Саломатлик туман бойлик

ТОЗАЛИК - СОҒЛИК ГАРОВИ

Санитария ва гигиена табобатнинг кенг қамровли соҳаси бўлиб, у кишилар ҳаёти ва саломатлиги учун зарур бўлган талабларни нафақат тозалик нуқтаи назаридан, балки уларнинг турмушларини гўзал, ихчам, қулай ва хавф-хатарсиз бўлишини таъминловчи масалаларни ўз ичига олади. Айниқса, киши бемор бўлганда ўзи ва атрофидаги мулоқотда бўлувчи ҳар бир киши шахсий ва жамоат гигиенаси қоидаларига қатъий амал қилишлари шарт.

Шахсий гигиена қоидалари деганда - бу ҳар бир шахс томонидан ўзининг бадани ва алоҳида тана аъзоларини муттасил равишда озодалигини таъминлаб туриши ҳамда бунинг учун фақат ўзигагина тегишли бўлган шахсий буюм воситаларидан фойдаланиши кераклиги тушунилади. Шахсий гигиена тери гигиенаси (бадан, юз, қўл-оёқлар ва жинсий аъзолар), оғиз бўшлиғи гигиенаси ва сочлар гигиенасини ўз ичига олади. Бизнинг танамиз ўпкадан ташқари тери орқали ҳам нафас олади. Ҳар бир хонадон аъзосида 3 ойда 1 марта янгиланиб турилувчи тиш чўткаси, тароқ, ниқоб, шахсий мочалка, сочиқ, ич кийимлар, чойшаблар, катталар учун соқол олиш устараси ва бошқа шахсий воситалар бўлиши лозим.

Тери гигиенаси. Киши ишдан ёки кўчадан уйга келганда аввало юз-қўлларини чайиб ювиши керак. Инсон доимо соғлом юриши учун фақат кирланганда эмас, балки доимо ҳар куни душ қабул қилиши, имкони бўлмаганда ҳар 2-3 кунда бир марта, теридаги янги ҳужайралар шаклланиб бориши учун эса ҳафтада 1 марта ҳаммомда баданини ишқалаб, тери тешикларини ёпиб қўювчи чанг ва эски ҳужайралар қолдиқларидан  тозалаб совунланиб ювиниб туриш ҳамда ўз шахсий сочиғида артиниши лозим. Бу теридаги ҳар хил бактерия, вирус, замбуруғ, кўзга кўринмас алоҳида майда каналар ва гижжалардан халос қилади. 

 Ҳар бир хонадонда дастурхон, сочиқ-салфеткалар учун алоҳида, ҳар бир оила аъзосига ич кийимлари ва оёқ-пайпоқларини ювиш учун ҳам алоҳида-алоҳида тоғорачалар зарур. Кир машинага ич кийим ва пайпоқлар солинмайди.

Оғиз бўшлиғи гигиенаси. Тишлар, милк, тил ва халқумни тозалаб ювиб, ғарғара қилиб     чайиб туриш одамни овқат маҳсулотлари қолдиқлари чириндиларидан ва улар билан бирга кириб қолган турли бактерия ва паразитлардан халос этади. Оғиз бўшлиғи ва тишлар кунига 2-3 маҳал эрталабки, тушки ва кечки овқатдан бироз вақт ўтказиб тиш пастаси билан чўткалаб ювилади. Кундузи тушликдан кейин уйдан ташқарида бунинг имкони бўлмаганда оғиз тоза сув билан бир неча марта яхшилаб чайилади. Агар тиш ҳар куни ўз шахсий тиш чўткасида ювиб турилмаса, оғиздан бадбўй ҳид келишидан ташқари, турли тиш-милк касалликлари ривожланиб, киши ўзининг табиий тишларидан эрта айрилади, сунъий тиш ва протезлар қўйдиришга муҳтож бўлади. Тишларни ўта қаттиқ, иссиқ-совуқ, нордон, ширин, шўр озиқ-овқат маҳсулотларидан асраб-авайлаш керак. Шарбат ёки газланган ичимлик ичишдан сўнг оғиз бўшлиғи албатта тоза сувда чайилиши керак.

Қўллар тозалиги. Овқат пишириш, овқатланишдан олдин, ҳайвонлар билан ўйнаганда, уларни парвариш қилгандан кейин, ҳар қандай хўжалик юмушларидан сўнг, ҳожатхонадан чиққандан кейин қўллар албатта хўжалик совуни билан ишқалаб ювилиши даркор. Тирноқ- ларни ҳафтада 2 марта доимо калта қилиб олиш керак. Қум, лой ўйнаш, тирноқ ўстириш ва уни ғажишнинг зарарли одат эканлигини болаларга яхшилаб тушунтириш лозим. 

Сочлар гигиенаси. Сочлар ҳафтада 1 марта баъзан озиқлантириш учун 30 минутга кефир, қаймоқ ёки хина суртилиб, сўнг шампунлаб ювиб турилиши керак. 

Хонадон гигиенаси. Аввало, уй атрофи, дарвоза олди, киришдаги йўлак текисланиб тартибга келтирилган, ер участкаси ободонлаштирилиб кўкаламзорлаштирилган ҳолда, кирган инсонда эстетик завқ уйғотиши, хонадоннинг барча бурчагида тозалик ҳукмрон бўлиши керак. 

Бунинг учун уй атрофи ҳар куни сув сепиб супурилиб, оғилхоналар ҳам тоза бўлиши, мол гўнги тўпланиб кўзга ташланиб турмасдан компост чуқурига тўкилиб усти ёпилиши керак. 

Хоналар тез-тез шамоллатилади. Бизнинг иссиқ иқлим шароитимизда ҳавода энг кўп  тарқалган микроб - бу турли касалликларни келтириб чиқарувчи чанг замбуруғларидир. Ҳар бир кишининг ўрин-кўрпаси жилдланган бўлиши, уларни ҳафтада 1 марта ювиш, кўрпаларни эса қуёшли кунларда қоқиб-ёйиб шамоллатиш, хоналар девори, шипи, тез-тез тозаланиб, мебеллар ва поллар намланиб артиб турилиши даркор. Хоналарга  пашшалар кирмаслиги учун дераза ва эшикларга тўр ёки дока тутилади. Ҳовлида пашшалар кўпайишига имкон берадиган чиқиндиларни ариқ-зовурларга тўкмасдан вақтида компост чуқурига кўмиш, суюқ ювиндилар ва мағзава оқиб тушиши учун уй орқасида алоҳида оғзи қопқоқли чуқурлар ковланган бўлиши, ҳожатхона доимо тоза ҳолда эшиги ёпиқ туриши ва сув кранидан камида 20 метр узоқликда бўлиши  лозим. 

Ошхона гигиенаси. Ошхона - бу уй бекасининг юзини кўрсатувчи ойнадир. Ошхонада нон, гўшт ва салатлар қирқиш учун алоҳида тахтачалар, пичоқлар ва салфеткалар бўлиши лозим. Хонадонда оила аъзолари бир пайтда овқатланиши учун етарлича идиш-товоқлар шай бўлиши ва тозалаб ювилган ҳолда эшиги ёпиқ шкафда сақланиши, ошхона поли  супурилмасдан доимо нам латтада артиб тозаланиши шарт. Газ духовкаси устида албатта овқат ҳиди ва буғлари, ёғ тутунини тортиб кетадиган «дымоход» ўрнатилган бўлиши керак.

Ошхонада термосда доимо тайёр қайнаган сув туриши лозим. Тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини совутгичда сақлаш, уни ҳар ҳафта тозалаб, маҳсулотлар яроқлилиги ни текшириб туриш, муддати ўтиб кетмасдан фойдаланиш, мева-сабзавотлар ва кўкатларни яхшилаб ювиб, қайнаган сувда чайиш, гўшт маҳсулотларини етарлича термик пиширилган ҳолда  истеъмол қилиш, нон маҳсулотлари, тайёр, ярим тайёр озиқ-овқатлар устини махсус ёпқич ёки салфетка билан ёпиш, қозондаги овқатни истеъмолгача, ичимлик сув ва бошқа суюқликларни ҳам қопқоғи ёпиқ ҳолда сақлаш, ахлат челагини ҳар куни бўшатиб, ювиб чайиш лозим. Кечқурун ётишдан олдин қозон-товоқларни ювиб қуритиб олиб қўйиш керак. Айниқса, нон маҳсулотларида кўзга кўринадиган ва қолган овқатни кўпинча кўринмайдиган ҳолда моғорлатиб ейиш жуда кўп касалликларни келтириб чиқаради. 

Жамоат гигиенаси. Киши ўзи шахсий гигиенага амал қилсаю, оила ва жамоат учун хонадонда, тўй-маъракаларда ёки кўчада, бозорда, овқатланиш шахобчаларида кўпчилик учун овқат ва ичимликлар 3-4 киши томонидан агар гигиена қоидаларига зид бўлган муҳит ва шароитларда нотўғри тайёрланса ёки етарлича тозаланмаган идишларда тортилса бу ҳолат одамлар орасида турли касалликларни, ҳатто умумий заҳарланишни келтириб чиқариши мумкин. Озиқ-овқат шахобчалари дўконларида пул билан савдо қилганда маҳсулот полиэтилен перчатка ёки махсус қисқич билан ушлаб пакетга солиниши керак.   

Жамоат жойлари бўлмиш олий ўқув юртлари, мактаб, коллеж, лицейлар, болалар боғчалари, корхона ва ташкилотлар, тиббиёт ташкилотлари, сартарошхоналар, салонлар, озиқ-овқат савдо дўконлари ҳамда жамоат ҳожатхоналарида жамоат гигиенаси талабларига қатъий амал қилиниши жамият саломатлигининг гаровидир.

Энг кўп микроблар тўпланадиган жой - бу ошхона ва ҳожатхона эшик тутқичлари, телевизор пульти, телефон, компъютер клавиатураси ва сичқончаси ҳамда ошхона пичоғи ва салфеткаларидир. Чунки уларни зарарсизлантирувчи воситалар билан тез-тез тозалаб артиш ҳар бир кишининг ёдида турмайди ёки бунга ҳафсаласизлик қилади. 

Азиз юртдошлар!

Соғлигимиз ўз қўлимизда экан, келинг бунинг учун ҳаракатни ўзимиздан бошлайлик.

Доимо шахсий гигиена ва жамоат гигиенаси қоидаларига амал қилиб, соғ бўлайлик!

Т. КАРИМОВА,  

КТМП инфекционисти.                                          

С. ҚОСИМОВА,

ТТБ Жамоат саломатлиги ҳудудий бўлинмаси мудири.            


Мавзуга оид: