Туман ҳокими Шерзод Қудратовнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан байрам табриги

Азиз тумандошлар! Бу йилги байрам тантаналари юртимизда  "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган шиор остида нишонланмоқда. Дунёда мамлакатлар кўп, лекин Сизу биз учун ягона ва азиз - жонажон  Ўзбекистон танҳодир. Она диёримиз дунё илму фанига муносиб ҳисса қўшган не-не олиму фозилларга бешик бўлмаган дейсиз. Ҳазрати Алишер Навоий, Ибн Сино, Бобур, Улуғбекдек шоиру тиб ва коинот илмининг олимлари, соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Спитамен сингари мард, жасур саркардаларнинг авлоди эканлигимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Мамлакатимизда миллатлараро дўстликни янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти барпо этиш, аҳоли турмушини яхшилаш, одамлар розилигига эришиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳисобидан қўлга киритган ютуқ ва юксак марраларимизнинг халқаро майдонда эътироф этилаётганини, Ватанимиз салоҳияти, моддий, иқтисодий ҳамда интеллектуал куч-қудратимиз тобора ошиб, шаҳару қишлоқларимизнинг қиёфаси ўзгариб бораётганини ҳеч ким инкор этолмайди. Биргина туманимиз мисолида айтадиган бўлсак, ўтган бир йил давомида барча соҳаларда улкан муваффақиятларга эришилди.
Шу кеча кундузда туманимиз қишлоқ ва маҳаллаларида ободонлаштириш, одамларимизнинг яхши яшашлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида ҳам бир мунча ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, қишлоқларда йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Туманда 57-ихтисослаштирилган мактаб очилиб, 30-умумтаълим мактаби тўлиқ реконструкция қилиниб, янги ўқув йилида тўлиқ ишга туширилади. Мактабгача таълим ташкилотлари сони 190 тага етди ва тарбияланаётган болалар қамрови 82 фоиздан ошиб кетди. 
Қадрли оқдарёликлар! Бугун мамлакатимиз ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеа - Ўзбекистонимиз мустақилликка эришган куннинг ўттиз бир йиллигини нишонламоқдамиз. Барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам бўлмиш Мустақиллик куни билан Сиз азизларни чин қалбимдан табриклайман. 
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! 
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!