Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш диққат-эътиборимизда

"Аёллар дафтари" тизими - ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш, оилаларни мустаҳкамлаш ва уларнинг фарзанд тарбиясидаги ролини ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган маслаҳатлар бериш, "одобли қиз", "иффатли келин" ва "маърифатли аёл" ғояларини кенг тарҚиб этиш мақсадида ҳар бир фуқаролар йиғинида ташкил этиладиган ва жамоатчилик асосида фаолият юритувчи "Аёллар маслаҳат кенгаши" ва унинг аъзолари мунтазам равишда хотин-қизларимиз иш фаолиятида, оилавий ҳаётларида ҳамкор бўладилар. 
Секторлар ишчи гуруҳи - сектор раҳбари бошчилигида иқтисодиёт, инвестиция, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳаси, давлат бошқаруви органларининг туман тузилмасининг малакали мутахассислари ва тижорат банклари ходимларидан иборат туман ҳокими томонидан тасдиқланадиган махсус ишчи гуруҳлари фаолият олиб борадилар.
Ҳоким ёрдамчиси - маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича масъулдирлар. "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай "Аёллар дафтари"га 31 ва ундан катта ёшдаги қуйида келтирилган тоифалардаги хотин-қизлар киритилади:
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар (бандлиги таъминланмаган, ишлаш истагида бўлган, бироқ даромад манбаига эга бўлмаган хотин-қизлар);
Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар (бандлиги таъминланмаган, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган хотин-қизлар);
Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар (боқувчиси бўлмаган (вафот этган, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, руҳий касал, I-II гуруҳ ногиронлиги бўлган, бедарак йўқолган, никоҳи бекор қилинган) эҳтиёжманд хотин-қизлар);
Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар (меҳнатга лаёқатсиз, ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизлар);
Нотурар жойларда яшайдиган эҳтиёжманд хотин-қизлар (доимий яшаш учун турар жойи бўлмаган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизлар);
Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд хотин-қизлар (ногиронлиги бўлган фарзандини парваришлашга ўзини бағишлаган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар)
Хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари қуйидаги шаклларда ўрганилади:
- Секторлар ишчи гуруҳлари ва маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари томонидан маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари ходимлари ва фаоллари билан биргаликда барча йўналишдаги муаммоларни ҳар йили январь-февраль ойларида уйма-уй юриш;
 - хотин-қизларнинг мурожаатларини, шу жумладан, "Аёллар маслаҳат кенгаши"га мурожаатларини кўриб чиқиш.
"Аёллар маслаҳат кенгаши"га мурожаат қилинган ҳолатда анкета сўровномалар тўлдирилиб, сектор ишчи гуруҳига тақдим қилинади. Секторлар раҳбарлари ва туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан биргаликда муаммоларнинг ҳаққонийлигини ўрганади ва ҳар ойда "Аёллар дафтари"га киритилиши учун тавсия қилинган (ҳолати ўрганилган) хотин-қизлар рўйхатини халқ депутатлари туман Кенгашига тақдим этадилар
"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида хотин-қизларимизга қуйидаги амалий ёрдамлар берилади:
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларни бандлигини таъминлаш, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баробари миқдорида бир марталик моддий ёрдам бериш, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш,
томорқадан ва деҳқончиликдан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш, боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида бир марталик моддий ёрдам бериш, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш.
Жарроҳлик амалиёти ўтказилиши лозим бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг жарроҳлик амалиёти харажатларини молиялаштириш. Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида бир марталик моддий ёрдам бериш. Оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш. Нотурар жойларда яшайдиган эҳтиёжманд хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баробари миқдорида бир марталик моддий ёрдам бериш. Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида бир марталик моддий ёрдам бериш. Томорқадан ва деҳқончиликдан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш. "Аёллар дафтари"га киритилган барча хотин-қизларга ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам берилади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Халқ банки, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, "Тадбиркор аёл" ишбилармон аёллар уюшмаси, "Ҳунарманд" уюшмаси ҳамда ҳудудий хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари жойларда ўқув курслари ташкил этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ва "Аёллар дафтари"га киритилган 2-тоифадаги хотин-қизларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш ва бизнес лойиҳаларини тузишга кўмаклашади.
Микрокредитбанк, Агробанк ва Халқ банкининг туман филиаллари орқали тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун кредит олиш истагида бўлган хотин-қизларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган  хизматлар кўрсатилади. Ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда бизнес лойиҳаларни тузишни ўргатиш, кредит олишга кўмаклашиш ва кредит ажратиш.
Халқ банки "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларга кредит олишда кўмаклашади. Бу масалада республикада ажратилган кредитларнинг статистик ҳисоботини юритиш ва кредит ажратилгандан сўнг уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш учун доимий қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишларни мувофиқлаштиришга масъул ҳисобланади.
Кредитлар "Аёллар дафтари"га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга йўналтирилади. Бунда кредитлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача миқдорда ажратилади. Кредитлар, истисно тариқасида, 7 фоизлик ставкада белгиланади. Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.
Кредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан ажратилади. Аризачиниг талабномасига асосан кредитнинг 15 миллион сўмдан ошмаган миқдори нақд пул кўринишида берилиши мумкин.
Кредитлар Микрокредитбанк, Агробанк ва Халқ банкининг туман  филиаллари томонидан маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари асосида   ажратилади. Тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз хотин-қизларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна ва бошқа меҳнат воситалари харид қилиш учун субсидиялар берилади.
"Аёллар дафтари"га киритилган, бироқ кредит олишни рад қилган хотин-қизларни доимий бандлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминлашга қаратилган лойиҳаларига дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан 7 фоизлик ставкада имтиёзли кредитлар ажратилиши мумкин.
Бунда лойиҳа учун кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш шарти билан, самарадорлиги юқори ва барқарор иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларига Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш Давлат   дастурлари доирасидаги ресурслар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баравардан ортиқ, бироқ 4000 бараваридан юқори бўлмаган миқдорда кредит ажратилиши мумкин.
Кредит суммасининг аниқ миқдори тадбиркор томонидан иш билан таъминланадиган ҳар бир хотин-қиз учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорига мутаносиб равишда белгиланади.
Ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларимизнинг фаровон ҳаёти учун қабул қилинаётган қарорлар, меъёрий ҳужжатлар, имтиёзлар таҳсинга лойиқ. Ушбу имкониятлардан самарали, мақсадли фойдаланиш, натижада камбағалликдан чиқиш, ўз тадбиркорлигини шакллантириш, бизнесини бошлаш "Аёллар дафтари"даги хотин-қизларимиз учун катта муваффақиятдир. Хулоса ўрнида алоҳида  таъкидлаб ўтмоғимиз   лозимки, ушбу чора-тадбирларнинг замирида боқимандалик кайфиятидан қутилиш муаммоси ҳам мужассамдир. 
Феруза Маликова,
 туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.