Саломатлик

Шифокор тавсия этади


АҲОЛИНИНГ СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШИНИ ТАЪМИНЛАШ  - ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги "Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4887 сонли Қарори ижросини таъминлаш бўйича ушбу тизимни такомиллаштириш билан бирга аҳоли ўртасида соғ- лом турмуш тарзини шакллантиришга ва мазкур соҳага давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида аҳамият қаратилмоқда.

Жумладан, 2025 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, 2022 йилга қадар юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш концепциялари,  соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш  ва оммавий спортни янада ривожлантириш ҳамда соғлом овқатланишни таъминлаш чора-тадбирлари тасдиқланди ва ижрога қаратилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, жисмоний фаоллик ҳамда овқатланиш меъёр ва қоидаларига амал қилмаслик, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, шунингдек, етарли даражада витамин ва минераллар истеъмол қилмаслик оқибатида ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишда орқада қолиш, катталарда эса юрак-қон томир, эндокрин, хавфли ўсмалар каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликлар ривожланишига сабаб бўлади.

Шу билан бирга, коронавирус пандемияси оқибатларидан олинган сабоқлар касалликнинг оғирлиги ва ўлим ҳолатларининг катта қисми нотўғри турмуш тарзи ва нотўғри овқатланиш туфайли йўлдош касалликлар  ва иммунитетнинг пасайиши билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатди.

Қарорга кўра аҳолининг соғлом овқатланиши ва жисмоний фаоллигини таъминлашда давлат сиёсатини янада мустаҳкамлаш, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш, ҳар бир фуқарода соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик маданиятини шакллантириш мақсадида қуйидаги тартиб ўрнатилади ва унга кўра:

1. а)  2021 йил 1 июндан бошлаб:

6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;

6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларда "А" витамини билан;

2-10 ёшдаги болалар гельминтоз-гижжалар профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан давлат томонидан бепул таъминланади;

б) 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

ҳомиладор ва эмизикли оналар ҳамда 3-15 ёшдаги болалар йод препарати билан;

35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препаратлари билан давлат томонидан бепул таъминланади.

в) 2021 йил 1 апрелдан бошлаб биринчи нав буғдой уни билан бир қаторда олий нав буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирда республика ҳудудида ишлаб чиқарилишга рухсат берилиб савдога чиқарилади.

2. Қарорда қуйидагиларни давлат органлари томонидан амалга ошириш белгиланган:

- инсоннинг тана вазни индексини (ТВИ) ҳисоблаш, унинг ҳаёт тарзини ҳисобга олган ҳолда кунлик овқатланиш меъёрини тавсия этиш тиббий ходимлар томонидан олиб борилади; ортиқча вазн ва семизликнинг салбий оқибатлари тушунтириб борилади;

- ҳомиладор ва туғруқдан кейинги даврдаги аёллар ҳамда 5 ёшгача болалари мавжуд оилалар учун амалдаги штатлар доирасида алоҳида патронаж ҳамшираси бириктирилади ва ягона меъёр асосида улар бевосита кузатилади;

- маҳаллаларда патронаж ҳамшираси томонидан умумий ҳолати қониқарли ва хавф гуруҳидаги аҳолини аниқланади ва улар соғлиғининг умумий ҳолатини аниқ ёндашувлар асосида кузатиб борилади;

- руҳий тушкунлик ҳолати, боланинг тўғри овқатланиши ва ривожланиши учун соғлом муҳитни таъминлашда қийинчиликлари мавжуд хавф гуруҳидаги ҳомиладор ва туғруқдан кейинги даврдаги аёллар ҳамда 5 ёшгача болалари мавжуд бўлган оилаларнинг ҳар бирига индувидуал алоҳида режа асосида кенгайтирилган ёрдам  кўрсатилади;

2025 йил 1 январдан бошлаб республика ҳудудида ишлаб чиқариш учун олиб кириладиган ва маҳаллий ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари уларнинг инсон соғлиғи учун хавфсиз ёки зарарли эканлигини кўрсатувчи белгилар билан мажбурий тартибда тамғаланади. 

Бунда таркибида туз, қанд ва ёғ миқдорини ҳисобга олган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон соғлиғи учун хавфсиз ёки зарарли эканлигини белгилаш давлат санитария назорати органлари томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, савдо расталарида, даволаш ва таълим муассасаларида тайёр ва ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари рецептурасидаги туз миқдорини пасайтириш орқали аҳоли томонидан туз истеъмолини камайтириш, чакана савдо шахобчаларида халқ истеъмоли озиқ-овқат товарлари, турли ҳайвонлар гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда мева-сабзавот, полиз экинларини деҳқон бозори ветеринария лабораторияси ва экспертизасидан ўтказиш тартибларини ишлаб чиқариш;

Ўзбекистон Республикасида биологик фаол қўшимчалар препаратларини ишлаб чиқариш ва уларни руйхатдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш, аҳоли орасида буқоқ касалликлари - йод танқислигининг олдини олиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса йодланган туз ишлаб чиқариш давлат стандартини такомиллаштириш;

ЖССТнинг тавсияларига асосан алоҳида болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлари маркетингини тартибга солиш;

Болалар ва ўсмирлар учун туз, қанд ва ёғ миқдори белгиланган меъёрлардан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, кучли газланган, рангли, ширин ва энергетик ичимликларнинг маркетингини тартибга солиш;

Соғлом, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори инсон соғлиғи учун хавфсиз меъёр доирасидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш;

ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси келишуви асосида хавфсиз ов-қатланишни таъминлаш бўйича "беш калит дастури"ни тарғиб қилиш;

Ота-оналар ва болалар учун интерфаол усулда соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича "Соғлом овқатланайлик" туркум кўрсатувларини тайёрлаш ва тизимли равишда эфирга узатиш;

2021 йил 1 квартали якунигача тиббий ходимлар томонидан аҳоли орасида турли ёш гуруҳларига давлат томонидан бепул тарқатиладиган витаминлар, дори препаратлари ва таркибида микронутриентлар сақловчи озиқ-овқат маҳсулотларининг болалар ва ўсмирлар ҳамда ҳомиладор ва эмизикли оналар соғлиғини сақлашдаги катта аҳамияти, уларни сақлаш тартиби, белгиланган дозаларда қачон, қай усулда истеъмол қилиш бўйича аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда журналларда қайд этиш;

Тиббиёт муассасаларида ва хусусий шифохоналарда беморлар учун мўлжалланган озиқ-овқат меъёрлари ва таомномаларини ҳамда парҳез таомларини қайта кўриб чиқиш;

Умумий ўрта таълим мактаблари, коллеж ва лицейларда ўқувчиларнинг соғлом ва хавфсиз овқатланишини такомиллаштириш. Мактаб ошхоналарини санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативлари талабларига мос ҳолатга келтириш, таомлар сифати ва хавфсизлигини назорат қилишни йўлга қўйиш;

Бирламчи тиббий-санитария муассасаларида 40 ва ундан катта ёшдаги фуқароларда юқумли бўлмаган, айниқса нотўғри овқатланиш туфайли юзага келадиган юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, семизлик ва ўсма касалликларига олиб келувчи хавф омилларини эрта аниқлаш;

Давлат муассасалари ва хусусий сектордаги озиқ-овқат, фармацевтика, тиббиёт, бошқа декретив гуруҳ вакиллари ва ишчи-хизматчиларида соғлом турмуш тарзи, санитария-гигиена кўникмаларини ҳосил қилиш учун махсус санитария минимум гигиеник машғулотлари курсларини ташкиллаштириш ҳамда уларни тизимли равишда амалга ошириш;

Озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги тўйинган ёғ кислоталари миқдорини камайтириш (мол чарвиси, турли транс ёғлар, сунъий ёғ ва маргаринлар), уларни тўйинмаган ёғ маҳсулотлари билан алмаштириш, маҳсулотлар ва ичимликларда эркин қанд миқдорини камайтириш;

Импорт ва маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларида таркибида инсон организмига салбий таъсир қилувчи, баъзан ҳаётига хавф туғдирувчи саноат транс ёғлари, техник пальма ёғи, номақбул аллергик сунъий қўшимчалар, консервантлар, антибиотиклар ҳамда гормонал препаратларни сақловчи озиқ-овқат маҳсулотларини чеклаш ҳамда айниқса болалар ва ўсмирлар орасида конфет ёки турли ширинликлар кўринишидаги таркибида никотин сақловчи маҳсулотлар сотилишига йўл қўймаслик тадбирларини амалга ошириш устидан назорат ўрнатилади.

Бу каби тадбирларни давлат томонидан амалга оширилишидан мақсад республика фуқаролари соғлиғини муҳофаза қилиш, айниқса ўсиб келаётган ёш авлод соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда мамлакат ривожи учун соғлом авлодни вояга етказишдир.

 С. ҚОСИМОВА,

туман тиббиёт бирлашмасининг аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлинмаси мудири.                            


Мавзуга оид:
Тиббиёт

Тиббиёт

  • 27 ноя, 13:28
Тиббиёт

Тиббиёт

  • 27 ноя, 13:26