ЮЗ МАРТА ЎҚИШГА АРЗИГУЛИК КИТОБ

Дунёга таниқли тарихчи олим Амриддин Бердимуродовнинг дунё бўйлаб қилган саёҳатлари асосида ёзилган "Ватан ҳаққига муножот" китоби ҳақида туманимиз китобхонларига маълум қилмоқчиман.
Ушбу китоб шуниси билан характерлики, китобни ўқиб бўлгач, "Ҳа... Ватан ҳақида тафаккур қилиш, Ватан ҳақида сўзлаш, умуман Ватан сўзини англаш бундоқ бўлар экан", деб чуқур хаёлга берилиб кетасиз. Ватан ҳақида айтилган сўзлардан қувонасиз. Қалбингиз эса ғурурга тўлади. Ватанни жон томири қаерда эканлигини чуқур англаб етасиз.
Киобни ўқиб чиқиб, ушбу китообда бизнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур маҳалламизнинг Муллақўрғон қишлоғидан топилган бир экспонат ҳақида ёзилган маълумотга кўзим тушиб жудаям хурсанд бўлиб кетдим. Бу хурсандчилигимни сизлар билан баҳам кўриш мақсадида китобда келтирилган қуйидаги мақола билан таништирмоқчиман:
«Лондонга ташриф.
2013 йил хизмат юзасидан Буюк Британия пойтахти Лондонга бордик. Лондон университети қошидаги Шарқ ва Африкани тадқиқ қилиш Олий мактабида ташкил этилаётган "Мангу олов: зардуштийлик тарихида ва тасаввурларда" номли халқаро кўргазмага Ўзбекистон олимлари ҳам таклиф этилган эди. Кўргазма ташкилотчиларининг илтимосига кўра, биз Ўзбекистондан оташпарастлик динига дахлдор 4-5 та ноёб экспонатларни олиб боришимиз лозим эди. Дунёнинг  ўн бир мамлакатидан олиб келинган ушбу халқаро кўргазма катта кўтаринкилик билан ўтди. Кўргазманинг таклифномаси, каталоги ва шаҳар кўчаларидаги рекламаларда Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги Муллақўрғон қишлоғидан XX асрнинг 50-60 йилларида топилган ва VII-VIII асрларга оид ноёб остадонда муқаддас олов ёниб турган меҳробнинг тасвири туширилган эди. Лондон кўчалари ва метроларда бу суратни кўриб, юрагимиз фахр ва ғурурдан ҳапқириб кетди.
Кўргазма очилишидан олдин оташпарастлик дини тарихига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Конференция иштирокчиларини шаҳзода Чарлз қутлаб: "Минг йиллар давомида зардуштийлик динини жамиятга ва маданиятга кўрсатган таъсири, афсуски, ҳалигача етарли равишда ўз баҳосини олмаган. Зардуштийликнинг буддаизм, христианлик ва ислом таълимотига кўрсатган таъсири ҳақиқий далиллар асосида ўз тасдиғини топган. Зардуштийликнинг энг юрагида пайдо бўлган - "Эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал" таълимоти жаҳон ҳамжамияти ўзаро уйғунликда, тотувликда яшашга интилаётган бугунги XXI аср муаммоларига ечим бўлиб хизмат қилаётганини ҳам кўпчилик билмайди. Менимча, диний қадриятлардан узоқлашиб бораётган ҳозирги давримизда бир неча минг йиллар мобайнида жамланган бу муқаддас донишмандликни келгуси авлодлар учун ҳам сақлаш ўта ҳаётий заруратдир", - деди.
Унинг бу гапи конференция иштирокчилари томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди. Ушбу кўргазмага 11 та мамлакатдан экспонатлар олиб келинган бўлсада, уларнинг кўпчилиги бевосита Ўзбекистон билан боғлиқ эди. Уларнинг айримлари ҳақида тўхталиб ўтсак: Ургут туманидаги Жартепа қишлоғидан топилган оташпарастлар ибодатхонасини қазиш пайтида қўлга киритилган коҳинлар асоси, Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги Юмпалоқтепа ёдгорлигидан топилган остадон, Афросиёбдаги ҳукмдор Вархуман саройи деворига чизилган суратнинг нусхаси, Қашқадарё вилояти, Китоб туманидаги Сиваз қишлоғидан топилган остадоннинг сурати, Қорақалпоғистондаги Чилпек оташпарастлар даҳмаси ва Тоққалъа ёдгорлигидан топилган остадоннинг суратлари ҳам қўйилган.
Бундан ташқари, ушбу кўргазмага Хитойдан топилган бой самарқандлик савдогарнинг мармардан ясалган мақбарасининг бўлаклари ҳам қўйилган. Бу савдогар аждодимиз узоқ вақт мобайнида Хитойда яшаганига қарамай, ўз юрти, яъни суғд маросимлар бўйича дафн қилингандир. Мармар тахтага "Авесто"дан олинган ҳар хил сьюжетлар ўта моҳирлик билан ишланган.
Шунингдек, ушбу кўргазмага суғд тилида ёзилган ноёб қўлёзмаларнинг ҳам қўйилгани унинг илмий аҳамиятини янада оширган. Маълумки, 1904-1906 йилларда инглиз олими          А. Стейн  Буюк Хитой девори минораларининг биридан Хитойнинг ипак қоғозига ёзилган ҳужжатларни топган эди. Фанга "Кўҳна хатлар" номи билан кирган бу ҳужжатлар билан танилган шарқшунос В.Хемнинг бу ҳужжатлар суғд тилида ёзилганлигини, унинг сиртига "Самарқандга" деган ёзув битилганини аниқлаган.
Ушбу хатлар Самарқандда туғилган, аммо тақдир тақозоси билан Хитойга бориб қолган Меванчи исмли қизнинг Самарқанддаги онасига ёзган мактуби эди. Эрамизнинг 317 йили ёзилган бу хатлар, афсуски, ўша пайтларда Самарқандга етиб келмаган.
Сиёсий вазият қалтис бўлганлиги сабабли чопар бу хатларни Буюк Хитой деворининг қоровул минорасига яширишга мажбур бўлган. Орадан бир минг олти юз йиллар ўтиб, бу хат олимлар қўлига тушган. Буюк Британия кутубхонасида сақланаётган ушбу ноёб хатлар суғд ёзувининг энг қимматли намуналари сифатида ҳам қадрлидир.
Маълумки, VIII асрдан бошлаб Марказий Осиё ва Эронга арабларнинг кириб келиши туфайли кўплаб оташпарастлар ўз ватанини ташлаб, Ҳиндистонга қочиб кетишга мажбур бўлган. Улар бу ишни ўз диний эътиқодларидан воз кечишни хоҳламагани туфайли қилганлар. Бу оташпарастларнинг ҳозирги авлодлари Ҳиндистонда яшаб, ота-боболарининг қадимги динига эътиқод қилиб келади. Ҳиндистонга қочиб борган оташпарастларга унчалик  ҳам осон бўлмаган. Ҳиндлар улар учун кўпгина нарсаларни тақиқлашган. Аммо оташпарастлар ўз меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги туфайли барча қийинчиликларни енгишга, ўз иқтисодий турмушларини яхшилашга эришган.
Ҳозирги кунда уларнинг орасида ўта бой-бадавлат шахслар ҳам бор. Улар Лондондаги ушбу кўргазмага ҳам ҳомийлик қилган. Эндиликда худди шу кўргазмани Ҳиндистонда ҳам ташкил қилиш тараддудида юришибди.
Лондонда очилган ушбу кўргазмага дунёнинг турли илмий марказидан таниқли олимлар келишганлигига гувоҳ бўлдик. Айниқса, Франция ва Россиядан келган илмий ҳамкорларимизни кўриб хурсанд бўлдик. Қадимги Шарқ, Марказий Осиё, Суғд тарихи ва маданияти бўйича таниқли олим, профессор Ф.Грене биз билан кўришгач: "Ўзбекистон олимлари ва Ўзбекистондаги экспонатларсиз ушбу кўргазма тўлиқ бўлмай кемтик бўлиб қолишидан чўчиган эдим. Сизларни бу ерда кўрганимдан хурсандман", - деди. Биз Франц билан кўргазма залларини айландик. Оташпарастлик дини бўйича бир неча китоб ва мақолаларнинг муаллифи Франц Грене ҳар бир экспонат ёнида туриб, ўз шарҳини берар эди.
Ҳиндистондан келтирилган бу замонавий оташпарастлар ибодат хонасида фойдаланилаётган муқаддас ўчоқ, қўнғироқчалар, мусиқа асбоблари ва бошқа буюмлар қўйилган стенд олдида тўхтаб, менга: "Эътибор бериб қаранг, бу ерда қўйилган асбоблар ва буюмлар худди сиз Ургут туманида очилган Жартера Ибодатхонасидан топилган буюмларга айнан ўхшашдир. Фарқи, фақат сиз топган жиҳозлар қадимги бўлса, булар замонавийдир. Буларни кўрганингиздан кейин, "Ўзбекистон оташпарастлик динининг Ватанидир" деган фикрга ҳеч қандай шубҳа қолмайди. Ёки сиз Лондонга, ушбу кўргазмага олиб келган остадонларни олиб кўрайлик. Уларнинг сиртига ишланган диний маросимларга бағишланган тасвирлар шу даражада аниқ ва мазмунлики, "Авесто"ни чуқур билмаган ҳунарманд - кулол бу тасвирларни яратиши мумкин эмасдир, - деди у".
Ҳақиқатдан ҳам, француз олими илмий томондан тўғри гапни айтди. Мен юқорида Лондондаги кўргазмага дунёнинг турли томонидан таниқли олимлар келганини айтган эдим. Шулар қаторида Париждан Франциядаги "Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси"нинг президенти Фредерик Брессанд хоним ҳам келган эди. Биз у киши билан аввалданоқ яхши таниш бўлганимиз учунми бу учрашув ҳар икки томонга жуда қувончли бўлди. Таниқли хоним кўргазма билан батафсил танишиб бўлгач, суҳбат уюштиришга ҳам муваффақ бўлдик.
- Мени, кўпинча, Темур ва темурийлар давридаги юксак маданият, илм-фаннинг илдизлари қаерда деган савол ўйлантиради. Бу юксак маданиятнинг илдизлари, бошланишини фақат Ўзбекистондан қидириш лозим, деб ўйлайман. Бунга мисол тариқасида Ўзбекистондан келтирилган экспонатлар билан танишиш қизиқдир. Темур ўз аждодлари яратиб кетган юксак цивилизациясини тирилтиришига, унга янгича жило, нафас беришга эришди, - деди хоним.
Дарҳақиқат, шундай буюк цивилизация яратган халқнинг вакили эканингдан фахрланасан, киши. Лондонда ташкил этилган мазкур кўргазмага минг-минглаб европаликлар, осиёликлар ва бошқалар келишиб, ўзбек заминида туғилган буюк донишмандларимиздан баҳраманд бўлаётганларини ўз кўзи билан кўриш бағоят фахрли эканлигини ўз бошидан кечирган инсонгина билади.  
Лондонга борган одамлар бу шаҳардаги машҳур музейларга бормасдан қайтмайдилар. Шаҳардаги машҳур музейларга биринчи нав-батда, Британия, Виктория ва Альберт музейлари киради. Биз Британиянинг музейига борганимизда, одамлар жуда гавжум эди. Чипта оламиз деб, чиптахонага кирдик, аммо ҳеч жойда чипта сотадиган одам ҳам, чиптахона ҳам йўқ эди. Мажбур бўлиб музей ходимларидан биридан чиптахонани сўрадим. У музей текин эканини ва бу ерда чиптахона йўқлигини тушунтирди. Британия музейи жуда катта бўлиб, унинг барча залларини кўриш учун бир неча кун зарур бўлади. Шу сабабли биз аввал ўзимиз учун кўришимиз албатта зарур бўлган   экспонатларни танладик.
Британия музейига борган Ўзбекистонлик меҳмон биринчи навбатда бу ерда сақланаётган Амударё хазинасини кўришни хоҳлайди. Икки юздан ошиқ олтин ва кумушдан ясалган турли хил тақинчоқ, безак, ҳайкалчалар ҳамда бир ярим мингдан кўпроқ ноёб тангалардан иборат ушбу хазина бундан икки минг беш юз йиллар илгари уч аср давомида йиғилган. Бу хазина қайси йўллар орқали Британия музе-йига бориб қолгани кўпчилик учун ҳам қизиқдир. 1878 йилнинг ёзида Бухородан йўлга чиққан савдо карвони Амударёдан ўтиб Қобул шаҳрига етиб келади. Карвонсаройда дам олган савдо карвони яна йўлга тушиб Пешовар томонга отланади. Кутилмаганда карвонга қароқчилар ҳужум қилади. Бу ҳужум айниқса бухоролик уч савдогар Вази ад-Дин, Ғулом Муҳаммад ва Шукур Алиларга катта зиён етказади. Улар бор бойлигидан жудо бўлади. Чорасиз қолган савдогарлар бу ердаги инглиз чегара хизмати капитани Ф.Бартонгага ёрдам сўраб мурожаат қилади. Аҳволни тўғри тушунган капитан ёнига икки ёрдамчисини олиб, қароқчиларнинг изидан тушади. Улар ярим оқшомда яширин ғорга ётиб келганида, қароқчилар ўлжани бўлиш билан овора эди. Ўлжани бўлишда жанжал чиққани сабабли, тўрт ярадор қароқчи ғорнинг ичида тўлғаниб ётарди. Капитан ва унинг шериклари тонг отгач қароқчиларни қўлга олади. Қароқчилар қўлга киритган барча қимматбаҳо буюмларни капитанга топширади. Бухоролик савдогарлар барча буюмларини бус-бутун кўришиб ғоятда хурсанд бўлади ва миннатдорчилик рамзи сифатида жуда нафис олтин билак узукни капитанга     совға қилади. Капитан бу буюмларнинг тарихий қийматини тўғри баҳолай олади. Бор пулига бир неча олтин буюмларни ҳам сотиб олади. Савдогарлар Шимолий Ҳиндистондаги Равалпинди шаҳрига етиб келиб, қолган буюмларини антиквар бозорида пуллаб юборади. Ўша даврда Ҳиндистонда ишлаган инженер А.Грант генерал майор Сэр Алан Гордон Каннингем ва ноёб топилмаларга қизиқадиган дўсти Э.У. Френк бу ноёб тарихий буюмларни сотиб олиб Буюк Британия музейига келтиришади. Сўнгра бу қимматбаҳо буюмлар Англиядаги энг бой ва машҳур "Британия музейи ва британ миллатининг йирик хазинаси" деб аталган эди. Ушбу хазина Амударё ёқасидаги қишлоқдан топилгани учун "Амударё хазинаси" деб ном олган. Хазина тўғрисида бир нечталаб мақолалар ва китоблар ёзилган, аммо унинг сири тўлиқ очилган деб айтиш мушкул. Тадқиқотлар ҳамон давом этмоқда. Агарда ушбу хазинага оид бирор-бир буюмни кўрмоқчи бўлганлар Ўзбекистон Республикаси марказий банки томонидан 1994 йилда чиқарилган юз сўмлик пулга қараса кифоя. Ушбу сўмнинг сиртига бухоролик савдогарлар капитан Бартонга совға қилган ўша олтин билак узукнинг тасвири туширилган. Бундан ташқари ушбу музейда Миср маликаси Клеопатранинг мўмиёланган жасадини ҳам зиёрат қилдик. Шунингдек, Британия музейида Амир Темурнинг икки рангли сурати ҳам сақланадики, бу барча юртдошларимиз учун ғоятда фахрлидир.
Сурхондарё вилоятидаги кўҳна Термиз мажмуасига кирувчи Қоратепа буддавийлик ибодатхонасидан бир пайтлар топилган Будда пайғамбарнинг бағоят нафис, бежирим қилиб ишланган тош ҳайкали ҳам шу музейда сақланади. Афсуски, вақтимиз кам бўлганлиги сабабли бу ноёб ёдгорликни кўра олмадик. Лондондаги иккинчи йирик музей   Виктория ва Альберт музейидир. Бу музей ҳам ўта бой бўлиб, унда юртимизнинг қадимий шаҳарлари Самарқанд, Бухоро ва Хивадан турли йўллар билан олиб кетилган кошинкор сопол идиш-товоқлар, тангалар ҳамда миниатюра сақланмоқда. Бу музейда XIX асрнинг охирида Самарқанддаги Амир Темур мақбарасидан олиб кетилган ёғоч эшик ҳам сақланади. Юксак ўймакорлик санъати билан ишлов берилган бу ноёб эшикни кўриш учун кўп изладик, аммо залдан топа олмадик. Музей ходимларининг айтишларича, бу ноёб экспонат фондда сақланаётган бўлса, уни кўриш анча мушкул экан. Шунингдек, бу музейда Мирза Бобур ва Хумоюн Мирзонинг тасвири туширилган, нафис миниатюраси ҳам сақланади. Бу ноёб сурат Ҳиндистонда чизилган бўлиши керак.
Умуман олганда, Лондон шаҳрига қилинган илмий сафаримиз ғоятда унумли бўлди. Ушбу сафар мобайнида халқимизнинг фахрига фахр қўшадиган воқеалар содир бўлдики, бу бир умрга одамнинг ёдидан чиқмайди.
Тарихчи олим Амриддин Бердимуродовнинг ушбу китобини ўқиб чиқар эканман, юртимиздан олиб кетилган буюмларни олиб кетган одамлардан бироз ғашим келсада, аммо биз ўзбекларни қадимги маданиятимизга тегишли асори-атиқаларни кўз-қорачиғидай авайлаб-асраб келаётганлигидан Европа    халқларига миннатдорлик ҳиссини туйиб раҳматлар айтдим.
Равшан НОРҚУЛОВ,
Халқ таълими фахрийси.
Мавзуга оид: