарихи" асарида "Насруллохон ўзига содиқ хизмат қилган, маслаҳатдош Табризийни ҳам аяб ўтирмади" деб ёзади.
1842 йил Арк олдидаги майдонда 4 йиллик зиндон азобидан сўнг, элчилар Стоддарт ва Канолли ҳамда Тўпчибоши Табризийларни дорга остирди. Элчиларни ўлдирилиши Ўрта Осиё тарихида жуда кам учрайдиган воқеа бўлиб, амирликнинг халқаро доирадаги обрўсига путур етказди. Насруллохон даврида бундай воқеалар одатий ҳолга айланиб қолган эди. Қаттиқ- қўллиги сабабли турли ҳудудларда норозилик исёнлари бўлиб турган. 1860 йил Шаҳрисабз исёнини бостириб, бекнинг қизини зўрлик билан Бухорога олиб келади. Қалбида ўз қондошларини(отасини) ўчини олиш туйғуси жўш урган асира қиз амирнинг ҳарамида уйқуда ётган қонхўр ҳукмдор Насруллохоннинг қулоғига бир шишачадаги симобни қуйиб юборади. Бир неча кунлик азоб-уқубатлардан сўнг, 34 йил давомида золимона ҳукмронлик қилган Бухоронинг қонхўр амири шу тариқа вафот этади.

Нодир МИРЗАЕВ, 

 4-умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси.