ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШ - ДАВР ТАЛАБИ

Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, гиёҳвандлик юқори асаб тизимини қўзғатиб, ишдан чиқаргач, инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига путур етказади. Шунингдек, организмдаги моддалар алмашинуви жараёни бузилади ва охир-оқибат бутун вужуд заҳарланади. Бора-бора инсон организми бундай моддаларни истеъмол қилмаса, қисман ёки бутунлай ишдан чиқади. Бу масалага айниқса, сўнгги пайтларда ОАВ орқали жуда кўп марта тўхталиниб, огоҳ бўлиш ҳақида бонг урилмоқда.
Бундан ташқари, беозор дея ҳисобланган айрим дори турлари ҳам борки, қуйида уларнинг инсон соғлиғига зарари ҳақида маълумот бермоқчимиз. Масалан, айрим уйқу келтирувчи ва тинчлантирувчи воситалар (транквилизаторлар), шунингдек, ҳеч бир зарари йўқ деб ҳисобланувчи айрим дори воситалари ҳам гиёҳвандликка йўл очиб бериши мумкин. Шунинг учун гоҳида уйқусизликдан қийналиб, бундай воситаларни ўз ҳолича қабул қилувчилар орасида дори-дармон гиёҳвандлиги деб аталувчи ҳолатнинг мавжудлиги аниқланган. Афсуски, бундай гиёҳвандлик ҳам инсон соғлиғини буткул издан чиқаради.
Шу ўринда соҳа мутахассисларининг фикрларига тўхталсак: маълум бўлишича, наркотик моддаларни истеъмол қилиш хусусиятлари уч      қисмга бўлинар экан:
- биринчидан, наркотикларни қандай усул билан топиш ва истеъмол қилиш учун тўхтатиб бўлмайдиган истак ёки эҳтиёжнинг кучайиб бориши;
- иккинчидан, уларни истеъмол қилиш меъёрини тобора кўпайтириб боришга интилиш;
- учинчидан, шахснинг руҳий ҳамда жисмоний ҳолатининг наркотикларга қисман ёки бутунлай боғланиб қолиши.
Тан олиш керак, дунёнинг ривожланган мамлакатларида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятларга қарши курашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу маънода, давлатимиз томонидан ҳам мамлакатимизда бундай иллатнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. 
Ўзбекистон Республикаси билан Туркия, Покистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Россия, Украина, Италия каби давлатлар ўртасида икки томонлама манфаатли шартномалар имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳамда Европа давлатларининг ўзаро ҳамкорлик доираси янада кенгайиб, Европа Иттифоқи билан минтақавий ҳамкорликка мўлжалланган "Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда наркотикка қарши кураш борасидаги фаолияти дастури" ишлаб чиқилди. Унга кўра, Марказий Осиё давлатларида аэропортлар, автомобиль ва темир йўллар туташган жойларда, шунингдек, денгиз, дарё портларида ташкилий-техникавий ва консультатив ёрдам ишларини амалга оширишга жиддий киришилди.
Аммо, афсуски, айрим кимсалар томонидан бу турдаги ажал оғусини арзимаган пул эвазига яширинча чегарадан олиб ўтишга уринишлар ҳали-ҳануз учраб турибди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш эса миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлар органлари, божхона ҳамда чегара қўшинларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шундай бўлса-да, гиёҳвандликка қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам бевосита вазифаси бўлиб қолмоғи лозим. Бир сўз айтганда эса, уйимизни, фарзандларимиз ҳамда яқинларимизни "оқ ажал" балосидан ўзимиз асрашимиз шарт. Бу ишни бизга биров четдан келиб қилиб бермайди.
Ҳозирги кунда гиёҳвандлик глобал муаммолардан биридир. Аср вабоси деб баҳоланаётган "оқ ажал" қанчадан-қанча инсонларнинг бахтига зомин бўлаётгани, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга одатланиш оқибатида ногирон, жисмоний ва ақлий нуқсони бор болалар дунёга келаётгани ҳақида ўйласак, янада сергак тортамиз. Оғунинг қулига айланиб қолаётган замондошларимизни тўғри йўлга қайтариш барчамиз учун фойдалидир. Шундай экан, оилаларимиз тинчлиги, фарзандларимиз келажагига раҳна солаётган, жиддий хавфга айланган гиёҳвандликка қарши биргаликда курашишимиз шарт.
 Гиёҳвандларнинг деярли ҳаммаси юрак ва ўпка етишмовчилиги, артритдан азият чекишади. Гиёҳванд моддалар бир неча бор қабул қилгандан сўнг уйқусизлик бошланади, қувватсизлик, иштаҳанинг йўқолиши, озиб кетиш кабилар содир бўлади. Хотира сусаяди, мушакларда оғриқлар, тиришиш, бош оғриғи, юрак фаолиятининг тушиб кетиши, психоз... Бўғимларнинг зирқираб оғриши ва жисмоний оғриққа инсон зоти чидаши қийин. Беморга барча аъзолари иш фаолиятини тугатгандек, у ўлиб қоладигандек туюлаверади. Вақтида гиёҳванд моддани топа олмаган гиёҳванд ўзининг жонига қасд қилишдан ҳам тоймайди.
Ўз ҳаётини издан чиқарган бемор бор-будини наркотик моддалар харидига сарфлайди. Касаллик борган сари кучайиб, беморни жисмоний ва маънавий жиҳатдан емиради. Бу орада бемор ОИТС, ОЭФ, вирусли С гепатити каби ўта хавфли касалликларни орттириб олиши ва бу турдаги касалликни тарқалишида воситачи бўлиб қолиши ҳам мумкин. Энг даҳшатлиси, гиёҳванд "доза"ни қабул қилиш учун турли бузғунчиликлар қилмаслигига, ҳатто энг оғир жиноятлар содир этмаслигига ҳеч ким кафил бўла олмайди. Дарвоқе, беморларнинг деярли барчаси гиёҳванд моддаларни чекиб ё ҳидлаб сархуш бўлиш орқали ўрганади. Сўнгра "дори"нинг камлиги ва киссанинг қуриб қолиши натижасида ботқоққа янада чуқурроқ ботади. Яъни, гиёҳванд моддани игна билан томирга юбориш йўлига ўтади. Айрим ҳолларда миқдорини ошириб юбориши оқибатида касаллик инсоннинг муқаррар ўлими билан якунланади.
Энг ачинарлиси, оғунинг қулига айланиб қолганлар саломатлигини, руҳий мувозанатни йўқотади. Бу эса, фақат унинг ўзи учунгина эмас, оила аъзолари ва ён-атрофдаги одамлар учун ҳам хавфлидир. Шундай экан, гиёҳвандликка қарши кураш барчамизни бирдек ўйлантириши лозимлигини дилдан ҳис қиламиз. Юртимизнинг ҳар бир фуқароси бу масалага ўзининг Ватан олдидаги, қолаверса, оиласи, фарзандлари олдидаги бурчи сифатида қараши зарур.
Бу турдаги касалликларнинг олдини олиш мақсадида юртимизда талай ишлар амалга оширилаётир. Никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш борасида маҳаллаларда олиб борилаётган тушинтириш, тарғибот ишлари шулар жумласидандир. Бу тадбир соғлом оила қурилишига ва соғлом маънавий муҳитнинг шаклланишига, ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом зурриёт дунёга келтиришга олиб келмоқда. Кўз очиб юмгунча ўтадиган умрни шамолга совурмасдан, унинг ҳар бир лаҳзасидан оқилона фойдаланиш, ҳаётдан лаззат қидириб эмас, завқланиб яшаш одамни камолга етказади. Ана шу оддий ҳақиқатни англаб яшаган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди.
 Эргаш ТИЛАВОВ, 
Самарқанд ҳарбий прокурорининг гиёҳвандликка қарши курашиш бўлими  бошлиғи ёрдамчиси, адлия 
полковниги. 
Мавзуга оид: