Бизни ўйлантираётган муаммолар ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА КЛАСТЕР КЕРАКМИ?

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда фермерларнинг кластерлар билан тортишувлари кўп кузатилаяпти. Ўтган йиллар давомида Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида фаолият кўрсатувчи бир гуруҳ фермерлар кластер билан ўзаро тортишувга бориб то Вазирлар Маҳкамасигача борганликларидан кўпчиликнинг хабари бор. Шундай савол туғилади. Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида аниқроғи пахта-ғалла, боғдорчилик, сабзавотчилик билан шуғулланувчи фермерларга кластернинг нима кераги бор? Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларида фаолиятини бошлаган фермер хўжаликларида пахта ва ғалладан ва бошқа маҳсулотлардан юқори ҳосил етиштирилаётган эди-ку. Ўша пайтда ҳам мустақил бўлган фермер хўжаликлари ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб давлат томонидан берилган режаларни ошириб бажариб аъзоларига ҳам етарли даражада меҳнат қилганликлари учун ҳақларини ўз вақтида беришарди. ҳатто ҳар бир оилага 5-10 гектар ер ажратилганлиги учун ишсиз аҳолининг ўзи йўқ эди. Оилавий пудрат асосида иш юритилганлиги туфайли ҳосилдорлик йил сайин ошиб ишсиз деган нарсанинг ўзи бўлмаганлигини катта авлод вакиллари яхши билишади. Мисолни узоқдан излашнинг ҳожати йўқ. Раҳматли отам колхозда 50 йил меҳнат қилган эди. Ёшлигимизда 4 гектар ерни оилавий пудрат қилиб олиб меҳнат қилганмиз. Бу ўтган асрнинг етмишинчи йилларига тўғри келади. Очиғини айтганда натижа яхши бўлган. Пахтадан қарийб 40 центнердан ҳосил йиғиштириб олганмиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша бўлган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак йил якунида янги енгил машинага етадиган маблағ олганмиз. Шуни ўзидан кўриниб турибдики, оилавий пудрат асосида меҳнат қилинса бу ўзини оқлайди. 
Негадир кейинги пайтларда қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар назаримизда ўзининг кўзланган натижасини бермаяпти. Сабаби фермер хўжаликларининг йириклаштирилиши туфайли кўп аҳоли ишсиз қолди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Юз гектар майдон ўн кишига деҳқон хўжалик қилиб берилган бўлса кейинги пайтларда ҳар бир фермерга камида юз гектар ер ажратилаяпти. Фермер эса фақат оила аъзоларини ишлатаяпти, холос. Энг ачинарлиси айрим жойларда 400 гектар майдонда деҳқончилик қилаётган фермерлар ҳам борлигини кузатаяпмиз. Бир пайтлар битта қишлоқ битта ёки икккита бригадага ажратилиб одамларга иш бериларди. Эндиликда эса битта қишлоқни битта фермер ерларни эгаллаб олган. Қолган аҳоли эса ишсиз ўтирибди. Бунинг учун нима қилиш керак деган савол ўз-ўзидан пайдо бўлади? Бизнинг назаримизда йириклаштирилган фермер хўжаликларини қисқартириб ҳар бир оилага эҳтиёжига қараб 5-10 гектардан ер ажратилиши лозим.  Бу усул ўзини оқлашини биз мақоламиз бошида айтиб ўтдик. Агар мана шу усулга ўтилса қишлоқларда ишсиз одамнинг ўзи қолмайди. Бу ҳақда кўп йиллардан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган Оқдарё туманидаги Чайкал қишлоғида яшовчи фермер Назар Абдураҳмонов шундай дейди: 
- Кўп йиллар давомида колхозда механизаторлик қилганман. ўўза қатор ораларига ишлов бериб катта тажриба орттирганман. Пахта йиғим-терими даврида эса агрегат билан ҳосилни йиғиштириб олишда иштирок этганман. Шу йиллар давомида Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг агрономия факультетида ўқиб, олий маълумотли олим агроном дипломига эга бўлдим. Қишлоқ хўжалигида етарли тажрибага эгаман. Бироқ кейинги пайтларда фермер хўжаликларининг йириклаштирилиши ва кластерга қўшиб юборилиши ўзини оқламайди деган фикрдаман. Буни ижтимоий тармоқларда ҳам гувоҳи бўляпмиз. Яқинда Тошкент вилоятининг қайсидир бир туманида кластер фермерларнинг ўтган йилги меҳнат ҳақларини бермаётганликлари ҳақидаги видео лавҳани кўрдим. Бундай мисолларни бошқа вилоятларда ҳам гувоҳи бўлиш мумкин. Илгарилари фермерлар тўғридан-тўғри давлат ташкилотлари билан аниқроғи қишлоқ хўжалиги бошқармаси ёки ваколатли ташкилотлар билан маҳсулот етиштириш бўйича шартнома қилишарди. Фермерга етказиб бериладиган минерал ўғит, ёқилғи материаллари давлат нархида бериларди. Бироқ қишлоқ хўжалигида кластерлар пайдо бўлгач аҳвол батамом ўзгарди.  Кластерлар минерал ўғит, ёнилғи материалларини ўз нархидан бир неча баробар қиммат нархда фермерга берадиган бўлишди. Ахир кластер деган даллолнинг фермерга нима кераги бор? Фермерлар худди илгариларидек ваколатли ташкилотлар билан маҳсулотни етиштириш бўйича шартнома қилишса бўлмайдими?
Бизнингча ҳам фермер Назар Абдураҳмоновнинг гапларида жон бор. Фермерлар тўғридан-тўғри қишлоқ хўжалиги бошқармалари билан шартнома тузишса бўлмайдими? Бизнингча қишлоқ хўжалигида айниқса пахта ва ғалла билан шуғулланувчи фермерларга кластернинг умуман кераги йўқ. Бу бизнинг шахсий фикримиз албатта. Бу масалани мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалигини назорат қилаётган тегишли ташкилотлар жиддий кўриб чиқишларини истардик. 
Яна бир муҳим масала ҳақида тўхталмасак бўлмайди. Юртимиз тупроғи олтинга тенг. Унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишимиз ниҳоятда зарур. Афсуски кейинги пайтларда картошкани Россиядан, Покистондан гўштни эса қўшни Қозоғистондан ва бошқа мамлакатлардан олиб келинаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Наҳотки бу маҳсулотларни ўзимизда етиштиришнинг имкони бўлмаса. Бир пайтлар ҳамма маҳсулотлар ўзимизда етиштириларди-ку. Бизда ҳозир ҳам амалдагидан кўра қоғозда кўп иш бажарилаётганга ўхшайди. Агар мавжуд бўлган фермер хўжаликларига етарли шароит яратиб берилса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва гўшт бемалол ўзимизда етиштирилади. Бунга ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Бунинг учун фақат фермерларга имконият ва шароит яратиб берилса бас. Бундан ташқари уларнинг фаолияти устидан назорат ҳам ўрнатиш талаб этилади. Бошқа мамлакатлар бунинг устидан чиқишаяпти-ку. Масалан, Голландия мамлакати кичик бўлсада қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллайди. Шундай экан, мана шундай давлатлар тажрибасидан фойдаланса бўлмасмикин? Юқорида айтганимиздек, тупроғи олтинга тенг бўлган юртимиздаги имкониятлардан фойдаланмасдан туриб ҳориждан ҳар хил қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олиб келиш уят эмасми?
Хуллас, бир сўз билан айтганда қишлоқ хўжалигида самара берадиган иқтисодий ислоҳотларни амалга оширадиган пайт етиб келди. Бунинг учун юқоридаги масъулларимиз бу ҳақда чуқур ўйлаб кўришлари ва фидойи инсонлар билан биз кўтарган масалани бажариш ҳақида ҳаракат қилишларини истардик. Зеро, буни бутун халқимиз ва жамиятимиз истамоқда. Буни унутишга ҳаққимиз йўқ. 

Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси.

Мавзуга оид: